Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ

Муваффақиятсизликка учраган болаларга қандай ёрдам берса бўлади?

Муваффақиятсизликка учраган болаларга қандай ёрдам берса бўлади?

Эртами-кечми фарзандингиз муайян вазиятда муваффақиятсизликка учраб, тушкунликка тушиши мумкин. Буни енгишда унга қандай ёрдам бера оласиз?

 Нимани билишингиз керак?

Ҳар биримиз гоҳида муваффақиятсизликка учраймиз. Аллоҳнинг Каломида: «Барчамиз тез-тез хато қилиб турамиз»,— деб ёзилган. (Ёқуб 3:2) Ҳатто болалар ҳам хато қилишади. Аммо бундай муваффақиятсизликнинг ижобий томони ҳам бор, чунки у орқали болалар муаммоли вазиятларни енгиб ўтишни ўрганишади. Болалар бундай қобилият билан туғилмаган, аммо улар унга эга бўлишлари мумкин. «Эрим билан шундай хулосага келдикки, болалар муваффақиятсизликка учраганда, ўзларини унга дуч келмагандай тутишни эмас, балки уни енгишни ўрганганлари яхши. Шунда улар вазият кутилмаган тус олса ҳам, ундан чиқиб кета олишади»,— деб бўлишди Лаура исмли бир она.

Аксарият болалар муваффақиятсизликдан чиқиб кетиш йўлларини билишмайди. Айрим болалар муваффақиятсизликни қандай енгиш мумкинлигини билишмайди, чунки ота-оналари уларни ҳар қандай жавобгарликдан ҳимоя қилишади. Масалан, бола мактабда ёмон баҳо олса, баъзи ота-оналар шу заҳотиёқ ўқитувчини айблашга тушади. Ёки агар бола дўсти билан айтишиб қолса, ота-онаси шу заҳоти дўстини айблайди.

Агар ота-оналар фарзандларини қилмишларининг барча оқибатларидан асрашса, унда қандай қилиб фарзандлар хатолари учун жавобгарликни зиммасига олишни ўрганишади?

 Нима қила оласиз?

  • Фарзандларингизга хатти-ҳаракатларининг оқибатлари борлигини ўргатинг.

    Галатияликларга 6:7 да: «Инсон нима экса, шуни ўради»,— деб ёзилган.

    Ҳар бир ҳаракатнинг натижаси, бузилган нарсанинг харажати, хатонинг ҳам оқибати бор. Болалар сабаб-натижа принципини билишлари ва содир бўлган воқеада ўзларининг жавобгарлигини тушунишлари керак. Шунинг учун, фарзандларингиз қилган хатолари учун бошқаларни айбламанг ёки уларни оқлаш учун баҳона изламанг. Аксинча, уларнинг ёшини инобатга олиб, қилмишларининг оқибатларни татишларига йўл қўйиб беринг. Албатта, фарзанд ёмон ишлар ва уларнинг оқибатлари ўртасида боғлиқлик борлигини аниқ кўриши керак.

  • Фарзандларингизга муаммонинг ечимини топишга ёрдам беринг.

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Одил киши етти марта йиқилса ҳам, яна туради». (Ҳикматлар 24:16)

    Муваффақиятсизликка учраш оғриқли кечиши мумкин, лекин бу — ҳаёт тугади, дегани эмас. Фарзандларингизга диққатларини вазият адолатсиз бўлганига шикоят қилишга эмас, вазиятдан чиқишнинг йўлларини топишга қаратишга кўмаклашинг. Масалан, агар ўғлингиз мактабдаги тестдан ўтмаган бўлса, у вазиятни қўлга олиб ва кўпроқ ўқиб, кейинги сафар тестни яхшироқ баҳога топшириши мумкинлигини кўришга ёрдамлашинг. (Ҳикматлар 20:4) Агар қизингиз дугонаси билан урушиб қолган бўлса, бунда ким айбдор бўлишидан қатъи назар, қизингизни дугонасидан кечирим сўрашда ташаббус кўрсатиши мумкинлиги ҳақида ўйлашга чорланг. (Римликларга 12:18; 2 Тимўтийга 2:24)

    Фарзандларингизга камтарин бўлишни ўргатинг

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар бирингизга шундай деяпман: ўз ҳақингизда керагидан ортиқ ўйламанглар». (Римликларга 12:3)

    Фарзандингизга у бирон ишни бошқаларга қараганда яхшироқ қилишини айтиш ёлғон бўлиб, ҳеч қандай фойда келтирмайди. Ахир ҳатто мактабда яхши ўқийдиган болалар ҳам ҳар доим аъло баҳо олишмайди-ку. Қолаверса, бирон спорт турида муваффақиятли бўлган болалар ҳам доим ғалаба қозонишмайди. Камтарин ёшлар одатда муваффақиятсизликни тезроқ енга олишади.

    Муқаддас Китобга кўра, қийинчиликлар бизни кучлироқ қилиши ва сабр-бардошни ривожлантиришимизга ёрдам бериши мумкин. (Ёқуб 1:2–4) Гарчи муваффақиятсизлик фарзандингизнинг руҳини туширса ҳам, сиз унга ҳаддан ташқари тушкунликка тушмасликка кўмаклаша оласиз.

    Фарзандларга муаммоли вазиятдан чиқишни ўргатиш, бошқа кўникмаларга ўргатишга ўхшаб, вақт ва куч талаб этади. Агар ота-оналар буни фарзандларига ўргатишса, шунда фарзандлари ўсмирлик ёшига етганда муваффақиятсизликни осонликча енга олишади. Бир китобда ёзилишича, «муаммоларни енгишга ўрганган ўсмирлар тушкунликка тушганларида хавфли ёки аҳмоқона ишлар қилиши амримаҳол. Улар янги ва кутилмаган вазиятларда ўзларини йўқотиб қўйишлари эҳтимолдан йироқ». («Letting Go With Love and Confidence») Албатта, қийин вазиятларни енгиш кўникмаси уларга катта бўлишганида ҳам асқатади.

Маслаҳат: Ўрнак кўрсатинг. Ҳаётдаги қийинчиликларни қандай енгаётганингиз фарзандларингизга ўз қийинчиликларини енгишга кўмаклашишини ёдда тутинг.