Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Нур тарқатувчи» Жануби-Шарқий Осиёга ҳақиқат нурини етказди

«Нур тарқатувчи» Жануби-Шарқий Осиёга ҳақиқат нурини етказди

 1930 йилларнинг бошида Индонезия, Малайзия ҳамда ҳозир Папуа-Янги Гвинея деб аталадиган жойларда Яҳованинг Шоҳидлари деярли ваъз қилишмаганди. Бу жойларга хушхабар қай йўсин етиб борган? Эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда Австралия филиали (ҳозир Австралосиё филиали) кема сотиб олди. Унинг узунлиги 16 метр бўлиб, мотори, иккита мачтаси ва елканлари бор эди. Бу кемага «Нур тарқатувчи» деб ном берилди. Чунки кема жамоаси кашшофлардан a иборат бўлиб, унинг ёрдамида олис ерларда маънавий нурни тарқатишган. (Матто 5:14–16)

Янги Гвинеядаги ваъзгўйлик

 1935 йили февралда етти кишидан иборат кема жамоаси Австралиянинг шарқий соҳилидаги Сиднейдан шимол томонга Янги Гвинеядаги Порт-Морсбига йўл олди. Сафар давомида улар ейиш учун балиқ овлашди ва ёқилғи қуйиш, озиқ-овқат сотиб олиш ҳамда кемани таъмирлаш учун бир нечта портларда тўхташди. 1935 йили 10 апрелда улар Квинсленддаги Куктаундан денгизга чиқишди. Улар Катта Тўсиқ рифи жойлашган хавфли ҳудуддан ўтиб олиш учун кема моторини ёқишди. Бироқ мотор ғалати овозлар чиқара бошлади ва ўчиб қолди. Энди улар Янги Гвинеяга бормай, ортга қайтишлари керакми? Кема капитани Эрик Юинз шундай деган эди: «Биз ортга қайтишни асло истамадик». Шу йўсин «Нур тарқатувчи» Порт-Морсбига 1935 йили 28 апрелда эсон-омон етиб олди.

«Нур тарқатувчи» кемасининг жамоаси чапдан ўнгга: Уильям Хантер, Чарлз Херис, Алан Бакнелл (олд қаторда), Альфред Роу, Фрэнк Дьюар, Эрик Юинз, Ричард Найтли

 Механик моторни таъмирлаётганида Фрэнк Дьюардан ташқари жамоа аъзоларининг барчаси Порт-Морсбида хушхабарни ваъз қилишди. Жамоа аъзоларидан бири Фрэнк биродаримизга «ғайратли кашшоф» деб таъриф берганди. Фрэнк шундай деган эди: «Мен китоблар солинган сумкани олиб, маҳаллий аҳоли билан гаплашиш учун орол ичкариси томон 32 километр ёки ундан кўпроқ йўл юрдим». У ортга қайтаётганида бошқа йўлдан юрган ва тимсоҳлар яшайдиган кичкина дарёни кечиб ўтишига тўғри келган. Аммо у буни эҳтиёткорлик ила қилган ва шаҳарга соғ-саломат қайтган. Жамоанинг ваъзгўйлик хизмати яхши самаралар келтирган. Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни олган айрим кишилар кейинчалик Яҳованинг Шоҳидлари бўлишган.

Явадаги ваъзгўйлик

 Мотор таъмирлангач, «Нур тарқатувчи» Порт-Морсбини тарк этиб, Нидерландия Ост-Индиясидаги (ҳозир асосан Индонезия) Ява оролига йўл олди. Озиқ-овқат олиш учун бир неча марта тўхтагач, кема жамоаси 1935 йили 15 июлда Батавияга (ҳозир Жакарта) етиб келди.

 Шу ерга етиб келганда Чарлз Херис исмли жамоа аъзоси «Нур тарқатувчи»ни тарк этиб, Явада қолди ва ғайрат ила хушхабарни тарқатишда давом этди b. У шундай деб бўлишди: «Ўша пайтларда ишимиз асосан битта шаҳарда Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни тарқатгач, кейинги шаҳарга боришдан иборат эди. Мен ўзим билан араб, хитой, нидерланд, инглиз ва индонез тилларидаги адабиётларни олиб юрардим. Одамлар адабиётларимизни бажонидил олишгани учун йилига 17 000 та адабиёт тарқатардим».

Елканлари кўтарилган «Нур тарқатувчи» кемаси

 Чарлзнинг ғайрати Нидерландия ҳукуматининг диққатини жалб қилди. Бир сафар давлат ходими бошқа бир Яҳованинг Шоҳидидан Явада ким ваъз қилаётгани, Чарлз хизмат қилаётган Яванинг шарқий қисмида қанча ваъзгўй борлигини сўради. Биродаримиз: «Биттагина»,— деб жавоб берди. Давлат ходими эса унга бақириб: «Мени бунга ишонади деб ўйлаяпсанми? Тарқатилган адабиётларнинг кўплигига қараганда, у ерда ишчиларнинг бутун бошли қўшини бўлиши керак»,— деди.

Сингапур ва Малайзиядаги ваъзгўйлик

 «Нур тарқатувчи» Индонезиядан Сингапур томон йўл олиб, 7 августда у ерга етиб борди. Ҳар бир тўхтаган жойида биродарлар ёзиб олинган нутқларни овозкучайтиргичлар орқали эшиттиришарди. Хушхабарни эълон қилишнинг бундай усули одатда ўзига кўп эътиборни жалб қиларди. Сингапурнинг бир газетасида шундай деб ёзилганди: «Чоршанба кечқурун... сув юзаси бўйлаб баланд овоз эшитилди. Бу ўзгача нутқ... “Нур тарқатувчи”... номли кемадан эшитилаётган эди. Бу кема Австралиядан Сингапурга келганидан бери Қўриқчи Минораси Жамиятининг нутқларини қўйиб беряпти». Газетанинг давомида шундай сўзлар бор: «Об-ҳаво очиқ бўлганида бу нутқларнинг овози сув юзаси бўйлаб... 3 ёки 4 километр масофадан ҳам яхши эшитилади». («Singapore Free Press»)

 «Нур тарқатувчи» Сингапурда бўлган пайтида, Фрэнк Дьюар янги топшириқни бажариш учун кемани тарк этди. Бу қандай юз берганини эслаб у шундай деган: «Сингапурда ваъз қилишни бошлаганимизда, ҳали ҳам кемада яшардик. “Нур тарқатувчи” денгизга чиқадиган пайт келганида Эрик Юинз мени ҳайратга солган бир гапни айтди. У: “Хўш, Фрэнк сен Сиамни (ҳозир Таиланд) ҳудуд сифатида танлаган эдинг. Сени фақат шу ергача олиб кела олдик. Бу ёғига ўзинг борасан!” — деди. Мен эсанкираб: “Вой, мен у ергача қандай етиб олишни ҳам билмайман!” — деб айтдим». Эрик Фрэнкка ҳозирги Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳридан поездга ўтириб у ерга етиб олиш мумкинлигини айтди. Фрэнк итоаткорлик ила Куала-Лумпурга борди ва бир неча ой ўтгач Таиландга етиб олди c.

 «Нур тарқатувчи» Малайзия томон йўл олиб, Жохор-Бару, Муар, Малакка, Кланг, Порт-Суэттенем (ҳозир Порт-Кланг) ва Пинанг номли портларда тўхтаб ўтди. Ҳар бир портда жамоа аъзолари кемадан овозкучайтиргич орқали Муқаддас Китобга асосланган нутқларни эшиттиришарди. Кейинчалик Индонезияда хизмат қилган Жин Дешан исмли Яҳованинг Шоҳиди шундай деди: «Бу кема одамларда шунчалик қизиқиш уйғотганки, фикримча, ҳатто учар ликопча уларда бунчалик қизиқиш уйғота олмасди». Нутқларни эшиттириб бўлгач, жамоа аъзолари қуруқликка тушиб, қизиқиш билдирган одамларга адабиёт қолдиришарди.

Суматрадаги ваъзгўйлик

 Кема Пинанг портидан йўлга чиққач, Малакка бўғозидан ўтиб Суматрадаги (ҳозир Индонезиянинг бир қисми) Меданга етиб келди. Эрик Юинз шундай деб эслаган: «Медан ҳудудида тўхтаганимизда вақтимиз қизиқарли ва ёқимли ўтди. Кўп одамлар хушхабарни тинглашди». Бу ҳудудда биродарлар тахминан 3 000 та адабиёт тарқатишди.

 «Нур тарқатувчи» жануб томон йўлида давом этаркан, кема жамоаси Суматранинг шарқий соҳилларидаги катта портларда ваъз қилди. 1936 йили ноябрда кема Сингапурга қайтди. Бу ерда Эрик Юинз уни тарк этди. Бир неча ҳафта ўтгач, у Сингапурда яшовчи Ирен Страусс исмли Яҳованинг Шоҳидига уйланди. Биргаликда Эрик ва Ирен Суматрада кашшофлик хизматини давом эттиришди. Энди «Нур тарқатувчи» кемасига янги капитан керак эди.

Борнеодаги ваъзгўйлик

 Кеманинг янги капитани сифатида тажрибали денгизчи Норман Сеньор тайинланди. У 1937 йили январда Сиднейдан келди. Кема жамоаси Сингапурдан Борнео ва Целебес (ҳозир Сулавеси) томон йўл олди. Бу ерда улар орол ичкариси томон 480 километрга чўзилган ҳудудда ваъз қилишди.

 «Нур тарқатувчи» Борнеодаги Самаринда портига етиб келганида, порт бошқарувчиси кема жамоаси маҳаллий одамларга ваъз қилишига рухсат бермади. Бироқ Норман ваъзгўйлик фаолиятимиз ҳақида тушунтириб берганида, у ҳамкорлик қилишга тайёр бўлиб, ҳатто адабиётларни ҳам олди.

 Бошқа сафар маҳаллий руҳоний Норманни черковда нутқ айтиш учун таклиф қилди. Бироқ ўзи нутқ сўзлашнинг ўрнига Норман Муқаддас Китобга асосланган 5 та нутқнинг ёзувини фонографда қўйиб берди ва улар руҳонийга жуда ёқди. У ҳатто дўстларига бериш учун бир қанча адабиётларни ҳам олди. Аммо фақатгина шу руҳоний хушхабарга ижобий муносабат кўрсатди. Руҳонийларнинг аксарияти Яҳова Шоҳидларининг ваъзгўйлик фаолиятидан норози эди. Улар кема жамоаси жасорат ила шоҳидлик бераётганидан ғазабга минишди. «Нур тарқатувчи» бошқа портларга киришини тақиқлаб қўйиш учун улар ҳукумат аъзоларига босим ўтказишди.

«Нур тарқатувчи» кемаси борган жойларнинг ўша пайтда қўлланилган номлари ёзилган харита

Австралияга қайтиш

 Руҳонийлар ҳукумат аъзоларига босим ўтказиб тақиқ қўйилишига эришгач, 1937 йили декабрда «Нур тарқатувчи» Австралияга қайтиш учун йўлга чиқди. Кема жамоаси Яҳова Шоҳидларининг 1938 йили апрелда бўлиб ўтган анжуманида қатнашиш учун Сидней портида лангар ташлади. «Нур тарқатувчи» Сиднейдан кетганига уч йилдан ошган эди. Австралияда Яҳова Шоҳидларининг фаолияти тақиқлаб қўйилгач, 1940 йилларнинг бошида кема сотиб юборилди. «Ушбу кема кўплаб муҳим ишлар амалга ошишига хизмат қилди»,— деган эди биродар Юинз. У «Нур тарқатувчи» кемасида хизмат қилиб ўтказган йилларини ҳаётидаги энг бахтиёр йиллари деб таърифлаган.

«Нур тарқатувчи» ҳақида сўнмас хотира

 «Нур тарқатувчи» кемасининг жамоаси кўплаб аҳоли яшайдиган катта ҳудудда Шоҳлик уруғини сепди. Қаршиликларга қарамай, уларнинг меҳнати секин-аста ҳосил берди. (Луқо 8:11, 15) Ҳа, ушбу илк кашшофлар хизмат қилган ҳудудда ҳозир 40 000 дан ошиқ Шоҳлик хабарчилари бор. Бу бир нечта биродар «Нур тарқатувчи» деб аталган кема ёрдамида Муқаддас Китобдаги ҳақиқат нурини тарқатиб, ўзгача ишни амалга оширишди ва биз учун ажойиб ўрнак қолдиришди!

a 1991 йилги «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»нинг (ингл.) 187- саҳифасига қаранг.

b Чарлз Хериснинг таржимаи ҳолини «Қўриқчи минораси» журналининг (рус) 1994 йил, 1 июнь сонида ўқишингиз мумкин.

c Аксарият вақтини хушхабарни ваъз қилишга сарфлайдиган Яҳованинг Шоҳидлари кашшофлар деб аталади.