Асосий материалларга ўтиш

ТАСОДИФМИ ЁКИ ИЖОД МАҲСУЛИМИ?

Итнинг ҳид билиш қобилияти

Итнинг ҳид билиш қобилияти

 Тадқиқотчиларнинг айтишича, итлар ҳид билиш қобилиятидан фойдаланиб, бошқа итларнинг ёшини, жинсини ва кайфиятини аниқлай олади. Итларни ҳатто портловчи ва ноқонуний гиёҳванд моддаларни аниқлашга ўргатиш мумкин. Одамлар атрофидаги нарсаларни тушуниш учун асосан кўриш қобилиятидан фойдаланса, итлар ҳид билиш қобилиятидан фойдаланади. Улар бурни билан «ўқийди».

 Ўйлаб кўринг. Итларнинг ҳид билиш қобилияти бизникидан бир неча минг маротаба сезгир. Қўшма Штатлардаги Меъёр ва технологиялар миллий университетининг хабар беришича, ит «триллионгача бўлган концетрацияда муайян бирикмалар борлигини аниқлай олади. Бу олимпия мусобақалари учун мўлжалланган ҳовузда тахминан чорак чой қошиқ шакар таъмини сезиш дегани».

 Нима туфайли ит бундай ҳид билиш қобилиятига эга?

  •   Итнинг бурни доим нам ва бу туфайли у ҳид сезиш учун кўпроқ заррачаларни ушлаб қолади.

  •   Итнинг бурнида ҳаво учун иккита канал бор — бири нафас олиш, иккинчиси эса ҳид сезиш учун. Ит нафас олганда, ҳаво ҳид билиш рецепторларидан иборат бўлган бурун бўшлиғи томон йўл олади.

  •   Ит бурнининг шиллиқ қавати 130 квадрат сантиметр ёки ундан ошиқ майдонни, одамники эса атиги 5 квадрат сантиметр майдонни сеза олади.

  •   Ит бизга қараганда 50 мартагача кўпроқ ҳид сезиш рецепторларига эга бўлиши мумкин.

 Буларнинг барчаси туфайли ит ҳид ажратиш қийин бўлган нарсанинг таркибий қисмларини сеза олади. Мисол учун, биз шўрванинг ҳидини сезамиз, аммо баъзи тадқиқотларга кўра, ит ундаги ҳар бир маҳсулотни аниқлаши мумкин.

 Саратон бўйича изланиш олиб борадиган бир институтнинг тадқиқотчилари шуни айтишдики, «сайёрамиздаги ҳатто энг нозик ҳидни аниқлай оладиган мосламалардан бири бўлиш» учун итнинг мияси ва бурни биргаликда ишлайди. («Pine Street Foundation») Олимлар портловчи ёки тақиқланган моддалар ва касалликларни, жумладан, саратонни аниқлаш учун электрон «бурунларни» яратишмоқда.

 Нима деб ўйлайсиз? Итнинг ҳид билиш қобилияти эволюция натижасида пайдо бўлганми? Ёки ижод маҳсулими?