Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ | НИКОҲ

Биргаликда етарлича вақт ўтказинг

Биргаликда етарлича вақт ўтказинг

 Кўп эр-хотинлар ҳатто бирга бўлса ҳам ўзаро деярли мулоқот қилмайди. Хўш, бунинг сабаблари нимада?

 Бирга, лекин бегона. Нега?

  • Чарчоқ

    «Турмуш ўртоғим билан вақт ўтказиш имкони пайдо бўлганида, у ёки мен қаттиқ чарчаган бўламиз. Бундай ҳолларда ҳатто арзимаган нарса ҳам ғашимга тегади. Шунинг учун, эрим иккимиз шунчаки телевизор томоша қилганимиз яхши». (Анна)

  • Электрон қурилмалар

    «Ижтимоий тармоқлар ёки онлайн дам олиш турлари вақтингизни олиши мумкин. Уларга соатлаб вақт сарфлаб турмуш ўртоғингиз билан умуман гаплашмассиз. Битта хонада бўлсангиз ҳам ҳар хил хоналарда ўтиргандай бўласиз». (Катерина)

  • Қизиқишлар турли экани

    «Эрим ишдан келгач, кўпинча қизиқишлари билан шуғулланади. У кўп ишлайди ва ўзи учун вақт ажратиши керак, бу унга ёқади. Мен эса у билан бирга кўпроқ вақт ўтказгим келади». (Жейн)

  • Иш

    «Технологиялар дастидан иш ва оилавий ҳаёт ўртасида деярли чегара қолмади. Кўп ҳолларда ишим билан боғлиқ электрон мактубларга ва хабарларга жавоб бераётганимни тушундим. Бунинг ўрнига хотиним билан бирга кўпроқ вақт ўтказишим мумкин». (Марк)

 Нима қила оласиз?

  • Бирга етарлича вақт ўтказишни бекорчилик эмас, зарурат деб билинг.

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланг». (Филиппиликларга 1:10)

    Ўйлаб кўринг: хатти-ҳаракатларингиз никоҳингиз иш ёки қизиқишларингиздан устун эканини кўрсатяптими? Турмуш ўртоғингизга ишингиз ва қизиқишларингиздан вақт ортиб қолганидагина эътибор қаратасизми?

    Маслаҳат: турмуш ўртоғингиз билан куннинг қайси пайтида чалғимай вақт ўтказишни мунтазам равишда режалаштиринг.

    «Эрим фақат иккаламиз учун бирон нимани режалаштиришини ёқтираман. Шунда у мени севишини ва бирга вақт ўтказиш унга ёқишини ҳис қиламан. Бу туфайли унга бўлган севгим янада кучаяди». (Анна)

  • Электрон қурилмаларингизни четга олиб қўйишни ўрганинг

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар бир нарсанинг ўз вақти бор». (Воиз 3:1)

    Ўйлаб кўринг: телефонингизга келган хат ёки хабар турмуш ўртоғингизга тўлиқ эътибор қаратишингизга қанчалик тез-тез халақит беради?

    Маслаҳат: ҳар куни камида бир марта бирга овқатланишга ҳаракат қилинг. Бу пайтда телефонларингизни бошқа хонада қолдиринг. Овқат пайти кунингиз қандай ўтгани борасида суҳбатлашиш учун ажойиб имкониятдир.

  • Имкон бўлганида бирга бозор-ўчар қилинг ёки уй ишларини бажаринг

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Ёлғиз бўлгандан кўра икки киши бўлган яхшироқ, чунки биргалашиб қилган меҳнатлари кўпроқ фойда келтиради». (Воиз 4:9, изоҳ)

    Ўйлаб кўринг: қанчалик тез-тез сиз ва турмуш ўртоғингиз бозор-ўчар ёки бошқа ишларни биргаликда қиласиз?

    Маслаҳат: жамоа бўлиб ҳатто кичкина ишларда ҳам бир-бирингизга ёрдам беринг.

    «Биргаликда харид қилишни, идиш ювишни, кийим тахлашни, боғбонлик қилишни шунчаки уй ишлари эмас, балки бирга вақт ўтказишнинг имкониятлари деб билинг». (Нина)

  • Мулоҳазакор бўлинг

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Мулоҳазакор эканингиз ҳамма одамларга маълум бўлсин». (Филиппиликларга 4:5)

    Ўйлаб кўринг: турмуш ўртоғингиздан ҳаддан ортиқ кўп нарсани кутмаётганингизга қай йўсин амин бўла оласиз?

    Маслаҳат: ўзаро суҳбатлашиб бир-бирингизнинг эҳтиёжларингизни тушунишга ҳаракат қилинг. Иккалангизни хурсанд қиладиган ва муносабатларингизни мустаҳкамлайдиган қарорга келинг.

    «Эримнинг кучи жуда кўп, меники эса соғлигим туфайли унча эмас. Кўпинча эримга ташқарида айланиб келишни ва ўзига ёқадиган иш билан машғул бўлишни айтаман. Ўзим эса уйда қолиб оз-моз дам оламан. Шу йўсин, ҳар биримиз қилган ишимиздан ўзимизни яхши ҳис қиламиз». (Даниела)

 Муҳокама режаси:

Аввалига қуйида келтирилган саволларни алоҳида кўриб чиқинг. Кейин эса жавобларни биргаликда муҳокама қилинг.

  • Сизнингча, турмуш ўртоғингиз билан етарлича вақт ўтказяпсизми?

  • Турмуш ўртоғингиз сиз билан вақт ўтказиш учун нима қилди ва уни бу учун қандай мақтай оласиз?

  • Умр йўлдошингиз қайси соҳаларда яхшиланишини истардингиз?

  • Турмуш ўртоғингиз сизга гапираётганида, электрон қурилмангизга қанчалик тез-тез чалғийсиз?

  • Иккалангиз ҳам бир-бирингиздан кутаётган нарсалар борасида мулоҳазакор эканингизни қандай кўрсата оласиз?

  • Бу ҳафта давомида бирга чалғимай кўпроқ вақт ўтказиш учун ҳар бирингиз қандай ўзгаришлар кирита оласиз?