Шоҳлар тўртинчи китоб 9:1–37

  • Исроил шоҳи Ёҳу (1–13)

  • Ёҳу Ёҳурам билан Охазиёни ўлдиради (14–29)

  • Изабел ўлдирилиб, итларга ем бўлади (30–37)

9  Пайғамбарлар ўғилларидан* бирини Элишай чақириб, унга деди: «Кийиминг этагини белингга қистир-да, манави кўзадаги мойни олиб, тезда Рамўт-Гиладга+ бор. 2  Етиб боргач, Нимшининг невараси, Ёҳушафат ўғли Ёҳуни+ қидириб топ. Кейин унинг олдига бориб, биродарлари орасидан уни чақир-да, ичкари хонага олиб кир. 3  Кўзадаги мойни унинг бошига қуйиб: “Яҳова шундай демоқда: “Сени Исроил устидан шоҳ этиб мойладим”+,— деб айт”. Сўнг дарров эшикни очиб, қочиб кет». 4  Шундай қилиб, пайғамбарнинг хизматчиси Рамўт-Гиладга йўл олди. 5  У етиб борганда, ўша ерда лашкарбошилар ўтирган эди. Хизматчи: «Эй лашкарбоши, сизга хабар олиб келдим»,— деди. Ёҳу ундан: «Қай биримизга?» — деб сўради. У бўлса: «Сизга, эй лашкарбоши»,— деди. 6  Ёҳу ўрнидан туриб, уйга кирди. Хизматчи унинг бошига мой қуйиб, деди: «Исроил Худоси Яҳова шундай демоқда: “Сени Яҳованинг халқи Исроил устидан шоҳ этиб мойладим+. 7  Хўжайининг Ахаб хонадонини қириб ташла. Мен Яҳова, Изабелнинг+ қўлидан ҳалок бўлган пайғамбарлар ва барча бошқа хизматчиларим учун ундан ўч оламан. 8  Ахаб хонадони батамом йўқ бўлади. Унинг хонадонидаги эркак зотини, ҳатто ночор ва ожиз бўлганларини ҳам қириб ташлайман+. 9  Ахабнинг хонадони бошига, Набат ўғли Ёрубом билан Охиё ўғли Башо хонадонининг кунини соламан+. 10  Изабел эса Йизрилдаги итларга ем бўлади+. Уни ҳеч ким кўммайди”». Буларни айтгач, хизматчи эшикни очиб, қочиб кетди+. 11  Ёҳу бошқа лашкарбошилар олдига қайтганида, улар: «Тинчликми? Анави телба сенинг олдингга нега келибди?» — деб сўрашди. У бўлса: «Бунақа одамларни биласизлар-ку, бўлар-бўлмас гапларни айтаверишади»,— дея жавоб берди. 12  Аммо улар: «Алдама! Бизга ростини айт»,— дейишди. Шунда Ёҳу: «У менга фалон-тугун деди, кейин: “Яҳова шундай демоқда: “Сени Исроил устидан шоҳ этиб мойладим”+»,— деб айтди. 13  Шу заҳоти улар кийимларини ечиб, унинг оёқлари остига тўшашди-да+, бурғу чалиб: «Ёҳу шоҳ бўлди!»+ — дейишди. 14  Нимшининг невараси Ёҳушафат ўғли Ёҳу+ Ёҳурамга қарши фитна уюштирди. Ёҳурам бутун Исроил лашкари билан бирга Рамўт-Гиладни+ Сурия шоҳи Хазайилдан+ ҳимоя қилаётган эди. 15  Сурия шоҳи Хазайил+ билан бўлган жангда Ёҳурам сурияликлар томонидан яраланиб, даволаниш учун Йизрилга+ қайтди. Шунда Ёҳу: «Агар мен томонда бўлсангизлар, шаҳардан бирор киши қочиб, бу ҳақда Йизрилга хабар етказишига йўл қўйманглар»,— деб тайинлади. 16  Кейин Ёҳу аравасига миниб, Йизрилга жўнаб кетди. Ёҳурам у ерда яраланган ҳолда ётарди. Уни кўргани келган Яҳудо шоҳи Охазиё ҳам ўша ерда эди. 17  Йизрил минорасида турган қўриқчи, Ёҳу одамлари билан яқинлашиб келаётганини кўрди-да: «Бир тўда одамларни кўряпман»,— деди. Ёҳурам унга: «Уларнинг олдига чопар юбор. У: “Тинчлик билан келяпсизларми?” — деб сўрасин»,— деди. 18  Чопар Ёҳуга пешвоз чиқиб: «Шоҳ: “Тинчлик билан келяпсизларми?” — деб сўраяпти»,— деди. Ёҳу бўлса: «Тинчликми ёки йўқми, сенга нима?! Ортимдан эргаш!» — деб айтди. Қўриқчи шоҳга: «Чопар уларнинг олдига борди-ю, аммо қайтмади»,— дея хабар берди. 19  Шоҳ яна чопар юборди. У ҳам Ёҳуга пешвоз чиқиб: «Шоҳ: “Тинчлик билан келяпсизларми?” — деб сўраяпти»,— деди. Ёҳу бўлса: «Тинчликми ёки йўқми, сенга нима?! Ортимдан эргаш!» — деб айтди. 20  Қўриқчи шоҳга: «Чопар уларнинг олдига борди-ю, аммо қайтмади. Аравани ҳайдаб келаётган киши Нимшининг невараси Ёҳуга ўхшаяпти, чунки у телбадай ҳовлиқиб ҳайдайди»,— дея хабар берди. 21  Шунда Ёҳурам: «Аравани қўшинглар!» — деди ва унга жанг аравасини қўшиб беришди. Исроил шоҳи Ёҳурам билан Яҳудо шоҳи Охазиё+ ҳар бири ўз жанг аравасига миниб, Ёҳуни қарши олгани чиқди. Улар йизриллик Навўтнинг даласида+ Ёҳу билан рўбарў келишди. 22  Ёҳурам Ёҳуни кўриши биланоқ: «Тинчлик билан келяпсанми, Ёҳу?» — деб сўради. Лекин у: «Онанг Изабел+ фоҳишалигу сеҳр-жоду билан шуғулланиб юрган+ бир пайтда қанақасига тинчлик бўлсин?» — дея жавоб берди. 23  Шу заҳоти Ёҳурам қочмоқчи бўлиб аравасини бурди-да, Охазиёга: «Бу хоинлик, Охазиё!» — деди. 24  Ёҳу қўлига камонини олиб, Ёҳурамнинг икки елкаси орасини кўзлаб ўқ отди. Ўқ унинг юрагини тешиб ўтди ва у араваси ичига йиқилди. 25  Кейин Ёҳу ёрдамчиси Бидкарга деди: «Уни олиб, йизриллик Навўтнинг даласига улоқтириб юбор+. Эсингда бўлса, икковимиз унинг отаси Ахабнинг ортидан аравада келаётганимизда, Яҳова унга қарши бундай ҳукм чиқарган эди+: 26  “Яҳова шундай демоқда: “Кеча Навўт билан ўғилларининг қони тўкилганини кўрдим+. Шуни ўртага қўйиб айтаманки, ўша далада сендан ўч оламан”+,— деб айтмоқда Яҳова”. Энди уни олиб, Яҳова айтганидай ўша далага улоқтириб юбор»+. 27  Буларни кўрган Яҳудо шоҳи Охазиё+ боғдаги уйга олиб борадиган йўл билан қочиб кетди. (Кейин Ёҳу уни таъқиб қилиб: «Уни ҳам ўлдиринглар!» — деди. Охазиё Йиблаём+ ёнидаги Гурга олиб борадиган йўлда кетаётганда, уни ўз аравасида яралашди. Аммо у Махидўга қочиб бориб, ўша ерда ўлди. 28  Хизматкорлари унинг жасадини аравага юклаб, Қуддусга олиб кетишди. Улар Охазиёни Довуд шаҳрида+, ота-боболари ёнига дафн этишди. 29  Яҳудо шоҳи Охазиё+, Ахабнинг ўғли Ёҳурам ҳукмронлигининг 11- йили тахтга ўтирган эди). 30  Ёҳу Йизрилга+ келди. Буни эшитган Изабел+ кўзига сурма суртиб, сочларини турмаклади-да, деразадан қараб ўтирди. 31  Ёҳу дарвозадан ичкарига кирганда, Изабел: «Ўз хўжайини қотили Зимри яхши юрибдиларми?»+ — деди. 32  Ёҳу бўлса деразага қараб: «Ким мен томонда? Ким?»+ — деб сўради. Шу заҳоти икки-учта сарой амалдори унга деразадан қаради. 33  Ёҳу уларга: «Уни пастга улоқтиринглар!» — деди. Улар Изабелни пастга улоқтиришган эди, унинг қони деворга ва отларга сачраб кетди. Ёҳу Изабелни отлари билан топтаб ташлади. 34  Сўнгра у ичкарига кириб, еб-ичди. Кейин эса: «Бу лаънати аёлнинг жасадини олиб, кўминглар. Ҳар қалай, у шоҳнинг қизи-ку!»+ — деб айтди. 35  Изабелни кўмишга борганлар унинг бош суяги ва оёқларию қўл панжаларидан бошқа ҳеч нарса топишмади+. 36  Улар келиб бу ҳақда Ёҳуга айтишганда, у: «Яҳованинг тишбалик хизматкори Илёс орқали: “Изабел Йизрил юртида итларга ем бўлади”+,— деган сўзлари бажо бўлди+. 37  Изабелнинг жасади Йизрилдаги далада гўнгга ўхшаб қолади. Ҳеч ким: “Бу Изабел”,— деб айтмайди»,— деди.

Изоҳлар

«Пайғамбарлар ўғиллари» ибораси, пайғамбарлар таълим оладиган мактаб ёки пайғамбарлар гуруҳини англатиши мумкин.