Шоҳлар тўртинчи китоб 6:1–33

  • Элишай болтанинг тиғини сув бетига чиқаради (1–7)

  • Элишай ва сурияликлар қўшини (8–23)

    • Элишайнинг хизматкори кўзлари очилади (16, 17)

    • Яҳова сурияликлар зеҳнини кўр қилади (18, 19)

  • Самарияда очлик ҳукм суради (24–33)

6  Пайғамбарлар ўғиллари*+ Элишайга: «Сиз билан яшаётган жойимиз биз учун торлик қиляпти.  Иорданга боришимизга рухсат этинг. Ўша ердан ҳар биримиз ёғоч олиб, ўзимизга турар жой қурайлик»,— дейишди. Элишай уларга: «Бора қолинглар»,— деб айтди.  Улардан бири: «Илтимос, сиз ҳам хизматчиларингиз билан бирга юринг»,— деб таклиф қилди. Элишай бўлса: «Майли, бораман»,— деди.  Шундай қилиб, Элишай улар билан бирга жўнади. Улар Иорданга етиб келиб, дарахт кеса бошлашди.  Хизматчилардан бири дарахт кесаётганда, болтанинг тиғи сувга тушиб кетди ва у: «Вой, хўжайин! Болтани бировдан сўраб олгандим!» — дея бақирди.  Ҳақ Худонинг одами ундан: «У қаерга тушди?» — деб сўради. Хизматчи ўша жойни унга кўрсатди. Элишай ёғочдан бир бўлак кесиб олиб, ўша ерга улоқтирган эди, болтанинг тиғи сув бетига чиқди.  Элишай хизматчига: «Уни чиқариб ол»,— деди ва у қўлини узатиб, болтанинг тиғини чиқариб олди.  Сурия шоҳи Исроил шоҳига қарши уруш бошлади+ ва хизматчилари билан маслаҳатлашиб, қайси жойларда қароргоҳ қуриш ҳақида келишиб олди.  Ҳақ Худонинг одами+ Исроил шоҳини: «Эҳтиёт бўлинг! Ўша ердан ўтманг, чунки у ерга сурияликлар бостириб келяпти»,— дея огоҳлантирди. 10  Исроил шоҳи ҳақ Худонинг одами огоҳлантирган ерга хабар юборди. Элишай Исроил шоҳини кўп маротаба огоҳлантирди ва шоҳ ўша ердан узоқроқ юрди+. 11  Бундан Сурия шоҳи ғазабланди ва у хизматчиларини йиғиб: «Қани айтинглар-чи, орамиздан ким Исроил шоҳининг тарафида?» — деб сўради. 12  Унинг хизматчиларидан бири: «Ҳеч биримиз, шоҳ ҳазратлари! Бу, Исроилдаги Элишай пайғамбарнинг иши. У ҳатто ётоғингизда айтган гапингизни Исроил шоҳига етказиб туради»+,— дея жавоб берди. 13  Шоҳ бўлса: «Бориб, у қаерда эканини билиб келинглар. Мен одам юбориб, уни қўлга тушираман»,— деди. Кейин шоҳга: «У Дўтанда+ экан»,— дея хабар беришди. 14  Шоҳ дарҳол у ерга катта қўшинни отлару жанг аравалар билан бирга юборди. Улар тунда келиб, шаҳарни қуршаб олишди. 15  Ҳақ Худо одамининг хизматчиси эрта тонгда туриб, ташқарига чиқди. У шаҳарни отлару жанг аравалар билан бирга катта қўшин ўраб олганини кўриши билан: «Войдод, хўжайин! Энди нима қиламиз?» — дея ҳайқирди. 16  Аммо Элишай: «Қўрқма!+ Бизнинг тарафимиздагилар уларникидан кўпроқ»+,— деди. 17  Сўнгра у: «Эй Яҳова, ўтинаман, у кўра олиши учун кўзларини оч»+,— дея ибодат қилди. Яҳова дарҳол хизматчининг кўзларини очди ва у Элишайнинг атрофидаги тоғли ҳудуд оташли жанг аравалару отларга+ тўлиб кетганини кўрди+. 18  Сурияликлар Элишайнинг олдига кела бошлашганда, у Яҳовага: «Ўтинаман, бу халқни кўр қилиб қўй»+,— дея ибодат қилди. Элишай сўраганидай, Аллоҳ уларни кўрликка мубтало қилди. 19  Кейин Элишай уларга: «Сизлар излаган йўл ҳам, шаҳар ҳам бу эмас. Ортимдан эргашинглар, сизлар қидираётган одамнинг олдига бошлаб бораман»,— дея, уларни Самарияга+ эргаштириб кетди. 20  Улар Самарияга етиб келишгач, Элишай: «Эй Яҳова, улар кўра олиши учун кўзларини оч»,— деди. Яҳова уларнинг кўзларини очган эди, улар Самариянинг қоқ ўртасида туришганини кўришди. 21  Исроил шоҳи сурияликларни кўриб, Элишайдан: «Тақсирим, уларни қириб ташлайми? Қириб ташлайми?» — деб сўради. 22  Аммо Элишай: «Йўқ, уларни қирманг. Ахир қиличу камонингиз билан асирликка олган одамларни ўлдирган бўлармидингиз?! Уларга нон билан сув беринг, еб-ичишсин+, сўнг ҳукмдори олдига қайтишсин»,— деди. 23  Шоҳ уларга катта зиёфат берди ва улар еб-ичишгандан сўнг, уларни ҳукмдори олдига жўнатиб юборди. Шундан кейин, Суриянинг+ босқинчилар тўдаси Исроил юртига қадам босмайдиган бўлди. 24  Вақт ўтиб, Сурия шоҳи Банҳадад бутун қўшинини тўплади-да, Самарияга отланиб, уни қамал қилди+. 25  Шунда Самарияда кучли қаҳатчилик бошланди+. Сурияликлар шаҳарни шу қадар узоқ қамал қилишдики, эшакнинг калласи+ 80 шекел кумушга, икки ҳовуч* каптар гўнги 5 шекел кумушга тенг бўлди. 26  Бир куни Исроил шоҳи девор устида кетаётганда, бир аёл: «Ёрдам беринг, эй шоҳ ҳазратлари!» — дея қичқирди. 27  Шоҳ бунга: «Яҳованинг Ўзи сенга ёрдам бермаса, менинг қўлимдан нима ҳам келарди? Мени дон, шароб ёки мой бера олади, деб ўйлаяпсанми?» — деб айтди. 28  Шоҳ ундан: «Нима бўлди ўзи?» — деб сўради. Аёл жавобан деди: «Манави аёл: “Ўғлингни бер, бугун уни ейлик, менинг ўғлимни эса эртага еймиз”+,— деган эди. 29  Биз ўғлимни пишириб едик+. Эртасига: “Ўғлингни бер, уни ейлик”,— десам, у бўлса ўғлини яшириб қўйди». 30  Шоҳ аёлнинг сўзларини эшитиши билан, эгнидаги кийимини йиртди-да+, девор бўйлаб кета бошлади. Шунда халқ, у кийими тагидан жул кийиб олганини кўрди. 31  Кейин шоҳ: «Бугун Шофот ўғли Элишайнинг боши олинмаса, Худо мени не кўйга солса солсин, ундан баттарроғини ҳам қилсин!»+ — деди. 32  Бу пайтда Элишай оқсоқоллар билан бирга уйида ўтирган эди. Шоҳ ўзидан олдин бир хабарчини жўнатди. Аммо у келишидан аввал, Элишай оқсоқолларга: «Бу жаллоднинг ўғли+ менинг бошимни олиш учун одам юборганини биласизларми? Кўз-қулоқ бўлиб, хабарчи келган заҳоти, уни киритмай эшикни ёпиб, итариб туринглар. Унинг ортидан келаётган хўжайинининг қадам товушларини эшитяпсизларми?» — деб айтди. 33  Элишай ҳали гапини тугатмасидан, хабарчи ва унинг кетидан шоҳ келди. Шоҳ: «Бу балони Яҳова юборди. Шундай экан, Яҳовани кутишнинг нима ҳожати бор?!» — деди.

Изоҳлар

«Пайғамбарлар ўғиллари» ибораси, пайғамбарлар таълим оладиган мактаб ёки пайғамбарлар гуруҳини англатиши мумкин.
Ибр. каб. Бир каб=1,22 л. Илованинг Б14 мавзусига қ.