Қандай қилиб абадий яшай оласиз?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Муқаддас Китобда шундай ваъда ҳақида ёзилган: «Худонинг иродасини бажараётган киши абадий яшайди». (1 Юҳанно 2:17) Хўш, Худо нима қилишингизни хоҳлайди?
Аллоҳ ҳамда Унинг Ўғли Исо Масиҳ ҳақида билиб олинг. Исо Худога ибодат қилганда: «Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак»,— деб айтган. (Юҳанно 17:3) Худони ва Исони таниб-билиш нимани ўз ичига олади? Уларни Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш ва билиб олганларимизни ҳаётимизда қўллаш орқали таниб-билишимиз мумкин a. Муқаддас Китобга кўра, Яратган Эгамиз Яҳова ҳаёт Манбаидир. (Ҳаворийлар 17:24, 25) Қолаверса, бу китобдан «абадий ҳаётнинг сўзларига» ўргатган Исо Масиҳ ҳақида билиб оламиз. (Юҳанно 6:67–69)
Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлигига ишонинг. Исо ер юзига «хизмат қилгани ва... жонини тўлов сифатида бергани келган». (Матто 20:28) Бу тўлов одамлар учун ер юзида жаннатда абадий яшаш имкониятини очиб берган b. (Забур 37:29) Исо қуйидагича деган: «Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин». (Юҳанно 3:16) Аммо Исо Масиҳга ишонишнинг ўзи етарли эмас. Унга ишонаётганимизни унинг таълимотларига ва самовий Отасининг иродасига мувофиқ яшаб кўрсатамиз. (Матто 7:21; Ёқуб 2:17)
Худо билан яқин дўст бўлинг. Худо биз Унга яқинлашишимизни ва У билан дўст бўлишимизни истайди. (Ёқуб 2:23; 4:8) Аллоҳ мангудир, У доим бор бўлади ва дўстлари ҳам абадий яшашини хоҳлайди. Каломида Худо Уни излайдиган кишилар ҳақида «улар ҳаётдан тоабад мамнун бўлиб яшасин» деб ёзган. (Забур 22:26)
Абадий яшаш борасидаги нотўғри фикрлар
Нотўғри фикр. Одамлар ҳаракатлари туфайли абадий яшай олади.
Тўғри фикр. Тиббиётдаги баъзи ютуқлар туфайли одамларнинг умри узайиши мумкин деб ваъда қилинаётган бўлса-да, бу уринишлар абадий ҳаётга етакламайди. Абадий ҳаётни ягона Аллоҳ ато этишга қодир, чунки У «ҳаёт манбаи». (Забур 36:9) «Ўлимни У тоабад йўқ қилади» ва барча содиқ кишиларга абадий ҳаётни беришни ваъда қилмоқда. (Ишаё 25:8; 1 Юҳанно 2:25)
Нотўғри фикр. Фақат муайян ирқ вакиллари абадий умр кўради.
Тўғри фикр. Аллоҳ ҳеч бир ирқни бошқасидан юқори кўрмайди. Аксинча, «Ундан қўрқиб, тўғри йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан». (Ҳаворийлар 10:34, 35) Барча халқ вакиллари ва келиб чиқиши қандай бўлишидан қатъи назар Худога итоатли бўлган ҳар бир киши абадий умр кўради.
Нотўғри фикр. Абадий яшаш зерикарли.
Тўғри фикр. Абадий яшаш ваъдасини Худо бермоқда, У бизни яхши кўради ва бахтиёр бўлишимизни истайди. (Ёқуб 1:17; 1 Юҳанно 4:8) Тангри шуни биладики, биз бахтиёр бўлиб яшашимиз учун мазмунли иш билан банд бўлишимиз керак. (Воиз 3:12) Аллоҳ ер юзида абадий яшайдиган кишилар мазмунли ҳаёт кечириб, қониқарли ишлаб, бундан ўзлари ва яқинлари фойда олишини ваъда бермоқда. (Ишаё 65:22, 23)
Бундан ташқари, абадий яшайдиганлар Яратувчи ҳамда Унинг ажойиб турли ишлари ҳақида янги фикрларни билишда давом этишади. Худо бизни абадий яшаш ва У ҳақида билим олиш истаги билан яратган бўлса-да, «одам ҳеч қачон Худонинг ишларини бошидан охиригача тушуниб ета олмайди». (Воиз 3:10, 11) Шу боис, абадий яшайдиган инсонлар билиб олгиси келган ва қилмоқчи бўлган қизиқарли нарсалар чексиздир.
a Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобни бепул тадқиқ қилишга сизни таклиф қилади. Кўпроқ маълумот олиш учун, «Муқаддас Китоб тадқиқи қандай ўтказилади?» номли видеони томоша қилинг.
b «Исо Масиҳ қандай қилиб қутқаради?» номли мақолага қаранг.