Аҳд сандиғи нима ўзи?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Худо қадимги Исроил халқига Унинг лойиҳаси бўйича муқаддас қути, яъни аҳд сандиғини ясашга амр берган эди. «Шоҳидлик лавҳаси» ёки Ўнта амр ёзилган иккита тош лавҳа бу сандиқ ичида сақланарди. (Чиқиш 25:8–10, 16; 31:18)
Кўриниши. Аҳд сандиғининг узунлиги 2,5, эни 1,5, бўйи эса 1,5 тирсак эди (111 х 67 х 67 см). Аҳд сандиғи акация дарахтининг ёғочидан ясалган бўлиб, унинг ичи ва таши олтин билан қопланган. Тепа қисмининг атрофига эса безак бериб чиқилган. Аҳд сандиғининг қопқоғи соф олтиндан қилиниб, унинг иккита чеккасига олтиндан ясалган карублар ўрнатилган. Улар бир-бирига юзма-юз ўрнатилиб, юзлари қопқоққа қаратилган ва қанотлари юқорига кўтарилган бўлиб, қопқоққа соя солиб турган. Сандиқ оёқларининг юқори қисмида тўртта қўйма олтин ҳалқа бор эди. Аҳд сандиғини кўтариб юриш учун акация дарахти ёғочидан махсус ходалар ясалган. Улар олтин билан қопланган ва ҳалқаларга киргизиб қўйилган. (Чиқиш 25:10–21; 37:6–9)
Турган жойи. Бошида аҳд сандиғи муқаддас чодирнинг Энг муқаддас хонасида сақланган. Мазкур чодир йиғма бўлиб, у ерда Худога топинишган. Аҳд сандиғи ва муқаддас чодир бир вақтда ясалган. Энг муқаддас хонани руҳонийлар ва одамлар кўрмаслиги учун у парда билан тўсиб қўйилган. (Чиқиш 40:3, 21) Бу хонага йилида бир марта Гуноҳларни ювиш куни олий руҳоний кириши ва аҳд сандиғини кўриши мумкин эди. (Левилар 16:2; Ибронийларга 9:7) Кейинчалик, аҳд сандиғи Сулаймон қурган маъбадга кўчирилган. (3 Шоҳлар 6:14, 19)
Мақсади. Аҳд сандиғида муқаддас анжомлар сақланган бўлиб, бу нарсалар Исроил халқига Худо улар билан Синай тоғида қилган аҳдни ёки келишувни эслатиб турган. Аҳд сандиғи Гуноҳларни ювиш кунида ўтказилган маросимда муҳим ўринни эгаллаган. (Левилар 16:3, 13–17)
Ичида сақланган нарсалар. Аҳд сандиғига қўйилган биринчи нарса Ўнта амр ёзилган тош лавҳалар бўлган. (Чиқиш 40:20) Кейинчалик бу сандиққа манна солинган тилла идиш ва «Ҳоруннинг гуллаган таёғи» ҳам қўйилган. (Ибронийларга 9:4; Чиқиш 16:33, 34; Саҳрода 17:10) Тилла идиш ва таёқни қайсидир вақтдан кейин олиб қўйишганга ўхшайди. Чунки аҳд сандиғини маъбадга кўчиришганида, бу нарсалар сандиқда йўқ эди. (3 Шоҳлар 8:9)
Кўчириш. Левилар акация ёғочидан қилинган ходалар ёрдамида аҳд сандиғини елкаларида кўтариб юришган. (Саҳрода 7:9; 1 Солномалар 15:15) Левилар аҳд сандиғига қўл теккизиши мумкин бўлмаган. Шу сабабли ходалар доим ҳалқаларга киргизилган ҳолда турган. (Чиқиш 25:12–16) Сандиқни кўчираётганда Муқаддас хонани Энг муқаддас хонадан ажратиб «турган парда» билан сандиқнинг устини ёпишган a.
Рамзий маъноси. Аҳд сандиғи Худо Ўз халқи билан бирга бўлганини англатган. Масалан, Энг муқаддас хонадаги аҳд сандиғи ҳамда Исроил халқининг қароргоҳи устида турган булут Яҳова Ўз халқи билан бирга эканидан ҳамда Унинг баракасидан далолат берган. (Левилар 16:2; Саҳрода 10:33–36) Шунингдек, Муқаддас Китобда аҳд сандиғи устидаги иккита карубга ишора қилиб, Яҳова «карублар устида, тахтда ўтиргани» ҳақида ёзилган. (1 Шоҳлар 4:4; Забур 80:1) Демак, бу карублар Яҳованинг аравасини тасвирлаган. (1 Солномалар 28:18) Довуд аҳд сандиғи ниманинг рамзи эканини тушгани учун, аҳд сандиғини Сионга кўчиришганида Яҳова «Сионда маскан қургани» ҳақида ёзган. (Забур 9:11)
Бошқа номлари. Муқаддас Китобда муқаддас сандиққа нисбатан турли иборалар қўлланилган, жумладан, «шоҳидлик сандиғи», «аҳд сандиғи», «Яҳованинг аҳд сандиғи» ҳамда «[Яҳова] қудратининг рамзи бўлмиш аҳд сандиғи». (Саҳрода 7:89; Ёшуа 3:6, 13; 2 Солномалар 6:41)
Аҳд сандиғининг қопқоғи «яраштирувчи қопқоқ» деб аталган. Ушбу ибронийча ибора «гуноҳнинг устини ёпмоқ» деган маънога эга феълдан келиб чиққан. (1 Солномалар 28:11) Ушбу ибора Гуноҳни ювиш куни ўтказилган махсус маросимга ишора қилган. Бу куни Исроил халқининг олий руҳонийси гуноҳ қурбонлигининг қонини қопқоқ томонга ва қопқоқнинг олдида ерга сачратарди. Бундай ҳаракатлари билан олий руҳоний «ўзининг, хонадонининг ва бутун Исроил жамоасининг гуноҳларини ювган» ёки «гуноҳнинг устини ёпган». (Левилар 16:14–17)
Аҳд сандиғи бугунги кунда мавжудми?
Бу ҳақда ҳеч қандай далил йўқ. Муқаддас Китобдан кўриняптики, аҳд сандиғига бошқа эҳтиёж қолмаган, чунки бу сандиқ билан боғлиқ аҳд Исонинг қурбонлиги асосида қилинган «янги аҳдга» алмаштирилган. (Еремиё 31:31–33; Ибронийларга 8:13; 12:24) Муқаддас Китобда аҳд сандиғи бошқа бўлмаслиги ва Худонинг халқи уни қўмсамаслиги ҳақида башорат қилинган эди. (Еремиё 3:16)
Янги аҳд қилинганидан сўнг, ҳаворий Юҳанно кўрган ваҳийда осмонда аҳд сандиғи пайдо бўлади. (Ваҳий 11:15, 19) Мазкур рамзий аҳд сандиғи Худонинг ҳузурини ҳамда У янги аҳд асосида берадиган баракани англатади.
Аҳд сандиғи сеҳрли кучга эгами?
Йўқ. Аҳд сандиғига эга бўлишнинг ўзи муваффақият гарови бўлмаган. Масалан, исроилликлар Ай шаҳрига қарши жанг қилмоқчи бўлишганида аҳд сандиғи уларнинг қароргоҳида эди. Афсуски улар Худога садоқатсизлик қилишгани туфайли мағлубиятга учрашди. (Ёшуа 7:1–6) Кейинчалик ҳам улар жанг майдонига аҳд сандиғини олиб келган бўлишса-да, филистимликларга қарши жангда мағлубиятга учрашди. Бу Исроил халқининг руҳонийлари Хўфнах ва Финхазнинг ёвузлиги дастидан содир бўлган эди. (1 Шоҳлар 2:12; 4:1–11) Филистимликлар бу жангда аҳд сандиғини қўлга киритишган, аммо улар бу сандиқни Исроил халқига қайтариб бермагунича, Худо уларни оғир касалликка дучор қилган. (1 Шоҳлар 5:11–6:5)
Йил (мил. авв.) |
Воқеа |
---|---|
1513 |
Базалил ва унинг ёрдамчилари Исроил халқи хайр-эҳсон қилган нарсалардан бу сандиқни ясашди. (Чиқиш 25:1, 2; 37:1) |
1512 |
Мусо муқаддас чодирни ҳамда руҳонийларни Яҳовага бағишлайди. (Чиқиш 40:1–3, 9, 20, 21) |
1512–1070 ва ундан сўнг |
Турли жойларга кўчирилган. (Ёшуа 18:1; Ҳакамлар 20:26, 27; 1 Шоҳлар 1:24; 3:3; 6:11–14; 7:1, 2) |
1070 дан сўнг |
Шоҳ Довуд уни Қуддусга олиб келган. (2 Шоҳлар 6:12) |
1026 |
Шоҳ Сулаймон Қуддусда қурган маъбадга кўчирилган. (3 Шоҳлар 8:1, 6) |
642 |
Шоҳ Йўшиё уни маъбадга қайтариб олиб келади. (2 Солномалар 35:3) b |
607 дан олдин |
Ҳойнаҳой маъбаддан олиб кетилган. Чунки мил. авв. 607 йилда Қуддус вайрон қилинганида, бу сандиқ бобилликлар томонидан олиб кетилган ҳамда кейинчалик Қуддусга қайтариб олиб келинган нарсалар орасида тилга олинмаган. (4 Шоҳлар 25:13–17; Эзра 1:7–11) |
63 |
Рим қўшинига қўмондонлик қилган Помпеи Қуддусни забт этганида, маъбаднинг Энг муқаддас хонасини текширганида бу сандиқ йўқлигини маълум қилган c. |
a Исроил халқи аҳд сандиғини кўчириш ҳамда унинг устини ёпишга оид Худонинг қонунини бузишганда даҳшатли кулфатлар содир бўлган. (1 Шоҳлар 6:19; 2 Шоҳлар 6:2–7)
b Муқаддас Китобда бу сандиқ қачон, нима учун ёки ким томонидан олиб кетилгани ҳақида айтилмаган.
c Тацит Корнелийнинг «История» номли 5-китоб, 9- хб. қаранг.