Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Хайр-эҳсонлар қай йўсин сарфланади?

Буюк Устозимизга шараф келтирадиган бинолар

Буюк Устозимизга шараф келтирадиган бинолар

2023 ЙИЛ 1 ИЮЛЬ

 Худованд Яҳова Ўз халқига таълим беришни яхши кўради. Шу учун Унинг ташкилоти турли мактабларга асос солган. Уларда ўқийдиганлар Яҳовага хизмат қилиш учун ўз вазифаларини адо этишни ўрганишади. Шундай мактаблардан бири бу Шоҳлик хабарчилари мактаби (ШХМ). Сўнгги йилларда Худонинг ташкилоти нафақат ўқув курсларига, балки бу мактаблар жойлашган биноларга ҳам эътибор қаратмоқда. Асосий мақсад — таълим берувчи инструкторларнинг ишини енгиллаштириш, талабалар билим олишини осонлаштириш. Сизнинг эҳсонларингиз бу мақсадга эришишимизга қандай ёрдам беряпти?

Кўплаб талабалар яхшироқ шароитларда

 Кўп йиллар давомида ташкилотимиз мактаблари Йиғилиш ва Анжуман залларида ўтар эди. Нега охирги пайтлар биз ташкилотимиз мактаблари учун бинолар қуряпмиз ёки шундоқ ҳам шу мақсадда ишлатилган биноларни таъмирлаяпмиз? Келинг, учта сабабини кўриб чиқайлик.

 Эҳтиёж катта. «Филиалларнинг ҳисоботига кўра, даладаги фаолиятни юритиш учун биродару опа–сингилларга эҳтиёж катта»,— деб тушунтирди Етакчи кенгашнинг Хизмат қўмитаси ёрдамчиси Кристофер Мавор. У давом этиб шундай қўшимча қилди: «Мисол учун 2019 йили Бразилиядаги филиалнинг ҳисоб–китобларига кўра, филиал ҳудудидаги эҳтиёжларни қондириш учун уларга 7600 га яқин ШХМнинг битирувчилари керак эди». Қўшма Штатлар филиалининг ҳисоботида айтилишича, йирик шаҳарларда ваъз қилиш дастурида, портларда ҳамда қамоқхоналарда ваъз қилишни ўргата оладиган тажрибали кашшофларга эҳтиёж катта. Маҳаллий лойиҳалаштириш ва қурилиш бўлими ҳамда Касалхоналар билан алоқа қилиш қўмиталарида хизмат қила оладиган биродарлар ҳам керак. ШХМнинг битирувчилари бу эҳтиёжни қондира олади.

 Ўқимоқчи бўлганлар сони ошмоқда. Кўп филиалларга улар ўқита оладигандан ҳам кўпроқ имондошлардан аризалар келиб тушган. Масалан Бразилиядаги филиалимизга бир йил ичида 2500 га яқин имондошдан ШХМда ўқиш учун аризалар келган. Аммо синфларни ташкил этиш учун бинолар етишмаётгани сабабли филиал фақат 950 нафар талабани қабул қила олди.

 Мос турар жой. Йиғилиш ёки Анжуман залида ташкил этилган мактабда ўқиган талабалар одатда маҳаллий биродару опа–сингилларимизнинг уйида жойлаштириларди. Бу йилида бир нечта синф ташкил этиладиган мамлакатларда иш берарди. Лекин йил давомида кўп синфлар ўқийдиган ҳолатларда бир йил ичида бир неча ой давомида талабаларни маҳаллий ваъзгўйларникига жойлаштириш имконсиз эди. Шу учун ўқиш жойига яқин бўлган ва талабалар учун махсус мўлжалланган бинолар тақдим этилади.

 Битта синф хонаси бор бино, шунингдек, инструкторлар ва 30 га яқин талаба учун турар жой ҳамда қўллаб–қувватлаш хизматларини ташкил этиш — жойлашуви ва бошқа омилларга қараб — бир неча миллион долларга (АҚШ) тушиши мумкин.

Мактаб биносининг хусусиятлари

 Мактаблар одатда катта шаҳар ташқарисида, лекин транспорт марказлари яқинида, сокин жойда ташкил этилади. Жой танланганда мактаб фаолияти, бинолар ва жиҳозларни таъмирлашда ёрдам бера оладиган ваъзгўйлар сони кўп бўлган ҳудудлар афзал деб топилади.

 Бинолар кутубхоналар, тадқиқ ўтказиш хоналари, компьютерлар, принтерлар ва бошқа қурилмалар ҳамда жиҳозлар билан таъминланади. Кўпинча талабалар ва инструкторлар биргаликда овқатланишлари мумкин бўлган овқатланиш хонаси мавжуд. Жисмоний машқлар ва дам олиш учун ҳам етарли жой ажратилган.

 Синф хоналари ҳам обдан ўйлаб лойиҳалаштирилган. «Талабалар таълим олиши осон бўлиши учун биз Ташкилотимиз мактабларини назорат қилувчи бўлим билан маслаҳатлашган ҳолда синф хоналарининг дизайнини яратдик»,— дейди Уорвикдаги (Нью-Йорк) Халқаро лойиҳалаштириш ва қурилиш бўлими билан ҳамкорлик қилувчи биродаримиз Трой. У яна шундай деди: «Биродарлар бизга синф хоналарининг ўлчами, дизайни, қандай тузилиши, қай турдаги ёритқичлар ва аудио-видео қурилмалар бўлиши кераклиги борасида кўрсатмалар беришди». Венгриядаги ШХМнинг инструктори аудио қурилмаларни ўрнатиш тўғрисида шундай деди: «Бошида бирорта ҳам микрофонимиз йўқ эди. Шунга талабаларга баландроқ гапиришни тез-тез эслатиб турардик. Ҳозир эса ҳар бир стол устида микрофон бор ва муаммо йўқ!»

«Яҳованинг ўзгача меҳмони»

 Бинолардаги яхшиланган шароитлар инструкторлар ва талабаларга қандай таъсир қилди? «Бу ердаги муҳит жуда сокин. Ҳаммаси аъло даражада ташкиллаштирилган, шу қаторда синф хоналари ва ётоқхоналар ҳам. Шу сабабли диққатимизни тадқиқ қилишга ва таълим олишга қарата оламиз»,— дейди Флориданинг Палм-Кост шаҳрида (АҚШ) ШХМда таҳсил олган Ангела. Венгриялик инструктор Ксаба талабалар билан овқатланиш имконияти борлигини жуда қадрлайди. У қуйидагилар билан бўлишди: «Талабалар билан танишиб олиш ва улар билан нималар юз берганини уларнинг ўзидан эшитиш мумкин. Шу тариқа уларни яхшироқ билиб оламиз. Натижада таълим курсини уларнинг эҳтиёжларига мослаб янада самаралироқ тарзда тақдим этамиз».

 Талабарлару инструкторлар яхшиланган мактаб биноларини «Буюк Устоз»нинг баракаси деб билишади. (Ишаё 30:20, 21) ШХМда ўқиган филиппинлик бир опамиз мактабга айлантирилган бино ҳақида шундай деди: «Мактабдаги муҳит биз нафақат талабалар, балки Яҳованинг ўзгача меҳмони эканилигимизни эслатди. У Каломини яхшилаб тадқиқ қилиб, завқланишимизни хоҳлайди».

 Мактаб бинолари сизнинг эҳсонларингиз эвазига қурилади, таъмирланади ва қўллаб-қувватланади. Бу эҳсонларнинг кўпи donate.pr418.com сайти орқали қилинади. Сахийлигингиз учун катта раҳмат!

Флориданинг Палм-Кост шаҳридаги (АҚШ) бино киравериши

Исонинг давридаги маъбад макети, мактаб қабулхонаси, Флориданинг Палм-Кост шаҳри (АҚШ)

Шоҳлик хабарчилари мактабига келганлар, Бразилия

Ўқиш жараёни, Бразилия

Шоҳлик хабарчилари мактабига келганлар, Филиппин

Мактабдаги овқатланиш хонасидаги талабалар, Филиппин