Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳаддан ташқари кўп хавотирланмасликка нима ёрдам беради?

Ҳаддан ташқари кўп хавотирланмасликка нима ёрдам беради?

 Ҳаддан ташқари ташвишланиш жисмоний ҳамда ҳиссий соғлигингизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳатто муаммони янада мураккаблаштириши ҳеч гап эмас.

Хавотирни камайтиришнинг йўллари

  •  Салбий янгиликларни камроқ кўринг. Бирор кор-ҳол юз берса, унинг барча тафсилотларини билишингиз шарт эмас. Ёмон хабарларни ҳаддан ортиқ кўп томоша қилиш қўрқувингизни кучайтириб, тушкунликка туширади.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Эзилган руҳ... суякларни қуритади». (Ҳикматлар 17:22)

     «Янгиликлардан қуруқ қолмай деб уларни томоша қилаверсак, бу одатга айланиши мумкин. Бу эса яхши одат эмас. Янгиликларни томоша қилишни камайтирганимда хавотирларим ҳам йўқола бошлади». (Жон)

     Ўйлаб кўринг: сўнгги хабарлардан тез-тез хабардор бўлиб туришим шартми?

  •  Кун тартибига риоя қилинг. Ўша-ўша вақтда туришга, ухлашга, овқатланишга ва уй ишларини бажаришга ҳаракат қилинг. Бу ҳаётингиз бир маромда кечишига ва камроқ ташвишланишингизга ёрдам беради.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Тиришқоқнинг режалари муваффақият келтиради». (Ҳикматлар 21:5)

     «COVID-19 пандемияси бошланганида кун тартибим бузилиб кетди ва кўп вақтим ўйин-кулгига кетадиган бўлди. Тўғриси, вақтдан унумли фойдаланишни истардим. Шунга ишларимни режалаштирадиган бўлдим». (Жозеф)

     Ўйлаб кўринг: куним самарали ўтишига ёрдам берадиган жадвалим борми?

  •  Диққатингизни ижобий нарсаларга қаратинг. Бундай қилсам яхши бўларди ёки бу нарса юз берса-чи, деб доимо ўйлаш хавотирингизни янада кучайтиради. Бунинг ўрнига миннатдор бўлишингиз мумкин бўлган иккита ёки учта нарса устида фикр юритинг.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Миннатдор эканингизни кўрсатинглар». (Колосаликларга 3:15)

     «Муқаддас Китобни ўқиш менга салбий хабарлардан йироқлашишга ва эътиборимни ижобий нарсаларга қаратишга ёрдам беради. Бу оддий эшитилиши мумкин, лекин бундай қилиш ростдан ҳам фойда беради». (Лиза)

     Ўйлаб кўринг: ҳаётимдаги ижобий нарсаларга эътибор қаратмай, фақат салбий нарсалар ҳақида ўйлашга мойилманми?

  •  Бошқалар ҳақида ўйланг. Бирон нарсадан ташвишланганимизда бошқалардан ўзимизни олиб қочиш энг осон ечим, деб ҳисоблашимиз мумкин. Лекин бу тўғри эмас. Бунинг ўрнига, ёрдамга муҳтож бўлганларга қандай кўмаклашишингиз мумкинлиги ҳақида ўйланг.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар». (Филиппиликларга 2:4)

     «Бошқаларга ёрдам беришдан хурсандман. Бундай қилганимда, ўзимни яхши ҳис қиламан ва хавотирларим камаяди. Тўғриси, ташвишланишга вақт ҳам қолмайди». (Мария)

     Ўйлаб кўринг: танишларимдан, айниқса, ким ёрдамга муҳтож ва уларга қандай ёрдам бера оламан?

  •  Соғлигингизга ғамхўрлик қилинг. Машқ қилишга ва дам олишга етарлича вақт ажратинг. Фойдали озиқ-овқатларни истеъмол қилинг. Бу кайфиятингизга яхши таъсир қилади ва камроқ ташвишланасиз.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Жисмоний машқ... фойда келтиради». (1 Тимўтийга 4:8)

     «Ўғлим билан кўчага чиқиб машқ қила олмаганимиз учун уларни уйда бажарамиз. Бу ўзимизни яхшироқ ҳис қилишга ёрдам беряпти ва ўзаро муносабатимизга ижобий таъсир қиляпти». (Катерина)

     Ўйлаб кўринг: овқатланиш рационимни ўзгартириб, кўпроқ жисмоний машқ қилишим керакми?

 Кўпларга ушбу маслаҳатлардан ташқари Муқаддас Китобдаги умидбахш ваъдаларни билиш ҳам ёрдам берган. «Худонинг Шоҳлиги нималарни амалга оширади?» номли мақолага қаранг.