Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

fcafotodigital/E+ via Getty Images

Вегетарианлик. Муқаддас Китобда нима дейилган?

Вегетарианлик. Муқаддас Китобда нима дейилган?

 Дунё бўйлаб кўп одамлар вегетарианлик билан қизиқмоқда.

  •   «Вегетарианлик фикрлаш ва яшаш тарзи бўлиб, егулик, кийим-кечак ёки бошқа мақсадларда ҳайвонларга зарар етказмасликдир». («The Vegan Societ»)

 Айримлар ҳайвонларга ғамхўрлик қилишдан ташқари, соғлигини яхшилаш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ёки диний эътиқоди учун вегетарианликни танлайди.

  •   «Вегетарианлик бошқа барча парҳез турларидан фарқ қилади, боиси одамлар одатда буни эътиқоди, ахлоқ меъёри ва ҳар бир киши учун дунёни яхши томонга ўзгартириш имкони деб билади». («Britannica Academic»)

 Хўш, вегетарианлик сайёрамизнинг муаммоларини ҳал қилишга қодирми? Муқаддас Китобда нима дейилган?

Парвардигоримизнинг одамларга ва ҳайвонларга нисбатан нуқтаи назари

 Каломда айтилишича, Яратувчимиз Тангри Яҳова a инсонларни ҳайвонлардан устун қўйиб, улар устидан ҳокимлик қилиш ҳуқуқини берган. (Ибтидо 1:27, 28) Вақт ўтгач, Худо одамларга ҳайвонларни егулик сифатида қўллашни рухсат берган. (Ибтидо 9:3) Бироқ уларга золимлик қилишга У кўз юммайди. (Ҳикматлар 12:10)

 Муқаддас Китобга кўра, гўшт ейиш-емаслик инсоннинг шахсий қарори b. Бу танловимиз туфайлигина Худонинг назарида яхши инсонга айланиб қолмаймиз. (1 Коринфликларга 8:8) Ҳеч бир киши танлови бошқа бўлган одамни танқид қилмаслиги керак. (Римликларга 14:3)

Аълороқ келажак учун йўл

 Муқаддас Китобдан билиб олаётганимиздай, танлаган яшаш тарзимиз дунёдаги муаммоларни бутунлайин ҳал қилмайди. Кўп муаммоларнинг сабаби бу дунёнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий тизими билан боғлиқ бўлиб, ҳеч ким уларни енгишга қодир эмас. Каломда шундай ёзилган:

  •   «Эгрини тўғрилаб бўлмайди». (Воиз 1:15)

 Яратувчимиз биз дуч келаётган муаммоларни бартараф этади. Каломда бу мажозий маънода қуйидагича тасвирланган:

  •   «Мен янги осмонни ва янги ерни кўрдим. Чунки аввалги осмон ва ер ғойиб бўлган, денгиз ҳам йўқ эди». (Ваҳий 21:1)

 Аллоҳ инсоний ҳукуматларнинг ёки «аввалги осмон»нинг ўрнига «янги осмонни», яъни Самовий Шоҳлигини ўрнатади. Бу Шоҳлик аввалги ерни, яъни ёвуз кимсаларни бартараф этиб, «янги ерни» ёки Унинг бошқарувига тайёрлик ила бўйсунадиган кишилар устидан ҳукм суради.

 Фақатгина Худонинг Шоҳлиги остида одамлар ҳайвонлар билан ўзаро тинч яшашни ва атроф-муҳитни асрашни ўрганишади. (Ишаё 11:6–9)

a Яҳова Худонинг исми. (Забур 83:18)

b Муқаддас Китобда қондан сақланиш амр этилган. (Ҳаворийлар 15:28, 29) Бу дегани, инсонлар қон ичмаслиги, қони тўкилмаган ҳайвоннинг гўштини емаслиги, таркибида қон бор бўлган ҳеч қандай егуликни истеъмол қилмаслиги керак.