Қадимги ёзувлар Исроил қабиласининг яшаш жойини тасдиқламоқда
Муқаддас Китобга кўра, Исроил халқи ваъда қилинган юртни қўлга киритиб, уни ўз қабилалари ўртасида бўлишиб олганида, Манаше қабиласининг ярми, қолган ярмидан фарқли равишда, Иорданнинг ғарбий ҳудудидаги ерларга эгалик қиладиган бўлди. (Ёшуа 17:1–6) Бунинг археологик далили борми?
1910 йили Самарияда ёзувли сопол парчалар (ёки остраконлар) топилганди. Ушбу парчалардаги ибронийча ёзувларга биноан, пойтахт шаҳарда жойлашган шоҳ саройига қимматбаҳо маҳсулотлар, жумладан, шароб ва косметик пардоз мойи олиб келинган. Умуман олганда, мил. авв. саккизинчи асрга оид 102 та остракон топилган, аммо фақатгина 63 тасида ёзувлар сақланиб қолган. Ушбу 63 та сопол парчадан жамлаб олинган маълумотдан саналарни, қабилалар номларини, нарсаларни жўнатувчи ва қабул қилувчи шахсларнинг исмларини билиб олиш мумкин.
Шуниси эътиборлики, Самария остраконларида тилга олинган барча қабилалар номлари Манаше қабиласига тегишли. Бир манбага кўра, бу маълумот «Муқаддас Китобдаги сўзларга қўшимча равишда, Манаше қабиласининг авлодлари ушбу ҳудудда ўрнашганини исботламоқда». («NIV Archaeological Study Bible»)
Шунингдек, Самария остраконлари Аллоҳ Каломидаги Амос китобининг ёзувчиси ўша даврдаги бой кишилар ҳақида ёзган қуйидаги сўзлари рост эканини тасдиқлайди: «Улар катта косадан шароб ичиб, ўзларига аъло мойлар суртади». (Амос 6:1, 6) Ушбу остраконлар бундай маҳсулотлар чиндан ҳам Манашенинг ўнта қабиласи ўрнашган ҳудудга етказиб берилганини исботлайди.