Шоҳлар тўртинчи китоб 8:1–29

  • Шунамлик аёлнинг мулки қайтариб берилади (1–6)

  • Элишай, Банҳадад ва Хазайил (7–15)

  • Яҳудо шоҳи Ёҳурам (16–24)

  • Яҳудо шоҳи Охазиё (25–29)

8  Бир куни Элишай ўзи тирилтирган боланинг онасига+: «Туринг, хонадонингиз билан бирга истаган жойингизга бориб, ўша ерда мусофир бўлиб яшанг. Чунки Яҳова бу юртда етти йил очарчилик бўлишини айтди»+,— деди. 2  Аёл ҳақ Худонинг одами айтганидай қилиб, ўрнидан турди-да, хонадони билан бирга филистимликлар+ юртига бориб, у ерда етти йил яшади. 3  Етти йил ўтгач, аёл филистимликлар юртидан қайтиб келиб, уйи ва даласини шоҳдан сўраш учун унинг ҳузурига борди. 4  Бу пайтда шоҳ, ҳақ Тангри одамининг хизматчиси Гахази билан гаплашиб, ундан: «Элишай амалга оширган барча буюк ишлари+ ҳақида менга айтиб бер»,— деб сўраб турган эди. 5  Гахази шоҳга Элишай ўлган болани қандай тирилтиргани+ тўғрисида сўзлаб бераётганда, ўша боланинг онаси уйи билан даласини сўрагани келди+. Уни кўриб Гахази: «Шоҳ ҳазратлари, Элишай тирилтирган бола шу аёлнинг ўғли»,— деди. 6  Шоҳ аёлдан ўша воқеа ҳақида сўради ва у барини айтиб берди. Кейин шоҳ сарой амалдорларидан бирини чақириб: «Унинг бутун мулкини ва юртни тарк этган кунидан то бугунга қадар даласидан тушган даромаднинг ҳаммасини қайтариб бер»,— дея тайинлади. 7  Сурия шоҳи Банҳадад+ касал бўлганида, Элишай Дамашққа+ келди. Шоҳга: «Бу ерга ҳақ Худонинг одами+ келибди»,— дея хабар беришди. 8  Шоҳ Хазайилга+: «Ўзинг билан совға-салом олиб, ҳақ Тангрининг одамини+ кутиб олгани чиқ. Унга айт, бу касалликдан тузалиш-тузалмаслигимни Яҳовадан сўраб берсин»,— деди. 9  Хазайил Дамашқнинг турли хил инъомларидан олиб, 40 та туяга юклади-да, йўлга чиқди. У Элишайнинг олдига келиб: «Сурия шоҳи, ўғлингиз Банҳадад сиздан: “Мен бу касалликдан фориғ бўламанми ёки йўқми?” — деб сўраш учун мени юборди»,— деди. 10  Элишай Хазайилга: «Бориб, шоҳга: “Албатта тузаласиз”,— деб айт. Аммо Яҳова менга у албатта ўлишини аён қилди»+,— дея жавоб берди. 11  Кейин Элишай унга тик қараб тураверди. Шунда Хазайил ўзини ноқулай ҳис қилди. Сўнгра ҳақ Худонинг одами йиғлаб юборди. 12  Хазайил ундан: «Тақсирим нега йиғлаяптилар?» — деб сўради. Жавобан у: «Боиси, сен Исроил халқига қандай жабр-зулм ўтказишингни биламан+. Сен уларнинг мустаҳкам шаҳарларига ўт қўйиб, бақувват кишиларини қиличдан ўтказасан, фарзандларини чопиб ўлдирасан, ҳомиладор аёлларининг эса қорнини ёриб ташлайсан»+,— деди. 13  Хазайил: «Кўппакдан фарқ қилмайдиган мен, хизматкорингиз, ким бўлибманки, бундай ишларни қилсам?!» — деб айтди. Лекин Элишай: «Яҳова сен Сурия шоҳи бўлишингни менга аён қилди»+,— деди. 14  Хазайил Элишайнинг олдидан чиқиб, хўжайини ҳузурига йўл олди. Шоҳ ундан: «Элишай нима деди?» — дея сўради. Хазайил: «У менга албатта тузалишингизни айтди»+,— деб жавоб берди. 15  Аммо эртаси куни Хазайил чойшабни олиб, сувга ботирди-да, шоҳнинг юзига ёпиб, нафаси қисилиб ўлгунча ушлаб турди+. Ўрнига эса ўзи шоҳ бўлиб олди+. 16  Исроил шоҳи Ахабнинг ўғли Ёҳурам+ ҳукмронлигининг бешинчи йили, Ёҳушафат ўғли Ёҳурам+ Яҳудо шоҳи бўлди. 17  У тахтга ўтирганида 32 ёшда эди ва Қуддусда саккиз йил шоҳлик қилди. 18  У Ахабнинг қизига уйлангани сабабли+, Ахабнинг хонадони сингари+ Исроил шоҳлари йўлидан юрди+ ва Яҳованинг назарида ёвуз ишлар қилиб келди+. 19  Бироқ Яҳова Ўз хизматчиси Довуд ҳаққи-ҳурмати Яҳудо шоҳлигини йўқ қилишни истамади+. Чунки Довудга, унинг ва ўғилларининг чироғини ҳеч қачон ўчирмасликка ваъда берган эди+. 20  Ёҳурам даврида эдомликлар Яҳудога қарши исён кўтариб+, ўзларига шоҳ тайинлашди+. 21  Шунда Ёҳурам бутун жанг аравалари билан Зоирга борди ва тунда туриб, уларни қуршаб турган эдомликлар ва жанг аравалари қўмондонларини тор-мор қилди. Эдомлик аскарлар эса ўз чодирларига қочиб кетишди. 22  Лекин эдомликлар шу кунга қадар Яҳудога қарши исён кўтариб келмоқда. Либна+ ҳам ўшанда исён кўтарган эди. 23  Ёҳурамнинг ҳаёти ва қилган барча ишлари Яҳудо шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 24  Сўнг Ёҳурам вафот этиб, ота-боболарига қўшилди ва Довуд шаҳрида+, ота-боболари ёнига дафн этилди. Ўрнига ўғли Охазиё+ шоҳ бўлди. 25  Ёҳурам ўғли Охазиё, Исроил шоҳи Ахабнинг ўғли Ёҳурам ҳукмронлигининг 12- йили Яҳудо тахтига ўтирди+. 26  Охазиё 22 ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда бир йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Оталиё бўлиб+, у Исроил шоҳи Омрининг+ невараси эди. 27  Охазиё Ахабнинг қизига уйлангани сабабли, Ахабнинг+ хонадони йўлидан юриб, Яҳованинг назарида ёвуз ишлар қилди+. 28  Шу боис, у Ахабнинг ўғли Ёҳурамга қўшилиб, Сурия шоҳи Хазайил билан жанг қилгани Рамўт-Гиладга+ борди. Лекин сурияликлар Ёҳурамни+ ярадор қилишди. 29  Шу тариқа, Ахабнинг ўғли Ёҳурам Рамада Сурия шоҳи Хазайил билан жанг қилганида яраланди ва даволаниш учун Йизрилга+ қайтди+. У касал бўлиб ётганда, Яҳудо шоҳи Ёҳурамнинг ўғли Охазиё уни кўргани Йизрилга борди.

Изоҳлар