Об-ҳавонинг кескин ўзгариши. Муқаддас Китоб қандай ёрдам бериши мумкин?
Об-ҳавонинг кескин ўзгаргани дастидан азоб чекаётган миллионлаб одамлардан биримисиз? Ҳаво ўзгарганининг асоратлари ҳар хил бўлиши мумкин. Кўп ҳолларда бўрон, тайфун, циклон ва торнадо туфайли сув тошқини ҳамда вайронагарчилик келтирадиган шамоллар бўлади. Ёғингарчилик ер кўчишига, бўронлар эса чақмоқ чақишига ва ўрмонда кучли ёнғинлар бўлишига олиб келади. Қурғоқчилик, об-ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб кетиши ва қорли бўронлар ҳам одамларга кўп жабр келтириши мумкин.
Дунёнинг кўп жойларида табиий офатларнинг сони кўпайгани сари улардан зарар кўрган одамларнинг сони ҳам ошиб боряпти. Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари федерацияси қуйидагича хабар берди: «Сув тошқинлари, кучли шамоллар ва қурғоқчилик кўп кузатиляпти. Бу туфайли анчагина одамлар азият чекяпти ва ҳаётию мол-мулкига зарар етказиляпти. Натижада ҳар йили миллионлаб инсонлар уйсиз қоляпти».
Булар туфайли одамлар нафақат жисмоний, балки ҳиссий томонлама зиён кўради. Улар мол-мулкию уй-жойини йўқотиши ёки ҳатто яқин инсонидан айрилиши мумкин.
Агар сиз ҳам табиий офатдан жабр кўрган бўлсангиз, Худонинг Каломи сизга ёрдам бера олади. Бу китобда тасалли ва умид бахш этадиган амалий маслаҳатлар ёзилган. Улар сон-саноқсиз инсонларга ёрдам берган. (Римликларга 15:4) Қолаверса, у ердан кўпчиликни қизиқтирадиган муҳим саволларга жавоб топасиз: нега Худо уларга йўл қўйяпти? У мени жазолаяптими?
Об-ҳавонинг кескин ўзгариши Аллоҳнинг жазоси эмас
Муқаддас Китобдан Худо одамлар азоб чекишида айбдор эмаслигини билиб оляпмиз. У ерда шундай дейилган: «Аллоҳни ҳеч ким ёмонлик билан синай олмайди, Унинг Ўзи ҳам ҳеч кимни ёмонлик билан синамайди». (Ёқуб 1:13) Демак, об-ҳавонинг ўзгараётганига Худо сабабчи эмас.
Муқаддас Китобда Худо табиат кучларидан фойдаланиб ёвуз инсонларни жазолагани ҳақида айтилган. Лекин ўша ҳодисалар вайронагарчилик келтираётган фожиалардан кескин фарқ қилади. Бугунги кунда содир бўлаётган офатлар бирданига юз бериб, ҳам яхши, ҳам ёмон инсонлар улардан азоб чекади. Бундан фарқли равишда Муқаддас Китобдан шуни кўряпмизки, Аллоҳ доим беайб инсонларни ҳимоя қилган. Қолаверса, У офат содир бўлишидан олдин одамларни огоҳлантирган ва ҳаракатларининг сабабини тушунтирган. Мисол учун, Худо Нуҳнинг даврида нега ер юзига Тўфон юбормоқчи эканини айтиб, одамларни олдиндан огоҳлантирган ҳамда Нуҳ ва унинг оиласини ҳимоя қилган. (Ибтидо 6:13; 2 Бутрус 2:5)
Бугунги кунда юз бераётган табиий офатлар Худонинг жазоси эмаслиги борасида кўпроқ билиш учун «Муқаддас Китобда табиий офатлар ҳақида нима дейилган?» номли мақолага қаранг.
Худо табиий офатлардан жабр кўрганларга ғамхўрлик қиляпти
Муқаддас Китобдан Яҳова a ғамхўр ва ҳамдард эканини билиб оляпмиз. Келинг, тасалли бахш этадиган оятларга диққат қаратайлик.
Ишаё 63:9: «Улар азоб чекканда, У [Худо] ҳам азоб чекди».
Маъноси: одамларнинг азоб чекишини кўриш Яҳовага оғриқ келтиряпти.
1 Бутрус 5:7: «У сизларга ғамхўрлик қилади».
Маъноси: Яҳова сиз учун қайғуради.
Яҳованинг ғамхўрлиги ва ҳамдардлиги Уни ҳаракат қилишга ундайди. У Муқаддас Китобдаги амалий маслаҳатлар орқали тасалли бериб, келажакда табиий офатлар бўлмаслигига бизни ишонтиряпти. (2 Коринфликларга 1:3, 4)
Қачон табиий офатлар тугайди?
Муқаддас Китобда Яҳова: «Сизларга порлоқ келажак ва умид бахш этаман»,— деб ваъда беряпти. (Еремиё 29:11) У одамлар табиий офатлардан қўрқиб эмас, аксинча, жаннатда ҳаётдан завқланиб яшашларини истайди. (Ибтидо 1:28; 2:15; Ишаё 32:18)
Аллоҳ Шоҳлигидан, яъни Исо осмонда бошқараётган ҳукуматдан фойдаланиб бу ваъдасини амалга оширади. (Матто 6:10) Исо табиий офатлар юз беришига йўл қўймаслик учун ҳам донолик, ҳам кучга эга. У ер юзида бўлганида табиат кучларини бошқаришга қодир эканини кўрсатган. (Марк 4:37–41) Исо донолигу идрок билан бошқаради ва одамларни атроф-муҳитга зарар кўрсатмасликка ҳамда табиатга ғамхўрлик қилишга ўргатади. (Ишаё 11:2) Унинг бошқаруви остида одамлар табиий офатлардан сира ҳам азоб чекмайди.
Балки: «Исо табиат кучларини бошқарадиган пайт қачон келади?» — деб қизиқаётгандирсиз. Ушбу саволга жавоб топиш учун «Худонинг Шоҳлиги ер юзи устидан қачон бошқаришни бошлайди?» номли мақолага қаранг.
Табиий офатларда тўғри йўл тутиш
Муқаддас Китобда табиий офатлар содир бўлишидан олдин, юз берганида ва улардан кейин сизга ёрдам берадиган маслаҳатлар ёзилган.
Олдин. Зудлик билан ҳаракат қилишга тайёргарлик кўринг.
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Заковатли инсон хавфни кўриб яширинади, тажрибасиз эса олға қадам босиб жазосини тортади». (Ҳикматлар 22:3)
Маъноси: ҳудудингизда қандай табиий офатлар юз бериши мумкинлигини олдиндан аниқланг. Ўшанда тезда ҳаракат қилиб, оилангизни ҳимоя қила оласиз.
Ҳаётий воқеа: «Бир куни ўрмонда ёнғин бўлгани учун қочишимизга тўғри келганида биз тайёр эдик. Ҳозирлик сумкамиз бор эди. У ерга керакли дори-дармон ва кийимларимизни солиб қўйгандик. Одамлар ўзини қандай тутишни, нималар олишни билмай ваҳимага тушганди. Бизда эса керакли барча нарсалар бор эди. Бундан жуда ҳам хурсандман!» (Тамара, Калифорния, АҚШ)
Юз берганида. Диққатингизни муҳимроқ нарсаларга қаратинг.
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Одамнинг мол-мулки кўп бўлган тақдирда ҳам, унинг ҳаёти бунга боғлиқ эмас». (Луқо 12:15)
Маъноси: ҳаётимиз мол-мулкдан қадрлироқ.
Ҳаётий воқеа: «Лавин b тайфуни уйимизни барбод қилганида нима қилиш кераклигини тезда англай олмадим. Лекин ўшанда Яҳовага сидқидилдан ибодат қилдим. Шунда ҳаётимизни эмас, фақатгина мол-мулкимизни йўқотганимизни тушундим». (Лесли, Филиппин)
Кейин. Эртанги кун эмас, бугунги кун ҳақида ташвишланинг.
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Зинҳор эртанги кун учун ташвишланманглар, чунки эртанги куннинг ўз ташвишлари бўлади». (Матто 6:34)
Маъноси: келажакда юз берадиган муаммолар ҳақида ҳаддан ташқари кўп ўйламанг.
Ҳаётий воқеа: «Ирма бўронидан кейин уйимиз сув тагида қолиб кетди. Ўшанда ҳал қилиш керак бўлган кўпгина муаммолар пайдо бўлди. Қаттиқ стрессда эдим. Муқаддас Китобдаги: “Эртанги кун учун ташвишланманглар”,— деган маслаҳатга амал қилиш учун жон куйдирдим. Яҳованинг кўмаги билан хаёлимга келган нарсалардан ҳам кўпроғини қила олдим». (Салли, Флорида, АҚШ)
Кўпроқ маслаҳатларни билиш учун «Фавқулоддаги вазиятларда ҳаётни сақлашга ёрдам берадиган қадамлар» номли мақолага қаранг.
a Яҳова Худонинг исмидир. (Забур 83:18)
b Шунингдек, Хайма тўфони деб танилган.