Дунёнинг охири яқинми? Апокалипсис нимани англатади?
«Апокалипсис» сўзини эшитганингизда хаёлингизга нима келади? Эҳтимол, ер юзидаги барча ҳаёт шаклини йўқ қиладиган глобал ҳалокат келар. Баъзилар, айниқса, қуйидагига ўхшаш янгиликларни ўқигач, «Дунё шундай ҳалокатга яқинлашиб боряпти» деб ўйлашади:
«Ядровий уруш бошланиши эҳтимоли жуда юқори. Бу атайин, тасодифан ёки тушунмовчилик оқибатида юз бериши мумкин». («Атомшунос олимлар бюллетини»)
«Охирги ўн йил давомида мисли кўрилмаган даражада ҳалокатли бўрон, ўрмон ёнғини, коралларнинг оқариши, қурғоқчилик, жазирама ва тўфонлар юз берди». («National Geographic»)
«Охирги ўн йил ичида Африкада чигирткалар бўрони тобора дахшатли тус олмоқда». («The Associated Press»)
Ер юзи апокалипсисда йўқ бўлиб кетадими? Муқаддас Китобда нима дейилган?
Ер сайёраси йўқ бўлиб кетадими?
Йўқ. Худонинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобда ер юзи абадий қолиши айтилган. (Воиз 1:4) Худо ижоди бўлмиш Ер сайёрасини йўқ қилмайди. Аксинча, уни «хароб этувчиларни хароб» қилади. (Ваҳий 11:18)
Дунё йўқ бўлиб кетадими?
Муқаддас Китобга кўра, «дунё» йўқ бўлиб кетиши Худони ҳурмат қилмайдиган ва худбин истаклари пайида бўлган инсонлар ҳалокатга учрашини билдиради. Нуҳнинг даврида бўлганидай, Аллоҳ «худосизлар»ни йўқ қилади. (2 Бутрус 2:5; 3:7)
1 Юҳанно 2:17 да: «Дунё ҳам, унинг нафси ҳам ўтиб кетади», — деб ёзилган. Бу оят Худо том маънодаги Ер сайёрасини эмас, балки нотўғри ишлар қилишда давом этаётган одамларни йўқ қилишини билдиради.
Охират қачон келади?
Муқаддас Китобда охират қачон келиши аниқ айтилмаган. (Матто 24:36) Аммо бу тез орада юз беришига ишора қилинган. Худонинг Каломида қуйидаги башоратлар келтирилган:
«Бир жойда, кейин бошқа жойда» урушлар, озиқ-овқат етишмовчилиги, эпидемиялар ва кучли зилзилалар юз беради. (Матто 24:3, 7, 14; Луқо 21:10, 11; Ваҳий 6:1–8)
Одамлар ўтакетган даражада худбинликни намоён этишади. Мисол учун, улар «пулпараст», «ношукур» ва «ўзини тута билмайдиган» бўлишади. (2 Тимўтийга 3:1–5)
Кўп одамлар 1914 йилдан бери дунёдаги аҳвол Муқаддас Китобда башорат қилинганига мос келишига ва охират яқин эканига қўшилишади. Кўпроқ маълумот учун «Муқаддас Китоб хронологияси 1914 йил борасида нимага ишора қиляпти?» ҳамда «“Охирги кунлар” ва “охирзамон” белгиси қандай?» номли мақолаларга қаранг.
Муқаддас Китобга кўра, апокалипсис нимани билдиради?
Асл юнонча матндан «апокалипсис» деб ўгирилган сўз Муқаддас Китобда асосан «ошкор бўлиш» ёки «очилиш» деган маънони билдиради. Кўпинча бу сўз яширилган маълумот ошкор бўлган вазиятни тасвирлаш учун кўлланилади. Шунингдек, Муқаддас Китобда «Ҳазрати Исонинг ошкор» бўлиши ёки ваҳий, яъни апокалипсис ҳақида айтилган. Бу Исо ёвуз дунёни йўқ қилиш ва Худога топинадиганларни мукофотлаш учун келганида юз беради. (2 Салоникаликларга 1:6, 7; 1 Бутрус 1:7, 13)
Муқаддас Китобнинг охирги китоби бўлмиш Ваҳийнинг бошқа номи Апокалипсис. Боиси унда келажакда қандай воқеалар юз бериши аён қилинган. (Ваҳий 1:1) Бу китобда хушхабар ва умид хабари мавжуд. (Ваҳий 1:3) Унга кўра, Худо барча адолатсизликни йўқ қилади ва одамлар оғриқ, азоб-уқубат ва ҳатто ўлимга бошқа дуч келишмайди. (Ваҳий 21:3, 4)
Муқаддас Китобдаги бу ажойиб ваъдалар ҳақида кўпроқ билишни истайсизми? Яҳованинг Шоҳидлари сизга бепул Муқаддас Китоб тадқиқини таклиф қиляпти. Бу сизга ёрдам бериши мумкин. Балки улар билан боғланиб кўрарсиз?