Шоҳлар тўртинчи китоб 17:1–41
17 Яҳудо шоҳи Охоз ҳукмронлигининг 12- йили, Элох ўғли Ҳўшея+ Исроил устидан Самарияда шоҳ бўлди ва тўққиз йил ҳукмронлик қилди.
2 У Яҳованинг назарида ёмон ишлар қилиб яшади, бироқ унинг ишлари ўзидан олдинги Исроил шоҳлариникидай ёвуз эмас эди.
3 Оссурия шоҳи Салманасар унга қарши жангга чиқди+ ва Ҳўшея унинг хизматкорига айланиб, ўлпон тўлай бошлади+.
4 Аммо Оссурия шоҳи, Ҳўшея унга қарши уюштирилган фитнага алоқадор эканини билиб қолди. Чунки Ҳўшея Миср+ шоҳи Сўвахга хабарчилар юборганди ва Оссурия шоҳига илгаригидай ўлпон тўламай қўйганди. Шу боис, Оссурия шоҳи уни кишанлаб, зиндонга ташлади.
5 Оссурия шоҳи бутун юртга бостириб кириб, Самарияни уч йил давомида қамал қилди.
6 Ҳўшея ҳукмронлигининг тўққизинчи йили Оссурия шоҳи Самарияни+ забт этди. Кейин Исроил халқини Оссурияга кўчириб+, уларни Халахга, Гозан дарёси+ бўйидаги Хаворга ва мидияликлар шаҳарларига жойлаштирди+.
7 Буларнинг бари, Исроил халқи уларни Миср фиръавни қўлидан қутқариб, Мисрдан олиб чиққан Тангриси Яҳовага+ қарши гуноҳ қилганлари учун содир бўлди. Улар бошқа худоларга сажда қилиб+,
8 Яҳова исроилликлар олдидан ҳайдаб чиқарган халқларга ва Исроил шоҳлари ўрнатган урф-одатларга эргашишди.
9 Исроилликлар Худоси Яҳовага маъқул келмайдиган ишлар пайида бўлишди. Улар барча шаҳарларда, қўриқчи минораси бор ерлардан тортиб, то мустаҳкам шаҳарларгача* тепаликлар барпо этишди+.
10 Улар ҳар бир тепаликда ва сершох дарахт тагида+ муқаддас устунлар* ҳамда муқаддас тошлар*+ ўрнатишди.
11 Яҳова уларнинг олдидан қувиб чиқарган халқлар сингари барча тепаликларда қурбонлик куйдириб тутатишди+. Улар ёвуз ишлар қилишда давом этиб, Яҳовани ранжитишди.
12 Яҳова Ўз халқига: «Уларга сажда қилманглар!»+ — деб айтганига қарамай, улар жирканч бутларга* сажда қилишни давом эттиришди+.
13 Яҳова Исроил ва Яҳудони огоҳлантириб, барча пайғамбарлари ҳамда ваҳий кўрувчилар орқали+ уларга: «Ёвуз йўлингиздан қайтинглар!+ Мен ота-боболарингизга пайғамбарларим орқали берган қонунимда ёзилган амрларим ва қоидаларимга риоя қилинглар»,— деб айтган эди.
14 Аммо улар қулоқ солмай, Тангриси Яҳовага ишонмаган ота-боболари каби ўжарлигича қолишди+.
15 Унинг қоидаларига, ота-боболари билан қилган аҳдига+ ва огоҳлантириш учун берган эслатмаларига риоя қилишдан бош тортишди+. Яҳова уларга тақлид қилмасликни буюрган атрофдаги халқларга эргашиб+, бефойда бутларга сиғинишди+ ва ўзлари ҳам яроқсиз бўлиб қолишди+.
16 Улар Тангри Яҳованинг амрларидан юз ўгириб, иккита қуйма бузоқ+ ва муқаддас устун+ ясашди. Шунингдек, самовий жисмларга сажда қилиб+, Баалга сиғинишди+.
17 Улар ўғил-қизларини оловда куйдиришар*+, фолбинлик билан шуғулланишар+, белгиларга қараб фол очишар ва Яҳованинг назарида ёмон ишларга берилиб, Уни ранжитишарди.
18 Шу боис, Яҳова Исроил халқидан қаттиқ ғазабланиб, кўз олдидан уларни бадарға қилди+. У Яҳудо қабиласидан ташқари ҳеч кимни қолдирмади.
19 Ҳатто Яҳудо халқи ҳам Худоси Яҳованинг амрларига риоя этмай+, Исроил халқининг урф-одатларига эргашди+.
20 Яҳова бутун Исроил авлодларини рад этиб, уларни камситди ва Ўз ҳузуридан йўқ қилмагунча, босқинчилар қўлига топширди.
21 У Исроилни Довуд хонадонидан ажратиб олди. Исроилликлар Набат ўғли Ёрубомни тахтга ўтқазишди+. Аммо у Исроилни Яҳованинг йўлидан оғдириб, оғир гуноҳга ботирди.
22 Исроил халқи Ёрубомнинг гуноҳли йўлидан юриб, унинг гуноҳларидан қайтмади+.
23 Шунда Яҳова Ўз пайғамбарлари орқали айтганидай, Исроилни кўз олдидан бадарға қилди+. Шу боис, Исроил ўз юртидан Оссурияга сургун қилинди+ ва бугунгача ўша ерда яшаб келмоқда.
24 Кейин Оссурия шоҳи Бобил, Хут, Авва, Хомат ва Сефарвайим+ шаҳарларидан одамлар олиб келиб, исроилликлар ўрнига уларни Самария шаҳарларига жойлаштирди. Улар Самарияга эгалик қилиб, шаҳарларида яшайдиган бўлишди.
25 Улар у ерга энди жойлашган пайтда, Яҳовадан қўрқишмас эди*. Шу боис, Яҳова уларнинг олдига шерларни юборди+ ва улар аҳолининг бир қанчасини тилка-пора қилиб ташлади.
26 Оссурия шоҳига: «Сиз сургун қилиб, Самария шаҳарларига жойлаштирган халқлар бу юрт Худосига қандай топиниш кераклигини билишмайди. Шу сабабли, У шерлар юборяпти ва улар аҳолини тилка-пора қиляпти. Чунки уларнинг ҳеч бири бу юрт Худосига қандай топиниш кераклигини билмайди»,— деб хабар беришди.
27 Оссурия шоҳи: «Ўша ердан сургун қилинган руҳонийлардан бирини юртига қайтаринглар. У келиб, бу юрт Худосига қандай топиниш кераклигини халққа ўргатсин»,— деб буйруқ берди.
28 Шу тариқа, Самариядан сургун қилинган руҳонийлардан бири Байтилга+ қайтиб келди ва уларни Яҳовадан қўрқишга ўргата бошлади+.
29 Бироқ ҳар бир халқ ўз худоларини ясаб, уларни самарияликлар тепаликларда бунёд этган ибодатхоналарга қўйишди. Ҳар бир халқ яшаётган шаҳрида шундай қилди.
30 Бобилликлар Сухўтванўтнинг, хутликлар Наргалнинг, хоматликлар+ Ошиманинг,
31 авваликлар Нивхаз билан Тартоқнинг тасвирларини ясашди. Сефарвайимликлар+ ўз ўғилларини Сефарвайим худолари Одраммалек билан Анаммалекка атаб оловда куйдиришди.
32 Гарчи улар Яҳовадан қўрқишса-да, ўз халқи ичидан тепаликларда хизмат қиладиган руҳонийлар тайинлашди. Бу руҳонийлар тепаликлардаги ибодатхоналарда уларга хизмат қиладиган бўлишди+.
33 Улар Яҳовадан қўрқишарди, лекин сургун қилинишдан олдин яшаган юртдаги халқларнинг урф-одатлари бўйича ўз худоларига сиғинишарди+.
34 Бугунга қадар улар ўз худоларига сиғиниб келишяпти. Улардан ҳеч бири Яҳовага топинмади ва Яҳованинг Исроил деб атаган+ Ёқуб ўғилларига берган қоидалари, ҳукмлари, Қонуни ва амрларига риоя этмади.
35 Яҳова Исроил билан аҳд қилиб+, уларга қуйидагиларни буюрган эди: «Ўзга худоларга сиғинманглар, уларга сажда ҳам, хизмат ҳам қилманглар, уларга атаб қурбонлик ҳам келтирманглар+.
36 Сизларни буюк қудрати ва кучли қўли билан+ Миср юртидан олиб чиққан ёлғиз Яҳовага топининглар, Унга сажда қилиб+, қурбонлик келтиринглар.
37 У сизларга ёзиб берган қоидаларга, ҳукмларга+, Қонуни билан амрларига сидқидилдан риоя қилинглар ва бошқа худоларга сиғинманглар.
38 Сизлар билан қилган аҳдимни унутманглар+, бошқа худоларга сажда қилманглар.
39 Ёлғиз Худойингиз Яҳовага топининглар. Зеро, барча душманларингиз қўлидан қутқарадиган Удир».
40 Аммо улар қулоқ солмай, ўз худоларига сиғинишди+.
41 Ўша халқлар Яҳовадан қўрқишарди+, шу билан бирга, ўзларининг ўйма бутларига хизмат қилишарди. Уларнинг ўғиллари ҳам, неваралари ҳам бугунги кунга қадар ота-боболаридай йўл тутиб келишяпти.
Изоҳлар
^ Яъни ҳар ерда, аҳолиси зич ва сийрак бўлган ерларда.
^ Ибронийча бу атама эҳтимол, «гўнг» сўзига яқин бўлиб, ҳазар қилишни ифодалаш мақсадида қўлланилади.
^ Сўзма-сўз «оловдан ўтказишар».
^ Ёки «топинишмас эди».