Илк гуноҳ нима эди?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Одамато ва Момоҳаво биринчи бўлиб гуноҳ қилишди. Улар «нима яхши ва нима ёмон эканини билдирадиган дарахтнинг мевасидан» еб Худога итоатсизлик қилишганида, кўпчилик орасида илк гуноҳ деб танилган ёмон ишга қўл уришди. a (Ибтидо 2:16, 17; 3:6; Римликларга 5:19) Одамато ва Момоҳавога ушбу дарахт мевасидан ейишга рухсат берилмаганди, сабаби шу дарахт Худонинг ҳокимиятини ёки инсонлар учун нима тўғри ва нима нотўғри эканини ҳал қилиш ҳуқуқини тасвирларди. Одамато билан Момоҳаво мазкур дарахтнинг мевасидан еб, нима тўғрию нима нотўғри эканини ўзлари ҳал қилишни танлашди ва шу йўсин ҳақи бўлмаган ишга қўл уришди. Бу билан улар Худонинг ахлоқий меъёрлар ўрнатиш ҳуқуқини поймол қилишди.
«Илк гуноҳ» Одамато ва Момоҳавога қандай таъсир қилди?
Гуноҳ қилишгани дастидан Одамато ва Момоҳаво қариб, охир-оқибат ўлишди. Улар Худо билан дўстлигини барбод қилишди ва мукаммал соғлиққа эга бўлиб, абадий яшаш истиқболини қўлдан бой беришди. (Ибтидо 3:19)
«Илк гуноҳ» бизга қандай таъсир қиляпти?
Одамато ва Момоҳаво барча авлодларига гуноҳни мерос қилиб қолдиришди. Буни ота-онадан фарзандига генетик нуқсонларнинг ўтиши билан солиштирса бўлади. (Римликларга 5:12) Шу сабабли барча инсонлар «гуноҳкор» b бўлиб туғилади. Бу дегани, ҳаммамиз номукаммал ва хатолар қилишга мойил бўлиб туғиламиз. (Забур 51:5; Эфесликларга 2:3)
«Илк гуноҳ»нинг оқибатларидан қутула оламизми?
Ҳа. Муқаддас Китобда Исо «гуноҳлар(имиз)ни қоплайдиган қурбонлик» сифатида ўз жонини бергани ҳақида айтилган. (1 Юҳанно 4:10, изоҳ) Исонинг қурбонлиги бизни мерос бўлиб ўтган гуноҳнинг оқибатларидан озод қила олади ва Одамато билан Момоҳаво қўлдан бой берган нарсани, яъни мукаммал соғлиққа эга бўлиб, абадий яшаш имконини беради. (Юҳанно 3:16) c
«Илк гуноҳ» ҳақидаги нотўғри фикрлар
Нотўғри фикр: Илк гуноҳ дастидан ҳеч қачон Худо билан яхши муносабатларга эга бўла олмаймиз.
Тўғри фикр: Худо Одамато ва Момоҳавонинг қилмиши сабабли бизни айбламайди. У номукаммал эканимизни тушунади ҳамда қўлимиздан келган ишдан ортиғини қилишимизни биздан кутмайди. (Забур 103:14) Ҳатто мерос бўлиб ўтган гуноҳ дастидан азоб чексак-да, Худо билан яқин муносабатларга эга бўлиш имкониятига ва шарафига эгамиз. (Ҳикматлар 3:32)
Нотўғри фикр: Сувга чўмиш инсонни илк гуноҳдан озод қилади, шунинг учун чақалоқларни сувга чўмдириш керак.
Тўғри фикр: Гарчи сувга чўмиш нажот топиш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланса-да, фақатгина Исонинг тўлов қурбонлигига бўлган ишонч кишини гуноҳдан пок қилади. (1 Бутрус 3:21; 1 Юҳанно 1:7) Ҳақиқий имон билимга асосланади, чақалоқлар учун эса бу имконсиз нарса. Шунинг учун Муқаддас Китоб чақалоқларни сувга чўмдиришни маъқулламайди. Илк масиҳийлар ҳам шу фикрда эди. Улар чақалоқларни эмас, Худонинг Каломига ишонган эркаклар ва аёлларни сувга чўмдиришган. (Ҳаворийлар 2:41; 8:12)
Нотўғри фикр: Момоҳаво биринчи бўлиб тақиқланган мевадан егани учун, Худо уни лаънатлаган.
Тўғри фикр: Худо Момоҳавони эмас, балки уни гуноҳ қилишга оғдирган «Иблис ва Шайтон деб аталган алмисоқ илонни» лаънатлаган. (Ваҳий 12:9; Ибтидо 3:14) Бундан ташқари, Худо содир этилган илк гуноҳ учун асосий жавобгарликни унинг хотинига эмас, Одаматонинг зиммасига юклаган. (Римликларга 5:12)
Нега Худо Одамато хотини устидан хўжайинлик қилиши ҳақида айтган? (Ибтидо 3:16) Нима, Худо бундай қилишга Ўзи йўл қўйиб берганмиди? Йўқ, У гуноҳнинг аччиқ оқибати тўғрисида башорат қилган, холос. Худо эркакдан ўз хотинини севиб, эъзозлашини ва, умуман олганда, аёлларга чуқур эҳтиром кўрсатишини кутади. (Эфесликларга 5:25; 1 Бутрус 3:7)
Нотўғри фикр: Илк гуноҳ жинсий алоқа эди.
Тўғри фикр: Қуйидаги сабабларга кўра жинсий алоқани илк гуноҳ деб бўлмайди:
Худо Одаматога нима яхши ва нима ёмон эканини билдирадиган дарахтнинг мевасидан емасликни айтганида, Одамато ҳали бир ўзи бўлиб, хотини яратилмаганди. (Ибтидо 2:17, 18)
Худо Одамато билан Момоҳавога: «Серфарзанд бўлиб, кўпайинглар»,— дея йўл-йўриқ берганди. (Ибтидо 1:28) Илк жуфтликни Ўзи буюрган ишни қилишгани учун жазолаш Худо томонидан шафқатсизлик бўларди.
Одамато ва Момоҳаво бир-биридан алоҳида, яъни биринчи бўлиб Момоҳаво, кейин эса Одамато гуноҳ қилган. (Ибтидо 3:6)
Муқаддас Китоб эру хотин ўртасидаги жинсий алоқани қораламайди. (Ҳикматлар 5:18, 19; 1 Коринфликларга 7:3)
a Муқаддас Китобда «илк гуноҳ» ибораси учрамайди. Муқаддас Китобда тилга олинган энг биринчи гуноҳ — Шайтоннинг ёлғон сўзлари ва у Момоҳавони тўғридан-тўғри алдаганидир. (Ибтидо 3:4, 5; Юҳанно 8:44)
b Муқаддас Китобда «гуноҳ» сўзи остида нафақат ёмон ишлар, балки бизга мерос бўлиб ўтган номукаммаллигимиз ёки гуноҳкорлигимиз ҳам назарда тутилади.
Мерос бўлиб ўтган гуноҳ ёки номукаммаллик дастидан касал бўламиз, қариймиз ва ўламиз. (Римликларга 6:23) Бундан ташқари, ўзимизнинг ва бошқаларнинг хатолари сабабли азоб чекамиз. (Воиз 8:9; Ёқуб 3:2)
c Исонинг тўлов қурбонлиги ва ундан қандай фойда олишимиз мумкинлиги ҳақида кўпроқ билиб олиш учун «Исо Масиҳ қандай қилиб қутқаради?» номли мақолага қаранг.