Янги Аҳдда Худонинг исмини тиклаган иккита таржимон
Ибодатлар ичида энг кўп ўрганиладиган ибодат — Исо шогирдларига ўргатган намунали ибодатдир. Мазкур намунали ибодат Муқаддас Китобнинг Янги Аҳд деб аталган қисмида жойлашган. Бу ибодат шундай бошланади: «Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин». (Матто 6:9) Лекин инглиз тилидаги Муқаддас Китоб таржималарининг Янги Аҳд қисмида Худонинг «Яҳова» ёки баъзида «Яҳве» каби ифода этиладиган исми камдан-кам учрайди. Лекин шуниси ачинарлики, бу таржималарда Зевс, Гермес ва Артемида каби сохта худоларнинг исмлари тилга олинган. Унда нега бу таржималарда Муқаддас Китобнинг Муаллифи ҳақ Худонинг исми айтиб ўтилмаган? (Ҳаворийлар 14:12; 19:35; 2 Тимўтийга 3:16)
Муқаддас Китобнинг инглиз таржимонлари Ланселот Шадвел ва Фредерик Паркер Муқаддас Китобнинг Янги Аҳд қисмида Худонинг исми қайта тикланиши керак деб ҳисоблашган. Нима учун «қайта тикланиши» керак деб айтяпмиз? Чунки улар асл матнда Худонинг исми бўлган, лекин кейинчалик олиб қўйилган деган хулосага келишган. Нега улар бундай хулосага келишган?
Шадвел ва Паркер дастлаб иброний тилида ёзилган Муқаддас Китобнинг Эски Аҳд қисмида Худонинг шахсий исми минглаб маротаба учраганини билишган. Шунинг учун, улар нима сабабдан Муқаддас Китобнинг Янги Аҳд қисмида Худонинг исми тўлиқ олиб қўйилган деб ҳайрон бўлишган a. Шунингдек, Шадвел Янги Аҳд қўлёзмаларида Эски Аҳддаги «Яҳованинг фариштаси» ибораси кенг қўлланилганига эътибор берди. Лекин юнон тилидаги Янги Аҳддан нусха кўчирувчилар Худонинг исмини «Раб» маъносини англатувчи Кириос сўзига алмаштиришган. (4 Шоҳлар 1:3, 15; Ҳаворийлар 12:23)
Тўғри Шадвел ва Паркер ўз таржималарини нашр этишдан олдин бошқа инглиз таржимонлари Янги Аҳдда Худонинг исмини тиклашган, лекин жуда оз жойларида b. Фақатгина 1863 йилга келиб Паркер «Янги Аҳднинг сўзма-сўз таржимаси»ни нашр этганида, Янги Аҳдда Худонинг исмини аксар жойларда қайта тиклаган. Унгача эса ҳали ҳеч бир инглиз таржимон буни қилмаган. Хўш, Ланселот Шадвел ва Фредерик Паркер ҳақида нималарни биламиз?
Ланселот Шадвел
Ланселот Шадвел (1808–1861) адвокат бўлган ва у Англиянинг вице-канцлери жаноб Ланселот Шадвелнинг ўғли эди. У Англия черковининг аъзоси бўлган. Гарчи у учликка ишонган бўлса-да, «ЯҲОВА исмини улуғвор» дея тасвирлаб Худонинг исмига ҳурмат кўрсатган. Шадвел ўзи таржима қилган Инжилнинг Матто ва Марк китобларида «Яҳова»нинг исмини асосий матнда 28 марта, изоҳларда эса 465 марта ишлатган.
Шадвел дастлаб иброний тилида ёзилган Эски Аҳдда Худонинг исми турганини кўрган бўлиши мумкин. Шу сабабли, у юнон тилидаги Эски Аҳдда Худонинг исмини Кириос сўзи билан алмаштирган таржимонларни «виждонсиз» деб айтган.
Шадвел ўзининг таржимасида биринчи марта Матто 1:20 да «Яҳова» исмини қўллаган. Мазкур оятга келтирган изоҳида у шундай деган: «Янги Аҳднинг бу ва бошқа кўпгина оятларида учраган мазкур сўз [яъни Кириос] Худонинг ЯҲОВА деган исмини билдиради. Шу сабабли, мазкур сўзни инглиз тилидаги таржимада қайта тиклаш жуда муҳим». У яна шундай деди: «Худонинг исмига ҳурмат кўрсатиш учун шундай қилишимиз шарт. [Худо] Ўзини ЯҲОВА деган исм билан танитган. Шунинг учун У ҳақда гапирганимизда, Унинг исмини тилга олишимиз мақсадга мувофиқ». Сўнг Шадвел шундай деди: «Бизнинг таржимада [яъни Қирол Жеймс Библиясида] ЯҲОВА деган исмни камдан-кам учратамиз... Худонинг атоқли исми ўрнига Раб деган сўзга кўзимиз тушади». Шадвел ёзишича, Худонинг шахсий исми ўрнига «Раб... унвонини қўллаш умуман нотўғри». Ҳатто Шадвелнинг шаҳарчасида одамлар унга «Жаноб» c деб мурожаат қилишади.
«[Худо] Ўзини ЯҲОВА деган исм билан танитган. Шунинг учун У ҳақда гапирганимизда, Унинг исмини тилга олишимиз мақсадга мувофиқ». (Ланселот Шадвел)
Шадвел 1859 йили фақатгина Матто китобини таржима қилган, 1861 йили эса Марк китобини таржима қилиб, уларни биргаликда чоп этган. Лекин кейин унинг иши ўз ниҳоясига етган. У 1861 йили 11 январда 52 ёшида вафот этган. Лекин унинг меҳнати беҳуда бўлмади.
Фредерик Паркер
Лондонлик бой-бадавлат ишбилармон Фредерик Паркер (1804–1888) Шадвел Матто китобини таржима қилгани ҳақида хабар топган. Паркер ўз навбатида Янги Аҳдни тахминан 20 ёшида таржима қилишни бошлаган. Шадвелдан фарқли равишда Паркер учлик таълимотини рад этган. У шундай деб ёзган: «[Илоё Худонинг] азиз Ўғлига... тегишли бўлган бутун черков ҳақиқатни... қабул қилиб, Қодир Тангри Яҳовага топинсин». Паркер, шунингдек, Янги Аҳдда Кириос сўзи ҳам Худо, ҳам Исога нисбатан ишлатилгани учун иккита шахс ўртасидаги фарқни кўриш қийин деб ҳисоблаган. Шу боис, у Шадвел ўз таржималарида Кириос сўзини «Яҳова» дея таржима қилганини кўриб ҳайратда қолган.
Нима туфайли Паркер Муқаддас Ёзувларда Яҳованинг исмини қўллаш лозимлигини тушуниб етган? У юнон тилини ўрганган ва юнон грамматикасига оид бир қанча китоблар ва рисолалар ёзган. У, шунингдек, Англия Муқаддас Китоб институтининг аъзоси бўлган. Бу институт Муқаддас Китобнинг янада сифатлироқ таржималарини нашр этиш мақсадида қўлёзмаларни чуқур тадқиқ қилишга ихтисослашганди. 1842 йили Паркер ўзи таржима қилган Янги Аҳдни қисман-қисман чоп эта бошлаган d.
Паркернинг Худонинг исмини қайта тиклаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари
Паркер бир неча йил давомида илмий ишларида қуйидаги саволлар устида фикр юритган: «Кириос сўзи қачон Исони ва қачон Худони англатади? Нима учун Кириос сўзи аксар вазиятларда грамматик жиҳатдан унвон эмас, исм сифатида қўлланилади?»
Паркер Шадвелнинг 1859 йилги Матто китобининг таржимасини ҳамда Кириос сўзига оид шарҳларини кўрганида, муайян оятларда Кириос сўзи «Яҳова дея таржима қилиниши» лозимлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилган. Шунга у юнон тилининг грамматикасини ва матн таркибини инобатга олган ҳолда, ўзи таржима қилган Янги Аҳдда «Яҳова» исми қаерда туриши керак бўлса, ўша жойларда тиклаган. Натижада Паркернинг 1863 йилги бир жилдли Муқаддас Китоб таржимасида Худонинг исми асосий матнда 187 жойда тикланади. («A Literal Translation of the New Testament») Афтидан, Паркернинг мазкур таржимаси Худонинг исмини бутун Юнонча ёзувларда изчил равишда қўллаган илк инглизча нашр ҳисобланади e.
Паркер 1864 йилда ўзининг таржимасини ҳамда «Қирол Жеймс Библияси»ни бирлаштириб чоп этади f. Бу иккита Янги Аҳд таржимасини битта жилдда чоп этишдан мақсад, унинг таржимаси бошқа таржимадан нимаси билан фарқ қилишини кўрсатишдан иборат эди g.
Паркер Худонинг исмини қайта тиклаш қанчалик муҳим эканини кўрсатиш учун, «Қирол Жеймс Библияси»дан бир қатор оятларни, шу жумладан, Римликларга 10:13 ни келтиради. У ерда шундай ёзилган: «Ахир Раббимизга илтижо қилган ҳар бир инсон қутқарилади, деб ёзилган-ку». Паркер шундай савол кўтаради: «“Қирол Жеймс Библияси”да ушбу оятни ўқиган [инсон] бу ерда аслида Худонинг Ўғли Исо Масиҳ эмас, [...] Худованд Яҳова назарда тутилгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганми?»
Паркер кўп маблағ сарфлаб, рисолалари, мақолалари ҳамда бошқа ёзма ишларини чоп этган ва тарғиб қилган. У атиги бир йил ичида 800 фунт сарфлаган. Бу бугунги кунда 100 000 Британия фунт стерлинги ёки 132 000 АҚШ долларига тенг. Шунингдек, Паркер ўз адабиётларини танишлари ва нуфузли черков руҳонийларига ўқиб чиқишлари учун бепул тақдим этган.
Паркернинг Янги Аҳд устида олиб борган ишлари ҳамда таржималари жуда кам чоп этилган ва бу туфайли Паркер айрим олимлар томонидан масхараларга учраган. Бу олимлар Паркер, Шадвел ва бошқа таржимонларнинг инглиз тилидаги Янги Аҳдда Худонинг шахсий исмини тиклаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қадрлашмаган.
Кўпроқ маълумот олиш учун 10 дақиқали видеони томоша қилинг: «Уорвикдаги музейга экскурсия. “Муқаддас Китоб ва Илоҳий исм”».
a Ваҳий 19:1, 3, 4, 6 оятларида «Яҳни улуғланг!» маънони англатувчи «Ҳаллелуя» иборасида «Яҳова» исмининг қисқа шакли «Яҳ» учрайди.
b Шадвэл Янги Аҳдни тўлиқ таржима қилмаган. Қолган таржимонларга қуйидагилар киради: Филип Додриж, Эдвард Гарвуд, Уильям Ньюкам, Эдгар Тэйлор ҳамда Гилберт Вейкфилд.
c Асл матндаги Раб, яъни Кириос сўзи.
d Паркер ўзининг тадбиркорлик фаолиятини Муқаддас Китоб устидаги илмий ишларини ажратиш учун ўзига Герман Хейнфеттер деган тахаллус берган. Мазкур исм «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг иловаларида бир неча маротаба учрайди.
e 1864 йилда Паркер томонидан чоп этилган «Янги Аҳднинг инглиз тилидаги нашри»да Худонинг исми 186 марта учрайди.
f Мазкур адабиётнинг тўлиқ номи «A Collation of an English Version of the New Testament of Our Lord and Saviour Jesus Christ from the Text of the Vatican Manuscript With the Authorized English Version».
g Паркернинг таржималаридан аввал Янги Аҳднинг иброний тилидаги кўплаб таржималарида Худонинг исми турли оятларда учрарди. Шунингдек, 1795 йилда Жоҳан Жакоб Столз Янги Аҳдни немис тилига таржима қилиб, уни чоп этди. У Маттодан Яҳудогача китобларида Худонинг исмини 90 мартадан зиёд ишлатган.