Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ | БОЛА ТАРБИЯСИ

Нега китоб ўқиш болалар учун муҳим? (1-қисм) Ўқиш ёки томоша қилишми?

Нега китоб ўқиш болалар учун муҳим? (1-қисм) Ўқиш ёки томоша қилишми?

 Фарзандингиз дам олаётганида нима қилишни афзал кўради: видео томоша қилишни ёки ўқишними? Унинг қўлида кўпинча нима бўлади: телефон ёки китобми?

 Сўнгги йиллар давомида одамлар телевизор ва турли-туман онлайн дастурлар туфайли камроқ китоб ўқийдиган бўлишди. 1990 йили Жейн Хили ўзининг китобида шундай ёзганди: «Вақт ўтиб инсонлар умуман китоб ўқимай қўйишади». («Endangered Minds»)

 Ўшанда бу сўзлар бўрттириб айтилгандай туюлиши мумкин эди. Лекин бугунги кунда, замонавий технологиялар даврида, баъзи устозларнинг таъкидлашича, болаларнинг ўқиш кўникмалари етарли даражада ривожланмаган.

Ушбу мақолада

 Нега китоб ўқиш болалар учун муҳим?

  •   Ўқиш тасаввурни ривожлантиради. Масалан, ҳикоя ўқиганда шуларни кўз олдингизга келтиринг: қаҳрамоннинг овози қандай? Унинг ташқи қиёфаси қандай? Атроф-муҳит-чи? Ёзувчи баъзи нарсаларни ёритиб беради, лекин қолганини ўқувчининг ўзи тасаввур қилиши лозим.

     «Ҳар қандай фильм ёки видео бировнинг тасаввури маҳсулидир,— дейди Лора исмли бир она.— Тўғри, видео томоша қилиш қизиқарли, лекин ўқишнинг ҳам ўз гашти бор: сиз муаллифнинг сўзларини ўз хаёлингизда гавдалантирасиз».

  •   Ўқиш шахсиятни шакллантиради. Ўқиш болаларга қийинчиликлар устида фикр юритиб, уларни ҳал қилишга ёрдам беради. Қолаверса, ўқиш болаларга диққатни бир жойга жамлашга кўмаклашади. Натижада, улар сабр-тоқат, ўзини тута билиш ва ҳамдардлик каби хислатларни ривожлантира олишади.

     Ҳамдардлик? Ҳа! Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, болалар ҳикояни шошилмасдан ва мулоҳаза юритиб ўқишса, қаҳрамоннинг туйғуларини тушуна олишади. Бу эса, ўз навбатида, болаларга атрофдагиларнинг туйғуларига шерик бўлишга кўмаклашади.

  •   Ўқиш чуқур мулоҳаза юритишга ўргатади. Диққат билан мутолаа қиладиган ўқувчи ўзининг тезлигида ва баъзида ҳатто қайта-қайта ўқийди. Шу йўсин, у муаллифнинг фикрлаш тарзини илғаб олади. Натижада ўқувчи маълумотни яхшироқ эслаб қолади ва ўзи учун керакли сабоқлар чиқаради. (1 Тимўтийга 4:15)

     Жозеф исмли бир ота шундай фикр билдирди: «Ўқиганингизда маълумот устида мулоҳаза юрита оласиз, уни билганларингиз билан боғлайсиз ва ўзингиз учун керакли хулосалар чиқарасиз. Маълумотни видео кўринишида қабул қилиш эса кишини доим ҳам чуқур мулоҳаза юритишга ундамайди».

 Хулоса: фильмлару видеоларни томоша қилишнинг ўз ўрни бор, лекин фарзандингиз мутолаа учун умуман вақт ажратмаса, муҳим нарсалардан бебаҳра қолиши мумкин.

 Қай йўсин болани ўқишга қизиқтириш мумкин?

  •   Эртароқ бошланг. Икки нафар ўғилнинг онаси Хлоя шундай фикр билдирди: «Фарзандларимизга улар қорнимда бўлганидаёқ китоб ўқишни бошладик ва улар туғилганидан кейин ҳам шундай қилишда давом этдик. Таслим бўлмаганимиздан хурсандмиз. Вақт ўтиб, мутолаа улар ҳаётининг бир қисмига ва севимли машғулотларидан бирига айланди».

     Муқаддас Китобга асосланган принцип: «Сен болалигингданоқ Муқаддас Ёзувларни ўргангансан». (2 Тимўтийга 3:15)

  •   Ўқиш учун яхши муҳит яратинг. Шундай қилингки, китоблар қўл остида бўлсин. «Болангизга ёқадиган китобларни танланг ва каравотининг ёнига қўйиб қўйинг»,— дейди тўрт нафар фарзанднинг онаси Тамара.

     Муқаддас Китобга асосланган принцип: «Болани тарбиялаб, тўғри йўлга сол, ҳатто улғайганда ҳам ундан оғмайди». (Ҳикматлар 22:6)

  •   Интернетдан қанча фойдаланишни белгиланг. Дэниэл исмли ота телефонларсиз, оффлайн оқшомлар ўтказишни тавсия этади. У шундай дейди: «Ҳатто ҳафтада бир марта бўлса ҳам, оқшомимизни телевизордан холи, тинч муҳитда ўтказамиз. Бу пайтда биз шунчаки ўқиймиз, баъзида бирга, баъзида эса алоҳида.

     Муқаддас Китобга асосланган принцип: «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланглар». (Филиппиликларга 1:10)

  •   Ибрат бўлинг. Икки нафар қизнинг онаси Карина шундай тавсия этади: «Ифодали ўқинг! Фарзандларингиз ҳикояни мароқ билан ўқиётганингизни ҳис қилишсин. Агар ўзингиз мутолаа қилишни севсангиз, болаларингиз ҳам сиздан ўрнак олади».

     Муқаддас Китобга асосланган принцип: «Омма олдида... ўқишда... давом эт». (1 Тимўтийга 4:13)

 Тўғри, ҳамма болалар ҳам китобхон бўлиб улғаймайди. Лекин ўқишга бўлган иштиёқингиз уларда ҳам бундай истак уйғонишига туртки бўлиши мумкин. Икки нафар қизалоқнинг отаси Дэвид эса яна бир фойдали фикр билан ўртоқлашди: «Мен ҳамиша қизалоқларим ўқиган китобларни мутолаа қилганман. Шу йўсин, уларни нима қизиқтиришини билардим ва умумий суҳбат учун доим мавзу топиларди. Ўзимизнинг кичик китобхонлар тўгарагимиз бор эди. Бу роса қизиқарли эди!»