ОИЛА УЧУН ЁРДАМ | НИКОҲ
Сабр-тоқатни қандай ривожлантирса бўлади?
«Никоҳда эр-хотиннинг сабри ҳар куни синалади. Турмуш қурмаган бўлсангиз, сабр-тоқат унчалик муҳим эмасдай туюлиши мумкин, лекин бахтли оилавий ҳаётга эришиш учун бу фазилат ўта зарур». (Жон)
Нега сабр-тоқатли бўлишингиз керак?
Турмушда жуфти ҳалолингизнинг нуқсонлари янада кўпроқ кўриниши мумкин.
«Никоҳ қурганингиздан бироз вақт ўтгач, турмуш ўртоғингизнинг сизга унчалик ёқмайдиган томонларига диққат қаратишни бошлашингиз ҳеч гап эмас. Салбий нуқтаи назарга берилсангиз, сабр-тоқатли бўлиш осон бўлмайди». (Жессина)
Сабр-тоқатли бўлмасангиз, ўйламасдан гапириб юборишингиз мумкин.
«Ҳис-туйғуларга жуда тез бериламан, шунинг учун баъзида бўлмағур нарсаларни айтиб юбораман. Сабрли бўлганимда эди, ҳаёлимга келган биринчи нарсани айтиб юбормасдан, сукут сақлаган бўлардим». (Кармен)
Муқаддас Китобда: «Севги сабр-тоқатли ва меҳрибондир»,— дейилган. (1 Коринфликларга 13:4) Бир-бирини севган инсонлар сабрли бўлиши табиийдек туюлиши мумкин. Лекин бу ҳар доим ҳам шундай эмас. Юқорида сўзлари келтирилган Жон қуйидагича давом этди: «Ҳар қандай яхши хислат билан бўлганидек, сабр-тоқатни ривожлантиришдан кўра уни йўқотиш осонроқ. Сабр-тоқатни ривожлантириш учун жон куйдириш даркор».
Қай йўсин сабр-тоқатли бўла оласиз?
Кутилмаган вазият юз берганида
Мисол. Турмуш ўртоғингиз сизга ранжитадиган сўзларни айтди. Сизда ҳам унга қўпол жавоб қайтариш истаги туғилиши мумкин.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Аразчи бўлма, чунки гина-кудурат аҳмоқлик белгисидир». (Воиз 7:9, изоҳ)
Қай йўсин сабр-тоқатни намоён этиш мумкин? Жавоб беришга шошилманг. Турмуш ўртоғингиз сизни атайлаб ранжитмоқчи деб ўйламасдан, гапларини тўғри тушунишга уриниб кўринг. Бир китобда шундай дейилган: «Аксариятимизга турмуш ўртоғимиз нима дегани ва нимани назарда тутгани эмас, балки унинг гапларини ўзимиз қандай тушунганимиз кўпроқ таъсир қилади». («Fighting for Your Marriage»)
Ҳатто умр йўлдошингиз сизни ранжитган бўлса ҳам, сабрни намоён этсангиз ва ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармасангиз, вазиятни юмшата оласиз. Ахир Муқаддас Китобда: «Ўтин бўлмаса олов ўчади»,— деб бежизга айтилмаган. (Ҳикматлар 26:20)
«Хотинингизга душмандек қарашни бошласангиз, тўхтаб, ўзингизга уни нима учун севишингизни эслатинг ва шу заҳоти у учун бирор ёқимли нарса қилинг». (Итан)
Ўйлаб кўринг:
Турмуш ўртоғингиз сизни сўзлари ёки ишлари билан ранжитса, бунга қандай муносабатда бўласиз?
Қай йўсин кейинги сафар сабр-тоқатни кўпроқ намоён этсангиз бўлади?
Турмуш ўртоғингиз хатосини қайта-қайта такрорлаганида
Мисол: Турмуш ўртоғингиз ҳамиша кеч қолади. Уни нуқул кутишингизга тўғри келгани учун жаҳлингиз чиқади.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Бир-бирингизга чидамли бўлинглар ва ҳатто кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса, уни чин дилдан кечирсин». (Колосаликларга 3:13)
Қай йўсин сабр-тоқатни намоён этиш мумкин? Кўпроқ ўзингиз ҳақда эмас, никоҳингиз ҳақида ўйланг. Ўзингиздан шундай сўранг: «Агар бўлиб ўтган бирор воқеа дастидан хафа бўлиб, турмуш ўртоғим билан баҳслашсам, бу муносабатимизга яхши таъсир қиладими ёки ёмонми?» Қолаверса, «барчамиз тез-тез хато қилиб туришимизни» ёдда тутинг. (Ёқуб 3:2) Бу сиз ҳам камчиликларингиз устида ишлашингиз лозимлигини англатади.
«Баъзида эримга қараганда дўстларимга нисбатан сабрлироқ бўламан. Бу эрим билан кўпроқ вақт ўтказганим ва унинг камчиликларини яхши билганим учун бўлса керак. Лекин сабрли бўлиш севгининг бир қирраси ва ҳурмат белгиси ҳисобланади. Сабр-тоқатли бўлиш никоҳда муҳим эканини тушундим». (Ниа)
Ўйлаб кўринг:
Жуфти ҳалолингизнинг камчиликларига нисбатан сабр-тоқатли бўляпсизми?
Қай йўсин келажакда кўпроқ сабрни намоён эта оласиз?