Шоҳлар тўртинчи китоб 20:1–21

  • Ҳизқиё касал бўлади ва соғаяди (1–11)

  • Бобилдан келган хабарчилар (12–19)

  • Ҳизқиёнинг ўлими (20, 21)

20  Ўша вақтда Ҳизқиё касал бўлиб, ўлим тўшагида ётиб қолди+. Омиз ўғли Ишаё пайғамбар унинг олдига келиб: «Яҳова шундай демоқда: “Хонадон аҳлингга васият қил, чунки соғаймай, ҳаётдан кўз юмасан”»,— деди+. 2  Буни эшитган шоҳ юзини деворга буриб, Яҳовага ибодат қила бошлади. 3  У: «Эй Яҳова, ўтинаман, Сенга садоқатли бўлиб, йўлларингдан бутун қалбим билан юрганимни, назарингда тўғри ишлар қилганимни ёдга ол»+,— деди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди. 4  Ишаё шоҳ саройи ҳовлисининг ўртасига етиб бормасидан, Яҳова унга шундай деди+: 5  «Ортингга қайтиб, халқимнинг йўлбошчиси Ҳизқиёга: “Бобонг Довуднинг Тангриси Яҳова шундай демоқда: “Сенинг ибодатингни эшитдим. Кўз ёшларингни кўрдим+. Сенга шифо бераман+. Уч кундан сўнг Яҳованинг уйига борасан+. 6  Умрингни яна 15 йилга узайтираман. Сени ва мана шу шаҳарни Оссурия шоҳининг исканжасидан халос этаман+. Бу шаҳарни Ўз исмим ва хизматкорим Довуд ҳаққи ҳимоялайман”+,— деб айт». 7  Кейин Ишаё шоҳнинг хизматкорларига: «Анжир кулча келтиринглар»,— деди. Улар уни олиб келиб, шоҳнинг ярасига қўйишди ва у соғая бошлади+. 8  Ҳизқиё Ишаёдан: «Яҳова мени соғайтириши ва уч кундан сўнг Яҳованинг уйига боришим қайси белгидан+ кўринади?» — деб сўради. 9  Ишаё ундан: «Яҳова сўзининг уддасидан чиқишини кўрсатадиган Яҳованинг белгиси шундай бўлади: зинапояга* тушиб турган соя ўн қадам олдинга силжисинми ёки орқагами?»+ — деб сўради. 10  Ҳизқиё жавобан: «Соя ўн қадам олдинга силжиши осон. Шундай экан, соя ўн қадам орқага силжисин»,— деди. 11  Ишаё пайғамбар Яҳовага мурожаат қилди ва У Охознинг зинапоясига тушиб турган сояни ўн қадам орқага силжитди+. 12  Ўша пайтда Бобил шоҳи Баладон ўғли Беродах-Баладон Ҳизқиёнинг касал бўлганини эшитиб, унга хатлар билан совға-саломлар юборди+. 13  Ҳизқиё келган кишиларни яхши кутиб олиб, уларга бутун хазинасини+ — кумушу олтинини, бальзам ва бошқа қимматбаҳо мойларини, қурол-аслаҳаларини ва хазинасидаги жамики нарсаларни кўрсатди. Ҳизқиё ўз саройи билан салтанатида уларга кўрсатмаган нарсаси қолмади. 14  Бундан сўнг, Ишаё пайғамбар шоҳ Ҳизқиёнинг олдига келиб: «Бу одамлар қаердан келишибди? Улар нима дейишди?» — деб сўради. Ҳизқиё: «Улар олис юртдан, Бобилдан келишибди»+,— деди. 15  Ишаё Ҳизқиёдан: «Улар саройингизда нималарни кўришди?» — деб сўради. Ҳизқиё бўлса: «Саройимдаги ҳамма нарсани кўришди. Хазинамда уларга кўрсатмаган ҳеч нарсам қолмади»,— дея жавоб берди. 16  Ишаё Ҳизқиёга деди: «Энди Яҳованинг сўзини тингланг+: 17  “Яҳова шундай демоқда: “Саройингдаги бор нарса — бугунга қадар ота-боболаринг йиққан-терганининг бари битта қолдирмай Бобилга олиб кетиладиган кунлар келмоқда+. 18  Сендан туғилажак ўғилларингдан айримлари ҳам олиб кетилади+ ва улар Бобил шоҳи саройида мулозим бўлиб хизмат қилишади”+». 19  Шунда Ҳизқиё Ишаёга: «Яҳованинг сиз орқали айтган сўзлари ҳақдир»+,— деди-да, сўнгра: «Менинг давримда тинчлик ва барқарорлик бўлса, унда яхши»,— деб қўшиб қўйди+. 20  Ҳизқиёнинг ҳаёти, эришган ютуқлари, ҳовуз барпо этгани+ ва қувур ясаб, шаҳарга сув ўтказгани+ ҳақида Яҳудо шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 21  Ҳизқиё вафот этиб, ота-боболарига қўшилди+. Ўрнига ўғли Манаше+ шоҳ бўлди+.

Изоҳлар

Ушбу зинапоялар, вақтни аниқлаш учун қуёш соатлари сифатида қўлланилган бўлиши мумкин.