Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ХАЙР-ЭҲСОНЛАР ҚАЙ ЙЎСИН САРФЛАНАДИ?

Табиий офатлардан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш

Табиий офатлардан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш

2021 ЙИЛ 1 ФЕВРАЛЬ

 2020 йилда кўплаб табиий офатлар юз берди ва бутун дунё бўйлаб COVID-19 пандемияси бошланди. Хўш, Яҳованинг Шоҳидлари бундан жабр кўрган инсонларга қандай ёрдам берди?

 Етакчи кенгашнинг Раислар қўмитаси 2020 хизмат йили a давомида табиий офатлардан жабр кўрганларга ёрдам бериш мақсадида 28 миллион доллар b сарфланишини маъқуллаган эди. Бу 200 дан ортиқ офатлардан зарар кўрганларга ёрдам берди. Масалан, COVID-19 пандемияси, кўплаб тропик циклонлар, Африкадаги тошқин, Венесуэладаги озиқ-овқат етишмовчилиги ва Зимбабведаги қурғоқчилик шулар жумласидандир. Хайр-эҳсонлар озиқ-овқат, сув, бошпана, кийим-кечак, дори-дармон, шунингдек, тозалаш, таъмирлаш ва қайтадан қуриш ишлари учун мўлжалланган асбоб-ускуналарга тўлашда қўл келди. Келинг, бундай ишларнинг бир нечтасига диққат қаратайлик.

 COVID-19. Ушбу пандемия бутун дунё бўйлаб биродару опа-сингилларимизга жисмоний, ҳиссий ва иқтисодий томондан таъсир қилди. Уларга ёрдам кўрсатиш учун дунё бўйлаб 800 дан ошиқ табиий офатларда ёрдам бериш қўмитаси тузилди. Ушбу қўмиталардаги биродарлар имондошларимизнинг эҳтиёжлари ҳақида хабардор бўлади ва маълумотларни зудлик билан Раислар қўмитасига юборади. Бу хабарлар ёрдамида энг яхши қарор чиқарилади.

 Мазкур қўмиталар бу йил давомида кўпларга озиқ-овқат, сув, санитария воситалари ҳамда асосий дори-дармонга эга бўлишга кўмаклашди. Қолаверса, баъзи ҳудудларда имондошларимиз ҳукуматдан ёрдам олишга кўмаклашиш мақсадида табиий офатларда ёрдам бериш қўмиталари маҳаллий оқсоқоллар билан ҳамкорлик қилди.

 Яҳованинг Шоҳидлари бўлмаган одамлар ҳам биз кўрсатган ёрдамнинг гувоҳи бўлди. Мисол учун, Накондедаги (Замбия) туман комиссари Филд Симвинга биродарларимизга қуйидагича деди: «Жабр кўрган оилаларга улар муҳтож бўлган ёрдамни вақтида тақдим этганингиз учун олдингизда қарздормиз».

 Анголада озиқ-овқат етишмовчилиги. COVID-19 пандемияси туфайли Анголада озиқ-овқат етишмовчилиги пайдо бўлди ва нархлар сезиларли даражада кўтарилди. Аксарият имондошларимиз озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишга қийналиб қолди.

Озиқ-овқат солинган қутилар Бразилиядан Анголага юборилди

 Бразилиядаги филиалдан Анголадаги имондошларимизга озиқ-овқат маҳсулотларини юбориб, ёрдам кўрсатиш сўралди. Ёрдам учун ажратилган пулдан оқилона фойдаланиш мақсадида озиқ-овқат ва уларни жўнатиш йўллари изланди ҳамда озиқ-овқатлар кўтарасига сотиб олинди. Шундай қилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари солинган ҳар бир қути ўртача ҳисобда атиги 22 долларга тўғри келди. Лекин у деярли 20 килодан иборат эди. Унинг ичида, масалан, гуруч, ловия ва ўсимлик мойи бор эди. Бугунги кунга келиб, жами 654 тоннага тенг 33 544 та қути жўнатилди. Бу ва Анголадаги филиал тақдим этган ёрдам орқали 50 000 дан зиёд одам егулик билан таъминланди.

 Хўш, имондошларимиз кўрсатилган ёрдам борасида қандай фикрда? Анголанинг узоқ бир чеккасида яшовчи Александр шундай деб бўлишди: «Буни Яҳова мени севишини ва ёлғиз эмаслигимни кўрсатувчи далил, деб биляпман. Яҳованинг ташкилоти учун қадрлиман». Фарзандларини ёлғиз катта қилаётган Мариза исмли опамиз шундай деди: «Яҳова илтижоларимни эшитди. Ундан ва ташкилотидан миннатдорман!»

Анголадаги имондошларимиз кўрсатилган ёрдам учун миннатдор

 Зимбабведаги қурғоқчиликда ёрдам кўрсатиш. 2020 хизмат йилида Зимбабведа қаттиқ қурғоқчилик бўлди ва миллионлаб одамлар очарчиликдан азоб чекди. Зимбабведаги минглаб имондошларимиз етарлича озиқ-овқатга эга эмас эди.

 Имондошларимизга озиқ-овқат билан ёрдам бериш мақсадида бешта қўмита ташкиллаштирилди. Юзлаб ваъзгўйлар озиқ-овқатни қадоқлаш, юкларни ортиш ёки транспорт воситаларини вақтинча бериб туриш орқали кўмаклашди c. 2020 хизмат йили 22 700 дан зиёд кишини озиқ-овқат билан таъминлаш учун 691 561 доллар сарфланди.

Зимбабведаги биродарларга ёрдам кўрсатилди (пандемиядан олдин)

 Баъзи вазиятларда ёрдам етиб келганида, имондошларимизнинг озиқ-овқати тугаб бўлганди. Озиқ-овқат олиб келинганда, биродарларимиз Яҳовани шарафлади, ҳатто айримлар ҳамду сано қўшиқларини куйлай бошлади.

 Бир ҳудудда бева бўлган иккита имондошимиз нодавлат ташкилот томонидан ўтказилган мажлисга борган. У ерда озиқ-овқатни тақсимлаш борасида муҳокама ўтказилган. Лекин муҳокама борган сайин сиёсий тус ола бошлаган. Шу боис, имондошларимиз ёрдамни олиш учун қўйилган шартларни бажара олмаслигини тушунган. Улар у ерни тарк этишар экан, одамлар уларнинг устидан кулиб: «Бу ерга овқат олиш учун келганингизни кўрмайлик»,— деб айтган. Аммо бор-йўғи икки ҳафта ўтгач, биродарларимиз ўша ҳудудга бориб, имондошларимизга озиқ-овқат етказган. Бу нодавлат ташкилот кўрсатган ёрдамдан олдин бўлган.

Приска: «Яҳова хизматчиларини ҳечам ташлаб қўймайди»,— деди

 Ташкилотимиз Зимбабведа кўрсатган ёрдами натижасида ажойиб шоҳидлик берилди. Кичик бир қишлоқда яшовчи Приска исмли аёлнинг мисолига диққат қаратайлик. Қурғоқчилик келтирган қийинчиликларга қарамай, Приска ҳар чоршанба ва жума, ҳатто шудгорлаш мавсумида ҳам ваъз қилган. Ҳамқишлоқлари уни масхара қилиб: «Мана шу ваъзгўйлигинг туфайли оиланг оч қолади»,— деб айтган. Приска эса: «Яҳова хизматчиларини ҳечам ташлаб қўймайди»,— деб жавоб берган. Кўп ўтмай, ташкилотимиз томонидан унга ёрдам кўрсатилган. Бу баъзи қўшниларига таъсир қилган ва улар Прискага: «Худо сени ташлаб қўймади. Биз ҳам У ҳақида кўпроқ билишни истаймиз»,— деган. Ҳозир еттита қўшниси радио орқали эшиттириладиган жамоат йиғилишларини тингламоқда.

 Замон охирлаб борар экан, табиий офатларга дуч келишда давом этамиз. (Матто 24:3, 7) Сизлар donate.pr418.com сайтидаги турли усуллар ёрдамида сахийлик ила қилаётган хайр-эҳсонларингиз учун катта раҳмат. Улардан ўз вақтида ва керакли ёрдамни тақдим этиш учун фойдаланилади.

a 2020 хизмат йилига 2019 йил сентябрдан 2020 йил август киради.

b Бу мақолада тилга олинган доллар АҚШ долларига ишора қилади.

c COVID-19 пандемияси дастидан пайдо бўлган чекловлар туфайли биродарларимиз озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун рухсат олиши керак эди. Шунингдек, улар касалликни юқтириб олмаслик учун эҳтиёт чораларини кўрган.