Шоҳлар тўртинчи китоб 15:1–38

  • Яҳудо шоҳи Озариё (1–7)

  • Исроилнинг сўнгги шоҳлари: Закариё (8–12), Шаллум (13–16), Манахим (17–22), Пакахиё (23–26), Пеках (27–31)

  • Яҳудо шоҳи Йўтом (32–38)

15  Исроил шоҳи Ёрубом* ҳукмронлигининг 27- йили, Яҳудо шоҳи Эмозиё+ ўғли Озариё*+ шоҳ бўлди+.  У тахтга ўтирганида 16 ёшда эди ва Қуддусда 52 йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Ёхолиё бўлиб, қуддуслик эди.  Озариё отаси Эмозиё каби, Яҳованинг назарида тўғри ишлар қилиб яшади+.  Бироқ тепаликлар йўқ қилинмади+ ва халқ ўша тепаликларда қурбонликлар келтириб, уларни куйдириб тутатарди+.  Яҳова шоҳни мохов касалига дучор қилди+ ва у умрининг охиригача соғаймади. У алоҳида бир уйда яшади+. Бу пайтда эса унинг ўғли Йўтом+ саройдаги ишларни бошқариб, халққа ҳакамлик қилди+.  Озариёнинг+ ҳаёти ва барча қилган ишлари ҳақида Яҳудо шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган.  Озариё вафот этиб, ота-боболарига қўшилди+ ва у Довуд шаҳрида, ота-боболари ёнига дафн этилди. Ўрнига ўғли Йўтом шоҳ бўлди.  Яҳудо шоҳи Озариё+ ҳукмронлигининг 38- йили, Ёрубом ўғли Закариё+ Самарияда Исроил устидан шоҳ бўлди ва олти ой ҳукмронлик қилди.  У ота-боболари каби Яҳованинг назарида ёмон ишлар қилиб, Исроил халқини гуноҳга ботирган Набат ўғли Ёрубомнинг гуноҳларидан қайтмади+. 10  Сўнгра Ёбошнинг ўғли Шаллум унга қарши фитна уюштирди ва уни Йиблаёмда+ ўлдириб+, ўрнига ўзи тахтга ўтирди. 11  Закариёнинг ҳаёти Исроил шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 12  Яҳованинг Ёҳуга: «Сендан кейинги тўртта авлодинг+ Исроил тахтида ўтиради»+,— деб айтган сўзи амалга ошди. Ҳаммаси айтилганидай бажо бўлди. 13  Ёбош ўғли Шаллум, Яҳудо шоҳи Уззиё+ ҳукмронлигининг 39- йили шоҳ бўлди ва Самарияда бир ой ҳукмронлик қилди. 14  Кейин Гади ўғли Манахим Тирзадан+ Самарияга келиб, Ёбош ўғли Шаллумни+ ўлдирди ва ўрнига ўзи тахтга ўтирди. 15  Шаллумнинг ҳаёти ва уюштирган фитнаси ҳақида Исроил шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 16  Манахим Тирзадан келиб, Тифсахни ва ўша ҳудуддаги барчани йўқ қилди. Чунки унга шаҳар дарвозаларини очишмади. Манахим у ерни яксон қилиб, ҳомиладор аёлларнинг қоринларини ёриб ташлади. 17  Яҳудо шоҳи Озариё ҳукмронлигининг 39- йили, Гади ўғли Манахим Исроил устидан шоҳ бўлди ва Самарияда ўн йил ҳукмронлик қилди. 18  У Яҳованинг назарида ёмон ишлар қилишда давом этиб, Исроил халқини гуноҳга ботирган Набат ўғли Ёрубомнинг гуноҳларидан бутун умр қайтмади+. 19  Оссурия шоҳи Пулу+ Исроил юртига бостириб келди. Манахим ўз шоҳлигини мустаҳкамлаш ниятида Пулуга 1 000 талант* кумуш берди+. 20  Манахим бу кумушни Исроилнинг обрўли ва бой-бадавлат кишиларидан йиғиб олди+. У ҳар биридан 50 кумуш шекелдан* йиғиб, Оссурия шоҳига берди. Кейин Оссурия шоҳи юртни тарк этиб, ортига қайтиб кетди. 21  Манахимнинг+ ҳаёти ва барча қилган ишлари ҳақида Исроил шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 22  Манахим вафот этиб, ота-боболарига қўшилди. Ўрнига ўғли Пакахиё шоҳ бўлди. 23  Яҳудо шоҳи Озариё ҳукмронлигининг 50- йили, Манахим ўғли Пакахиё Самарияда Исроил устидан шоҳ бўлди ва икки йил ҳукмронлик қилди. 24  У Яҳованинг назарида ёмон ишлар қилишда давом этиб, Исроил халқини гуноҳга ботирган Набат ўғли Ёрубомнинг гуноҳларидан қайтмади+. 25  Унинг ёрдамчиси бўлмиш Рамалиёнинг ўғли Пеках+ унга қарши фитна уюштириб, Аргоб ва Орей билан биргаликда уни Самариядаги шоҳ саройи минорасида ўлдирди. У билан гиладлик 50 та киши бор эди. Пакахиёни ўлдиргач, ўрнига ўзи шоҳ бўлди. 26  Пакахиёнинг ҳаёти ва барча қилган ишлари ҳақида Исроил шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 27  Яҳудо шоҳи Озариё ҳукмронлигининг 52- йили, Рамалиё ўғли Пеках+ Самарияда Исроил устидан шоҳ бўлиб, 20 йил ҳукмронлик қилди. 28  У Яҳованинг назарида ёмон ишлар қилишда давом этиб, Исроил халқини гуноҳга ботирган Набат ўғли Ёрубомнинг гуноҳларидан қайтмади+. 29  Исроил шоҳи Пекахнинг даврида Оссурия шоҳи Тиглатпаласар+ бостириб келди. У Ийхон, Овил-Байт-Махо+, Ёнох, Кедеш+, Хазор, Гилад+ ва Жалилани, яъни бутун Нафтали+ юртини босиб олди. Аҳолисини эса Оссурияга сургун қилди+. 30  Элох ўғли Ҳўшея+ Рамалиё ўғли Пекахга қарши фитна уюштириб, уни ўлдирди-да, ўрнига ўзи шоҳ бўлди. Бу, Уззиё ўғли Йўтом+ ҳукмронлигининг 20- йили содир бўлди. 31  Пекахнинг ҳаёти ва барча қилган ишлари ҳақида Исроил шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 32  Исроил шоҳи Рамалиё ўғли Пеках ҳукмронлигининг иккинчи йили, Яҳудо шоҳи Уззиё+ ўғли Йўтом+ шоҳ бўлди. 33  У шоҳ бўлганида 25 ёшда эди ва Қуддусда 16 йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Еруша бўлиб, Зодўхнинг қизи эди+. 34  У отаси Уззиё каби Яҳованинг назарида тўғри ишлар қилишда давом этди+. 35  Бироқ тепаликлар йўқ қилинмади ва халқ ўша тепаликларда қурбонликлар келтириб, уларни куйдириб тутатарди+. Йўтом Тангри Яҳова уйининг юқори дарвозасини қурди+. 36  Йўтомнинг ҳаёти ва қилган ишлари ҳақида Яҳудо шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 37  Ўша кунларда, Яҳова Сурия шоҳи Ратанни ва Рамалиё ўғли Пекахни+ Яҳудога қарши жўната бошлади+. 38  Йўтом оламдан ўтиб, ота-боболарига қўшилди ва Довуд шаҳрида, ота-боболари ёнига дафн этилди. Ўрнига ўғли Охоз шоҳ бўлди.

Изоҳлар

Яъни Ёрубом II.
Маъноси «Яҳова ёрдам берди». 1Шҳ 15:13; 2Сл 26:1–23; Иша 6:1 ва Зк 14:5 да Уззиё деб номланган.
Бир талант=34,2 кг. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Бир шекел=11,4 г. Илованинг Б14 мавзусига қ.