Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ | БОЛАЛАР ТАРБИЯСИ

Ота-оналар боғчалар ҳақида нимани билишлари керак?

Ота-оналар боғчалар ҳақида нимани билишлари керак?

Куни бўйи ишлайдиган баъзи ота-оналар фарзандларини боғчага юборишади. Хўш, сиз ҳам бундай қилишингиз керакми?

 Нимани инобатга олиш лозим?

Болам боғчага қатнаса, бу у билан бўлган муносабатларимизни сусайтирмайдими? Бўлиши мумкин. Боланинг илк ёшларида мияси тезда ривожланади, дунё қараши пайдо бўлади ва бу бошқалар билан бўлган муносабатларига таъсир қилади. Ушбу муҳим шаклланиш даврида иложи борича кўпроқ у билан вақт ўтказинг. (Қонунлар 6:6, 7)

  •   Боғча ҳақида ўйлаётган ота-она боласи билан қай йўсин яқин ришталарни боғлай олиши тўғрисида фикр юритиши керак.

Боғча таъсири остида болангиз сизга қулоқ соладими? Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бир китобда: «Болалар қанча кўп бирга вақт ўтказса, тенгдошлари шунча кўп уларга таъсир қилишади»,— деб ёзилган. («Hold On to Your Kids»)

  •   Боғча ҳақида ўйлаётган ота-она боласи уларнинг фикри унча муҳим эмас деган хаёлга бормасмикан, деб фикр юритишлари даркор.

Боғча фарзандингизга мактабда яхшироқ ўқишига ёрдам берадими? Айримлар, ҳа деб айтар. Бошқалар эса у боланинг таълим олиш қобилиятига умуман таъсир қилмайди деган фикрда. Болалар психологи Пенелопа Лич шундай деди: «Бола мактабда ўрганган билимлари келажагида энг фойдали, у имкон қадар кичиклигиданоқ мактабга бориши яхшироқ, деган кенг тарқалган фикрга учманг. Бунга ишонаётган бўлсангиз, фақат сиз бера олишингиз мумкин бўлган бундан-да муҳимроқ маълумотни қўлдан бой беришингиз ҳеч гап эмас».

  •   Боғча ҳақида ўйлаётган ота-она бу ўзи фойдалими ёки ҳатто зарурми, деб фикр юритиб кўриши муҳим.

Сиз ёки турмуш ўртоғингиз ишламай, бола билан уйда вақт ўтказиш имкони борми? Баъзан моддий жиҳатдан бой бўлиб яшаш мақсадида эр ҳам, хотин ҳам ишлайди. Бу арзийдими?

  •   Боғча ҳақида ўйлаётган ота-она уларнинг бири уйда ўтириши учун сарф-харажатларни камайтириш тўғрисида фикр юритиб кўриши керак.

Ҳамма ижобий ва салбий томонларини кўриб чиққандан кейингина болангизни боғчага юбориш-юбормаслик қарорини чиқаринг. Шундай йўл тутгач ҳам, боғча яхши фикр, деб ўйлаётган бўлсангиз-чи?

 Нима қила оласиз?

Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Заковатли эса ҳар бир қадамини ўйлаб босади». (Ҳикматлар 14:15) Буни ёдда тутган ҳолда, бу масалага жиддий ёндашиб пухта ўйланг.

Бошқа ечим

  • Баъзи ота-оналар боласини хусусий боғчага юборишни афзал кўради, чунки у ерда болалар камроқ ва улар битта ёки бир нечта тарбиячининг назорати остида бўлади.

  • Бошқа ота-оналар қариндошига ёки энагага мурожаат қилишади.

Бу иккита ечимнинг ҳам яхши, ҳам ёмон томонлари бор. Эҳтимол, бундай йўл тутган бошқа ота-оналар билан маслаҳатлашиб кўрарсиз? Муқаддас Китобда: «Донолик эса маслаҳат излаганлар биландир»,— дейилган. (Ҳикматлар 13:10)

Боғчани танладингиз дейлик. Унда...

Боғча ҳақида суриштиринг

  • Бу боғчанинг керакли ҳужжатлари ва рухсатномалари борми? Қандай обрўга эга?

  • Бино тоза ва хавфсизми?

  • Болангиз у ерда нималар билан шуғулланади? a

Тарбиячилар ҳақида суриштиринг

  • Улар қандай маълумотга эга? Мактабгача ёшдаги болаларни тарбиялаш учун улар лаёқатлими? Тез тиббий ёрдам кўрсата олишадими?

  • Иложи бўлса, болангизга ғамхўрлик қиладиганлар қонун масаласида муаммоларга дуч келган-келмаганини суриштиринг.

  • Бу боғчада тарбиячилар тез-тез алмашиб турадими? Агар шундай бўлса, болангиз ҳар сафар янги инсонга кўникиши керак бўлганда, қўшимча стрессга дуч келади.

  • Битта тарбиячининг назоратида нечта бола бўлади? Агар болалар кўп бўлса, битта тарбиячининг ўзи етарли эмас, болангизга эътибор етишмайди. Албатта, ҳамма нарса болангизнинг ёши ва қобилиятларига боғлиқ.

  • Тарбиячилар сиз билан ҳамкорлик қилишга, сизнинг фикрингизни инобатга олишга тайёрми?

a Масалан, болангиз кўп вақтни телевизорни томоша қилиш билан ўтказадими ёки у ҳам ақлан, ҳам жисмонан ривожлана олишига ҳамма шароитлар яратилганми?