Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ХАЙР-ЭҲСОНЛАР ҚАЙ ЙЎСИН САРФЛАНАДИ?

Пандемиядан олдин амалга оширилган қурилишлар

Пандемиядан олдин амалга оширилган қурилишлар

2020 ЙИЛ 1 НОЯБРЬ

 Ҳар йили юз минглаб кишилар Яҳованинг Шоҳидлари сифатида сувга чўмади. Шу боис, Худога топиниш учун кўпроқ биноларга эҳтиёж пайдо бўляпти. Буни инобатга олган ҳолда, бутун дунёда маҳаллий лойиҳалаштириш ва қурилиш бўлимлари томонидан 2020 хизмат йили 2700 дан ошиқроқ топиниш жойлари қурилиши ёки таъмирланиши режалаштирилган эди a.

 Афсуски, бу режаларга COVID-19 пандемияси халақит берди. Имондошларимизни ҳимоя қилиш ва ҳукумат йўл-йўриқларига амал қилиш мақсадида, Етакчи кенгашнинг Нашриёт қўмитаси бутун дунёдаги қурилиш лойиҳаларининг аксариятини тўхтатиб туришга қарор қилди. Аммо 2020 хизмат йили давомида пандемия бошланишидан олдин 1700 дан зиёд топиниш жойлари қурилди ва таъмирланди. Бундан ташқари, филиал бинолари билан боғлиқ 100 дан ошиқ асосий қурилиш лойиҳалари битказилди. Келинг, амалга оширилган бундай иккита лойиҳа имондошларимизга қандай фойда келтирганига эътибор қаратайлик.

 Камерун филиали. Дуаладаги олдинги филиал жуда кичик бўлган ва анчагина таъмирланиши керак эди. Нашриёт қўмитаси таъмирлаш ишларига қанча маблағ сарфланишини ҳисоблаб, чиқим биноларнинг ўзидан ҳам қимматроққа тушишини аниқлади. Уларда яна иккита вариант бор эди бошқа жойда янги филиални қуриш ёки тайёр бинони сотиб олиб, уни таъмирлаш. Аммо бу вариантлар ҳам тўғри келмади.

Ўша пайтларда биродарлар Дуаланинг шарқида маҳаллий ҳукумат битта  Анжуман залимизнинг ёнида янги йўл қуришни режалаштираётганини билиб қолишди. Бу ўша ерда нафақат яхши йўл бўлишини, балки коммунал хизматлар кўрсатилишини ҳам англатарди. Бу ўзгаришлар филиалнинг эҳтиёжларига аъло тарзда мос келарди. Шунинг учун, Етакчи кенгаш янги филиал Анжуман залининг ҳудудида қурилишини маъқул кўрди.

Биродару опа-сингиллар Камерундаги янги филиални қуришга кўмаклашяпти

 Имондошларимиз бу лойиҳада пудратчилар билан меҳнат қилишди. Бу туфайли вақт ҳамда пул тежалди. Натижада, қурилиш учун режага қараганда икки миллиондан ошиқ АҚШ доллари тежалди. Байтил оиласи COVID-19 пандемияси бошланишидан сал аввал ўша янги биноларга кўчишга улгурган эди.

Камерундаги филиал COVID-19 пандемиясидан олдин битказилди

 Камерундаги байтилчилар яхшиланган яшаш ва ишлаш шароитларидан фойда кўряпти. Улар бу филиални Яҳованинг ҳадяси, деб биляпти. Бир жуфтлик шундай бўлишди: «Бу ҳадя учун жуда миннатдор эканимизни кўрсатиш ниятида енг шимариб ишлашга тайёрмиз».

Биродару опа-сингиллар пандемиядан аввал янги офисда ишлаяпти

 Мексикадаги тохолабал тилидаги масофавий таржима офиси. Кўп йиллар давомида Мехиконинг яқинида жойлашган Марказий Америкадаги филиалда таржима гуруҳи адабиётларимизни тохолабал тилига таржима қилиб келган. Бироқ бу тилда асосан Альтамирано ва Лас-Маргаритасда гапиришади. Бу шаҳарлар эса филиалдан деярли минг километр олисда. Бундан ташқари, ўша ҳудудда тохолабал тилига таржима қилиш ва аудио ёзиш ишида ёрдам беришга мос келадиган биродару опа-сингилларни топиш филиал учун қийин эди.

Имондошларимиз масофавий таржима офисида меҳнат қилишяпти

 Шу сабабли, Етакчи кенгашнинг Муҳарририят қўмитаси ўша таржима гуруҳини тохолабал тилида сўзлашадиган ҳудудга кўчирмоқчи эди. Бунинг учун филиал бир бинони харид қилиб, уни таъмирлади. Бу бирор бинони ижарага олишдан ёки қуришдан анча арзонроқ эди.

 Битта таржимон кўчишдан қандай фойда олгани тўғрисида қуйидагича деди: «Мен филиалда ўн йил хизмат қилганман ва ўша вақт мобайнида тохолабал тилида гапирадиган бирорта кишини учратмаганман. Энди эса офисимиз она тилимизда гапирадиган ҳудудда жойлашган. Бу тилда гапирадиганларни ҳар куни учратаман. Бу туфайли сўз бойлигим ошди ва ишимнинг сифати ҳам анча яхшиланди».

Тохолабал тилидаги масофавий таржима офиси таъмирлаш лойиҳасидан олдин ва кейин

2021 хизмат йили учун режалар

 2021 хизмат йили учун, агар вазият йўл қўйса, 75 та масофавий таржима офиси ва ташкилотимиз мактабларининг биноларида қурилиш ишлари режалаштирилган. Шунингдек, саккизта катта лойиҳа, масалан, Рамаподаги (Нью-Йорк) қурилиш ҳамда Аргентина ва Италиядаги филиалларнинг кўчиши билан боғлиқ ишлар давом эттирилади. Қолаверса, 1000 дан зиёд янги Йиғилиш залини қуриш ҳамда 4000 тасини таъмирлаш керак. Шунингдек, 6000 дан ошиқ топиниш жойи яроқсиз ва уларни ҳам кўчириш лозим.

 Бу қурилиш ва таъмирлаш ишларининг харажатлари қай йўсин қопланяпти? Марказий Америкадаги Филиал қўмитасининг аъзоси биродар Лазаро Гонсалес тохолабал тилидаги масофавий таржима офиси мисолида бу саволга жавоб берди. «Филиалимиз ҳудудида маблағимиз чегараланган. Шунинг учун, умумжаҳон биродарларимизнинг ёрдамисиз туб аҳоли тилида гапирадиган имондошларимиз учун таржима офисларини қура олмаган бўлардик. Бутун дунё бўйлаб имондошларимиз қилаётган хайр-эҳсонлар ёрдамида таржимонлар уларнинг она тилида гапирадиган ҳудудда меҳнат қилишлари мумкин. Биродару опа-сингилларимиз сахийлик ила қўллаб-қувватлаётгани учун чин юракдан миннатдормиз». Ҳа, бу каби қурилиш лойиҳалари умумжаҳон ишига қилинаётган хайр-эҳсонлар эвазига амалга ошириляпти. Уларнинг кўпи donate.pr418.com сайти орқали қилинади.

a Маҳаллий лойиҳалаштириш ва қурилиш бўлимлари ўз филиали ҳудудида Йиғилиш залларини лойиҳалаштиради ва қуради. Халқаро лойиҳалаштириш ва қурилиш бўлими бош идорада жойлашган бўлиб, бутун дунёдаги қурилиш лойиҳаларини муҳимлиги бўйича ташкиллаштириб, амалга оширади.