Халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё пайғамбар чиндан ҳам мавжуд бўлганми?
Аллоҳнинг Каломида Яҳудия бўйлаб Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилиб, халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё пайғамбар тилга олинган. У ҳақидаги Муқаддас Китобнинг баёноти аниқми? Келинг, қуйидаги далилларни кўриб чиқайлик:
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Одамларни сувга чўмдириб юрган Яҳё Яҳудия чўлига келиб, шундай дея ваъз қила бошлади: “Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди”». (Матто 3:1, 2) Мазкур сўзлар тарихий манбалар томонидан тасдиқланганми? Ҳа.
Масалан, биринчи аср тарихчиси Иосиф Флавий «халқни сувга чўмдириб юрган инсон деб танилган Яҳё»ни «яҳудийларни одиллик йўлидан юришга, художўй бўлишга ва сувга чўмишга» чорлаган киши сифатида тасвирлайди. («Jewish Antiquities, Book XVIII»)
Муқаддас Китобда ёзилишича, Яҳё пайғамбар Жалила ва Переяда вилоят ҳокими бўлган Ҳирод Антипага танбеҳ берган. Гап шундаки, Ҳирод ўзини Тавротга тобе бўлган яҳудий деб билган. Яҳё уни акасининг хотини Ҳиродияга уйлангани учун танқид қилган. (Марк 6:18) Бу чиндан ҳам шундай бўлганини Муқаддас Китобдан ташқари бошқа манбалар ҳам тасдиқлайди.
Тарихчи Иосиф Флавийнинг айтишича, Антипа «Ҳиродияни севиб қолади» ва «сурбетларча унга хотини бўлишни таклиф қилади». Ҳиродия унинг таклифини қабул қилади ва Антипага турмушга чиқиш учун эрини ташлаб кетади.
Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Бутун Яҳудия ва Иордан дарёсининг бўйида яшовчилар унинг ёнига келиб, Иорданда сувга чўмишар ва гуноҳларини очиқчасига тан олишарди». (Матто 3:5, 6)
Тарихчи Иосиф Флавий ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаб, одамлар Яҳёни кўриш учун олдига «тўда бўлиб» келишгани ва «унинг ваъзларидан ғоят даражада руҳланишгани» ҳақида ёзади.
Аниқ-равшанки, биринчи аср тарихчиси Иосиф Флавий халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё пайғамбар чиндан ҳам мавжуд бўлганига амин эди. Биз ҳам бунга ишонишимиз мумкин.