ОИЛА УЧУН ЁРДАМ
Қай йўсин ғазабни тия оласиз?
Турмуш ўртоғингиз жаҳлингизни чиқарадиган гап айтади ёки бирон иш қилиб қўяди. Шунда ўзингизни босишга ҳаракат қиласиз. У ҳаммаси жойида эмаслигини сезиб, саволлар бера бошлайди. Бу эса, ундан баттар жаҳлингизни чиқаради. Хўш, таранг вазиятларда қай йўсин ғазабингизни тия оласиз?
Нимани билишингиз керак?
Ғазабни тия олмаслик соғлигингизга путур етказади. Тадқиқотчиларнинг айтишича, ғазабни тия олмаслик қон босими, юрак, депрессия ва овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ касалликларга чалиниш хавфини оширади. Устига-устак, бу уйқусизлик, ҳаддан ортиқ ташвишланиш, тери касалликлари ва инсультга сабаб бўлиши мумкин. Муқаддас Китобда: «Қаҳру ғазабни ўзингдан соқит қил... бу фақатгина зиён келтиради»,— деб бежизга айтилмаган. (Забур 37:8, изоҳ)
Шунчаки ғазабни тийиш ҳам зарар келтириши мумкин. Мунтазам равишда аччиқланиб юришни одамнинг ичида зиён келтирадиган касалликка ўхшатса бўлади. Масалан, сиз ҳамма нарсага шубҳа билан қарайдиган бўлиб, танқидий нуқтаи назарни ривожлантиришингиз мумкин. Бундай ҳис-туйғулар билан яшаш оғир ва турмушингизга жиддий зарар келтиради.
Нима қила оласиз?
Турмуш ўртоғингизнинг яхши тарафларига эътибор қаратинг. Умр йўлдошингизнинг қайси учта фазилатини қадрлашингизни ёзиб қўйинг. Кейинги сафар унинг бирон иши дастидан жаҳлингиз чиққанида, ўша фазилатларини эсланг. Бу туфайли ғазабингизни тийиш осонроқ бўлиши мумкин.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Миннатдор эканингизни кўрсатинглар». (Колосаликларга 3:15)
Кечиримли бўлинг. Аввало, вазиятга турмуш ўртоғингизнинг нуқтаи назари билан қаранг. Бу раҳмдил ёки Муқаддас Китобда айтилганидай «ҳамдард» бўлишингизга ёрдам беради. (1 Бутрус 3:8) Кейин ўзингиздан шундай деб сўранг: «Наҳотки бу ғазабланишимга арзиса ва уни кечира олмасам?»
Муқаддас Китобдаги принцип: «Хатоларни кечириш инсонни безайди». (Ҳикматлар 19:11)
Меҳрибонлик ва мулойимлик ила ҳис-туйғуларингизни тушунтиринг. «Мен» олмошини ишлатинг. Мисол учун: «Қўнғироқ қилиб, қаерда эканингизни айтиб қўйсангиз бўлмайдими?» — дейишнинг ўрнига, «Кеч тушди ва мен қаерда эканингизни билмай хавотирландим»,— деб айтинг. Ҳис-туйғуларингизни мулойимлик ила тушунтириш ғазабни тийишга ёрдам беради.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Сўзларингиз доимо ёқимли ва мазали бўлсин». (Колосаликларга 4:6)
Ҳурмат билан тингланг. Ичингиздагини айтиб бўлгач, турмуш ўртоғингизнинг гапини бўлмай тингланг. У гапини тугатгач, уни тўғри тушунганингизга ишонч ҳосил қилиш учун айтганларини бошқача сўзлар билан ифодаланг. Яхшилаб тинглаш ғазабни тийишда муҳим аҳамиятга эга.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар бир киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга... шошилмасин». (Ёқуб 1:19)