Шоҳлар тўртинчи китоб 2:1–25
2 Яҳова Илёсни+ қуюн ичида осмонга олиб кетиш+ вақти яқинлашганда, Илёс билан Элишай+ Гилгалдан+ чиқиб келишаётган эди.
2 Илёс Элишайга: «Илтимос, шу ерда қол. Чунки Яҳова мени Байтилга юборяпти»,— деди. Лекин у: «Барҳаёт Худо Яҳова ва сиз ҳаққи қасам ичиб айтаманки, сизни ташлаб кетмайман»,— деб жавоб берди. Сўнг иккови Байтилга+ йўл олди.
3 Байтилдаги пайғамбарлар ўғиллари* Элишайнинг ёнига келиб: «Яҳова бугун хўжайинингизни олиб кетишини биласизми?» — деб сўрашди+. У эса: «Ҳа, биламан. Бу ҳақда гапирманглар»,— деб жавоб берди.
4 Кейин Илёс Элишайга: «Илтимос, шу ерда қол. Чунки Яҳова мени Ерихога+ юборяпти»,— деди. Лекин у: «Барҳаёт Худо Яҳова ва сиз ҳаққи қасам ичиб айтаманки, сизни ташлаб кетмайман»,— деб жавоб берди. Сўнг иккови Ерихога йўл олди.
5 Ериходаги пайғамбарлар ўғиллари Элишайнинг ёнига келиб: «Яҳова бугун хўжайинингизни олиб кетишини биласизми?» — деб сўрашди. У эса: «Ҳа, биламан. Бу ҳақда гапирманглар»,— дея жавоб қайтарди.
6 Илёс Элишайга: «Илтимос, шу ерда қол. Чунки Яҳова мени Иорданга юборяпти»,— деди. Лекин у: «Барҳаёт Худо Яҳова ва сиз ҳаққи қасам ичиб айтаманки, сизни ташлаб кетмайман»,— деб жавоб берди. Сўнг иккови Иорданга кетди.
7 Пайғамбарлар ўғилларидан ҳам 50 таси бориб, Илёс билан Элишай Иордан бўйида туришганини узоқдан кузатишди.
8 Илёс камзулини+ ечиб ўради-да, сувга урди ва сув икки томонга бўлинди. Кейин иккови қуруқ ердан нариги бетга ўтди+.
9 Ўтишлари биланоқ, Илёс Элишайга: «Худо мени олиб кетмасидан тила тилагингни»,— деди. Элишай: «Ўтинаман, сиздаги руҳдан*+ менга икки ҳисса+ берилсин!» — дея илтимос қилди.
10 Илёс унга: «Мушкул нарсани сўраяпсан. Мен олиб кетилаётганимни кўрсанг, тилагинг бажо бўлади. Борди-ю, кўрмасанг бажо бўлмайди»,— деб жавоб берди.
11 Йўл бўйлаб иккови гаплашиб кетаётганда, дабдурустдан оташли арава билан оташли отлар пайдо бўлиб+, уларни бир-биридан айирди ва Илёс қуюн ичида осмонга олиб кетилди+.
12 Буни кузатиб турган Элишай: «Отажон, отажон! Бу, Исроил араваси билан отлиқлар-ку!»+ — дея ҳайқирди. Илёс кўздан ғойиб бўлганида, Элишай камзулини ечиб, ўртасидан йиртиб ташлади+.
13 Сўнгра Илёснинг эгнидан тушган камзулини+ олиб, ортга қайтди ва Иордан соҳилига келиб турди.
14 Элишай Илёснинг камзулини сувга урди-да: «Илёснинг Худоси Яҳова, қаердасан?» — деб бақирди. Сувга урганида, сув икки томонга бўлинди ва Элишай қуруқ ердан нариги бетга ўтди+.
15 Уни узоқдан кузатиб турган Ериходаги пайғамбарлар ўғиллари: «Илёсдаги руҳ Элишайга берилди»+,— дея унга пешвоз чиқишди-да, мук тушиб таъзим қилишди.
16 Улар Элишайга: «Мана, хизматкорларингиз орасида 50 та довюрак одам бор. Улар бориб хўжайинингизни қидириб келишига ижозат беринг. Эҳтимол Яҳованинг руҳи уни кўтариб, тоғларнинг ёки водийларнинг бирига ташлаб кетгандир»+,— дейишди. Бироқ у: «Йўқ, боришмасин!» — деди.
17 Лекин улар уни ҳоли-жонига қўйишмади ва у хижолат бўлиб: «Майли, бора қолишсин»,— деб айтди. Шунда улар 50 та одамни юборишди. Улар Илёсни уч кун қидиришди, аммо ҳеч қаердан топа олишмади.
18 Улар Элишайнинг олдига қайтишганида, у Ерихода+ эди. Элишай уларга: «Борманглар, демаганмидим?!» — деди.
19 Вақт ўтиб, шаҳар аҳолиси Элишайга: «Хўжайинимиз кўриб турганидай, шаҳар яхши жойда жойлашган+, аммо суви ёмон, ери ҳам ҳосил бермайди*»,— деди.
20 Элишай уларга: «Менга кичкина янги коса олиб келиб, ичига туз солинглар»,— деб айтди. Улар айтилгандай қилишди.
21 Элишай булоқ ёнига бориб, ичига туз сепди-да+: «Яҳова шундай демоқда: “Мен бу сувни тоза қилдим. Энди у ўлимга ва бепуштликка* сабабчи бўлмайди”,— деди».
22 Элишайнинг сўзига биноан сув тоза бўлди ва бугунги кунга қадар шундайлигича турибди.
23 Элишай Байтилга қараб кетди. Йўлда кетаётганда, шаҳардан ўғил болалар чиқиб: «Эй кал, йўқол бу ердан! Йўқол бу ердан, кал!» — дея уни масхара қила бошлашди+.
24 Охири у орқасига ўгирилиб уларга қаради-да, Яҳованинг исми ила уларни лаънатлади. Шунда ўрмондан иккита айиқ+ чиқиб, 42 та болани ғажиб ташлади+.
25 Элишай бўлса Кармил тоғига+ бориб, у ердан Самарияга қайтди.
Изоҳлар
^ «Пайғамбарлар ўғиллари» ибораси, пайғамбарлар таълим оладиган мактаб ёки пайғамбарлар гуруҳини англатиши мумкин.
^ Руҳ, Худонинг муқаддас руҳини ёки Илёснинг мавқеини англатиши мумкин.
^ Бошқа вариант «аёлларнинг боласи тушишига сабабчи бўляпти».
^ Бошқа вариант «бола тушишига».