ХАЙР-ЭҲСОНЛАР ҚАЙ ЙЎСИН САРФЛАНАДИ?
JW сунъий йўлдош канали Интернет йўқ жойларга маълумот етказяпти
2021 ЙИЛ 1 АПРЕЛЬ
Ҳар ой JW Интернет-телевидениесидаги далдали кўрсатув ва видеоларни интиқиб кутамиз. Бироқ Африкадаги кўп имондошларимиз Интернет орқали уларни кўра олмайди. Нима учун?
Африканинг кўп жойларида Интернет йўқ. Агар бор бўлса ҳам, у жуда секин ишлайди ёки нархи қиммат. Мисол учун, Мадагаскардаги туман нозири бир сафар ойлик кўрсатувини кафеда юклаб олиш учун 16 доллар a тўлади. Бу у ердаги айримларнинг бир ҳафта давомида топадиган пулидан сал кўпроқ.
Бу қийинчиликларга қарамай, Африкадаги миллионлаб одамлар Интернетдан фойдаланмай JW Интернет-телевидениесидаги видеоларни маза қилиб томоша қиляпти. Қанақасига?
2017 йилдан бери Африканинг жанубидаги Саҳрои Кабирда яшайдиганлар сунъий йўлдош канали орқали JW Интернет-телевидениесини томоша қила олишяпти. Бу канал бепул бўлиб, кунига 24 соат, ҳафтасига 7 кун, 16 тилда узатилади.
Бунинг учун биродарлар сунъий йўлдош каналини ижарага олиш борасида телевидение компанияси билан шартнома тузди. Ҳозир бу канал Африканинг жанубидаги Саҳрои Кабирга, тахминан 35 та мамлакатга узатилади. Бу ижарага ҳар ой 12 000 доллардан кўпроқ пул тўланади. Гоҳида қўшимча пул тўланиб иккинчи канал ҳам ижарага олинади. Бу туфайли анжуман ёки филиаллардаги махсус дастурларни тўғридан-тўғри томоша қилса бўлади.
Кўп одамлар, жумладан, Яҳованинг Шоҳиди бўлмаганлар ҳам JW сунъий йўлдош каналини томоша қилади. Аммо бир қатор биродару опа-сингилларимиз уни томоша қилиш учун керакли ускунани харид қила олмайди. Шунга имондошларимиз JW Интернет-телевидениесини томоша қила олиши учун 3 670 дан ошиқ Йиғилиш залларига керакли ускуналар сотиб олинди. Агар Йиғилиш залида телевизор ёки проектор бор бўлса, ускунанинг нархи етказиб бериш билан бирга тахминан 70 доллар бўлади. Агар телевизор ёки проектор бўлмаса, керакли ускунанинг нархи 530 доллар бўлиши мумкин.
Имондошларимиз бу канал борлигидан ниҳоятда миннатдор. Камерундаги бир оқсоқол: «Бу канал оиламиз учун саҳрода осмондан тушган маннага ўхшайди»,— деди. Нигериядаги бошқа биродар эса қуйидагича бўлишди: «Бутун оиламиз билан ҳафтасига уч марта бу канални томоша қиламиз. Болаларимиз буни интиқиб кутади. Улар бундан ҳам кўпроқ томоша қилишимизни сўрайди». Нигерияда яшовчи Роза исмли опамиз шундай деди: «Бу канал туфайли янгиликларни доимо томоша қилиш одатимдан қутулдим. Илгари янгиликларни кўрганимда ғазабим қайнаб, қон босимим кўтариларди. Ҳозир эса JW Интернет-телевидениесидаги кўрсатувларни томоша қиламан. Бу мени тинчлантиради. Бунинг ёрдамида ижобий нуқтаи назарга эга бўламан. Бу энг яхши кўрган каналим». Ҳа, бу Яҳованинг баракаси.
Мозамбикдаги туман нозирининг айтишича, унинг туманидаги Йиғилиш залида JW сунъий йўлдош каналини томоша қилиш учун керакли ускуналар сотиб олинди. Имондошлар JW Интернет-телевидениесини кўриш учун йиғилишга бир соат ёки ундан ҳам эртароқ келади.
2019 йили Йоханнесбургда (Жанубий Африка) халқаро анжуманда бу канал орқали баъзи нутқлар, жумладан, Етакчи кенгаш аъзоси сўзлаган нутқ бошқа 9 та жойга узатилди. Маҳаллий трансляция бўлимида хизмат қиладиган биродар шундай деди: «Илгари бундай нутқларни узатиш учун Интернет алоқадан фойдаланардик. Лекин бунинг учун яхши тезлик талаб қилинарди ва анчагина пул тўланарди. JW сунъий йўлдош канали эса анча ишончли ва арзонроқ».
Умумжаҳон фаолиятимизга сахийлик билан қилаётган хайр-эҳсонларингиз туфайли Африкадаги кўплаб имондошларимиз бу канал ёрдамида JW Интернет-телевидениесини томоша қила оляпти. Турли йўллар, жумладан, donate.pr418.com орқали қилаётган хайр-эҳсонларингиз учун катта раҳмат.
a Бу мақолада АҚШ доллари ҳақида гап кетяпти.