Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ | НИКОҲ

Турмуш ўртоғингизга ғашингиз келганида...

Турмуш ўртоғингизга ғашингиз келганида...
  •   Сиз ишларни дабдурустдан қилишни, умр йўлдошингиз эса ҳаммасини режалаштиришни яхши кўради.

  •   Сиз хотиржам ва босиқ инсонсиз, турмуш ўртоғингиз эса одамлар орасида ўзини сувдаги балиқдек ҳис қилади.

 Умр йўлдошингизнинг қайсидир жиҳати ғашингизни келтирадими? Агар бунга ҳаддан ташқари кўп эътибор қаратсангиз, никоҳингизга зарар етиши мумкин. Бежизга Муқаддас Китобда: «Гуноҳ... ҳақда гапирган... яқин дўстларни айиради»,— деб айтилмаган. (Ҳикматлар 17:9)

 Орангизга совуқчилик тушмаслиги учун ғашингизни келтираётган нарсага бошқа томондан қаранг.

Ушбу мақолада

 Ғашингизни келтираётган нарсага бошқа томондан қаранг

 Турмуш ўртоғингизда ғашингизни келтирадиган жиҳатнинг сизни унга жалб қилган томони ҳам бўлиши мумкин. Келинг, учта мисолга назар солайлик.

 «Эрим жуда секин ҳаракатланади. У бирон иш қилиши ёки қаергадир бориши учун кўп вақт кетади. Лекин бу жиҳати туфайли у жуда сабрли, айниқса, менга нисбатан. Баъзида бундан ғашим келади, аммо бу мен унда қадрлайдиган сифатнинг бир қирраси». (Челси)

 «Рафиқам ҳамма нарсани режалаштиришни яхши кўради. У барча нарса назорат остида бўлишини хоҳлайди ва бу баъзан ғашимга тегади. Бошқа томондан у ҳатто кичик нарсаларга эътиборли бўлгани туфайли ҳеч нарса назаридан четда қолмайди». (Кристофер)

 «Баъзида эрим ҳамма нарсага бефарқдек туюлади. Бу руҳимни туширади. Бошқа томондан эса шошилмасдан, ўйлаб бирон иш қилиши бошиданоқ эътиборимни тортган. Унинг стрессли вазиятларда хотиржамликни сақлай олиши менга роса ёқади». (Даниэлла)

 Челси, Кристофер ва Даниэлланинг гапларидан кўриниб турибдики, турмуш ўртоғингизнинг ҳам салбий, ҳам ижобий томонлари бўлиши мумкин. Танганинг фақат бир томонини ташлаб юборишнинг имкони бўлмаганидек, умр йўлдошингизнинг ҳам сизга ёқадиган жиҳатини қолдириб, ёқмайдиганидан қутула олмайсиз.

 Ҳа, айрим жиҳатларнинг ижобий томони йўқ. Мисол учун, Муқаддас Китобда баъзи кишиларнинг «аччиғи тез» экани ҳақида айтилган. (Ҳикматлар 29:22) Бундай ҳолда киши «ҳар қандай адоват, қаҳру ғазаб, бақириқ ва ҳақоратли сўзларни ҳар қандай ярамаслик билан бирга ўзидан соқит қилиш» учун қўлидан келганча ҳаракат қилиши лозим a. (Эфесликларга 4:31)

 Лекин турмуш ўртоғингизнинг бирон жиҳати шунчаки ғашингизга тегаётган бўлса, Муқаддас Китобдаги қуйидаги маслаҳатга амал қилинг: «Бир-бирингизга чидамли бўлинглар... ҳатто кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса,.. шундай йўл тутинглар». (Колосаликларга 3:13)

 Шунингдек, ғашингизни келтираётган нарсанинг ижобий томонини топинг. Эҳтимол, айнан шу сизни унга жалб қилгандир. Жозеф исмли бир киши шундай деди: «Умр йўлдошимизнинг ғашимизга тегадиган жиҳатларига эътибор қаратиш олмоснинг ўткир қирраларини томоша қилиб, унинг гўзаллигини кўрмасликка ўхшайди».

 Турмуш ўртоқлар учун саволлар

 Қуйидаги саволларни ҳар бирингиз алоҳида кўриб чиққач, жавобларингизни биргаликда муҳокама қилинг.

  •   Турмуш ўртоғингизда оилавий можарога сабаб бўладиган жиҳат борми? Агар бор бўлса, бу қайси?

  •   Бу жиҳат ростдан ҳам жиддийми ёки шунчаки ғашингизга тегадими?

  •   Ушбу жиҳатнинг ижобий томони борми? Агар бор бўлса, бу қайси ва нега буни қадрлайсиз?