Қадимги муҳрлар
Муҳр одатда лой ёки мум каби материалларга нусха тушириш учун хизмат қилган матннинг (матн ва расмнинг) қабариқ ёки ботиқ тасвири бўлган босма шакл (асбоб) ҳисобланади. Муҳрлар турли шаклда, жумладан, конус, тўртбурчак, цилиндр ва ҳатто ҳайвон калласи шаклида бўлган. Муҳр изи ёрдамида ҳужжат эгасини аниқлаш ёки ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш мумкин эди. Шунингдек, у халталарни бегоналар очиши ёки муайян жойларга, масалан, мақбараларга ноқонуний равишда кириши мумкин эмаслигини кўрсатиш учун қўлланиларди.
Муҳрлар турли хомашёлардан, хусусан, суяк, оҳактош, металл, ярим қимматбаҳо тош ёки ёғочдан тайёрланарди. Баъзида муҳрлар устига эгасининг ва отасининг исми ўйиб ёзиларди. Айрим муҳрларда эгасининг унвони қайд этиларди.
Бирон-бир ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун муҳрнинг эгаси унга лой, мум ёки бошқа юмшоқ модда суртиб, ҳужжат устига муҳр босарди. (Аюб 38:14) Кейин модда қотарди ва ҳужжатни қалбакилаштиришдан ҳимояларди.
Муҳрлар — ҳокимият рамзи
Муҳрлар бирор кимсага берилганида муҳр эгасининг ваколати унга топширилганини англатарди. Қадимги Миср фиръавни Ёқубнинг ўғли бўлмиш иброний киши Юсуфга ҳокимият берганида айнан шундай йўл тутганди. Гап шундаки, Юсуф Мисрда қул бўлганди ва бир куни уни ноҳақ айблаб, зиндонга ташлашганди. Вақт ўтиб, фиръавн уни озод қилганди ва бош вазир лавозимига кўтарганди. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Кейин фиръавн бармоғидан муҳр узугини ечиб, уни Юсуфнинг бармоғига тақди». (Ибтидо 41:42) Муҳр узугида фиръавннинг расмий муҳри бўлгани учун, Юсуф фиръавннинг ишларини унинг номидан бажариш ваколатига эга бўлганди.
Бир сафар қадимги Исроил маликаси Изабел эрининг муҳридан фойдаланиб, Навўт исмли одамни ўлдириш режасини амалга оширади. У шоҳ Ахабнинг номидан Навўт яшайдиган шаҳар оқсоқолларига хатлар ёзиб, айбсиз Навўтни Худони лаънатлаганликда айблашни буюради. Изабел хатлар устига шоҳнинг муҳрини босиб, ўзининг ёвуз ниятига эришади. (3 Шоҳлар 21:5–14)
Форс шоҳи Ахашвераш ҳам ўзининг муҳр узугидан фойдаланиб, фармонларини тасдиқларди. (Эстер 3:10, 12)
Аллоҳ Каломининг Нахимиё китобида таъкидланишича, Исроил беклари, левилар ва руҳонийлар ёзма равишда тузилган аҳдларга муҳр қўйиб, улар билан рози эканини кўрсатишарди. (Нахимиё 1:1; 9:38)
Муқаддас Китобда муҳр бирон-бир жойга киришни тақиқлаш мақсадида ишлатилгани иккита вазиятда тилга олинган. Масалан, Дониёр пайғамбарни шерлар уясига ташлашганида «чуқурликнинг оғзини тош билан ёпишганди». Сўнгра Форс ва Мидия шоҳи Доро «Дониёрга қарши чиқарилган фармон ўзгартирилмаслиги учун, ўзининг ва асилзодаларининг муҳр узуги билан тошни муҳрлаганди».(Дониёр 6:17)
Исо алайҳиссаломнинг жасади қабрга қўйилганида, унинг душманлари қабр оғзини ёпиш учун тошни юмалатиб, унга муҳр босишганди. (Матто 27:66) Бир манбада айтилишича, Рим ҳукуматининг давлат муҳридан фойдаланилган вазиятда «қабр оғзи ва... тош орасидаги ёриққа лой ёки мум суртиларди ва устига ўша муҳр босиларди». («Bible commentary on Matthew by David L. Turner»)
Қадимги муҳрлар бизга ўтмиш ҳақида кўп нарсани очиб бергани учун археологлар ва тарихчилар уларга катта қизиқиш билдирмоқда. Ҳатто муҳрларни ўрганувчи «сфрагистика» деб номланган алоҳида фан мавжуд.