Нега Исо Худонинг Ўғли деб аталади?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Муқаддас Китобда Исо кўпинча «Худонинг Ўғли» деб аталади. (Юҳанно 1:49) «Худонинг Ўғли» a ибораси Аллоҳ ҳамманинг, жумладан, Исонинг ҳам ҳаёт Манбаи, Яратувчиси эканини кўрсатмоқда. (Забур 36:9; Ваҳий 4:11) Муқаддас Китобга кўра, Худо инсонлар каби том маънода болаларни дунёга келтирмайди.
Муқаддас Ёзувларда фаришталар ҳам «ҳақ Тангрининг ўғиллари» деб аталади. (Аюб 1:6) Қолаверса, у ерда илк инсон, Одамато ҳам «Худонинг ўғли» деб ёзилган. (Луқо 3:38) Аммо Исо Худонинг илк ижоди бўлгани ва У уни Ўзи яратгани учун Муқаддас Китобда кўпинча Худонинг Ўғли деб айтилади.
Исо ер юзига келишдан аввал осмонда яшаганми?
Ҳа. Исо ер юзида инсон сифатида туғилишидан аввал осмонда руҳий шахс эди. Унинг ўзи: «Осмондан тушганман»,— деб айтган. (Юҳанно 6:38; 8:23)
Аллоҳ ҳамма нарсадан олдин Исони яратган эди. Муқаддас Китобда Исо ҳақида қуйидагилар ёзилган:
«У барча мавжудотлар ичида тўнғичдир». (Колосаликларга 1:15)
У «Худонинг ижодларидан биринчиси». (Ваҳий 3:14)
«Унинг келиб чиқиши қадим замонлардан, азалий кунлардан»,— деб айтилган башорат унда амалга ошди. (Михо 5:2; Матто 2:4–6)
Исо ер юзига келишдан олдин нима қилган?
У осмонда юксак мавқега эга эди. Исо қуйидагича ибодат қилганда ўз мавқеига ишора қилган: «Отажон, дунё яратилишидан аввал... эга бўлган шарафни менга яна ато этгин». (Юҳанно 17:5)
У Отасига барча нарсани яратишда ёрдам берган. Исо Тангрининг ёнида «моҳир ишчи» сифатида меҳнат қилган. (Ҳикматлар 8:30) Муқаддас Китобда Исо тўғрисида шундай айтилган: «Еру осмондаги бор мавжудот... унинг ёрдамида вужудга келди». (Колосаликларга 1:16)
Худо Исо орқали ҳамма нарсани яратган. У шунингдек, фаришталарни ва коинотни яратган. (Ваҳий 5:11) Қайсидир маънода, Худо Исо билан қилган ҳамкорлигини, архитектор ва қурувчининг ҳамкорлигига ўхшатса бўлади. Архитектор бинони лойиҳалаштиради, қурувчи эса уни қуради.
У Калом эди. Исонинг осмондаги ҳаёти ҳақида гап кетганда, Муқаддас Китобда у«Калом» деб аталади. (Юҳанно 1:1) Афтидан, Худо Ўғли орқали фаришталарга маълумот ва йўл-йўриқ тақдим этган.
Эҳтимол, Тангри ер юзидаги инсонларга Исо орқали гапирган. Худо Адан боғида бўлган Одамато билан Момоҳавога Калом бўлмиш Исо орқали йўл-йўриқлар бергандир. (Ибтидо 2:16, 17) Саҳрода Исроил халқини етаклаган ҳамда улар астойдил бўйсуниши керак бўлган фаришта ҳам Исо бўлганга ўхшайди. (Чиқиш 23:20–23) b
a Баъзилар бу иборани эшитганда, чўчийди ва буни тан олмайди, чунки фақат инсонлар бола кўра олади дейишади. Худо эса руҳий Шахс. Масалан, «ўғил, ота, ака-ука» сўзлари мажозий маънода қўлланилиши мумкин. Мисол учун, ёши катталар ёшларга, аслида ота-онаси бўлмаса ҳам «болам, ўғлим, қизим» деб мурожаат қилади. Гоҳида «у шу қишлоқнинг боласи» деган иборани эшитганимизда, уни том маънода қишлоқ дунёга келтирган деган фикрга бормаймиз, у қаердан келиб-чиққанини биламиз, холос. Муқаддас Китобда ҳам Яҳова бизнинг Яратувчимиз бўлгани боис, Отамиз деб айтилади. (Ишаё 64:8)
b Худо Каломдан ташқари, бошқа фаришталар орқали ҳам гапирган эди. Масалан, Исроил халқига Тавротни бериш учун бошқа фаришталардан фойдаланган. (Ҳаворийлар 7:53; Галатияликларга 3:19; Ибронийларга 2:2, 3)