Кекса ота-оналарга ғамхўрлик қилиш борасида Муқаддас Китобда нима дейилган?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Вояга етган фарзандлар кекса ота-отаналарига ғамхўрлик қилинаётганига ишонч ҳосил қилиш каби муҳим масъулиятга эга. Муқаддас Китобда вояга етган фарзандлар қуйидагиларни қилиши кераклиги айтилган: «Аввал уйларида художўй бўлишни ўрганиб, ота-оналарига... нисбатан бурчларини бажаришсин, чунки бу Худога маъқулдир». (1 Тимўтийга 5:4) Вояга етган фарзандлар кекса ота-оналарига ғамхўрлик кўрсатилаётганига амин бўлса-да, улар Муқаддас Китобдаги: «Ота-онангизни ҳурмат қилинг»,— деган амрга ҳам бўйсунишади. (Эфесликларга 6:2, 3)
Худонинг Каломида кексайган ота-оналарга ғамхўрлик қилиш борасида ўзгача йўл-йўриқлар келтирилмаган. Бироқ у ерда кексайган ота-онасига ғамхўрлик кўрсатган имонли эркагу аёлларнинг мисоллари ёзилган. Қолаверса, Муқаддас Китобда кекса ота-онасига ғамхўрлик қилувчиларга қўл келадиган амалий маслаҳатлар бор.
Қай йўсин қадимда баъзилар кекса ота-онасига ғамхўрлик кўрсатган?
Улар вазиятларидан келиб чиқиб, буни турли йўллар орқали қилишган.
Юсуф ёши ўтиб бораётган отаси Ёқубдан узоқда яшаган. Имкон туғилганида, Юсуф отаси Ёқубни ўзига яқинроқ жойга кўчирган. Сўнг эса у Ёқубни уй-жой, озиқ-овқат билан таъминлаб, уни ҳимоя қилган. (Ибтидо 45:9–11; 47:11, 12)
Рут қайнанасининг она юртига кўчиб борган ва унга ғамхўрлик қилиш учун қаттиқ меҳнат қилган. (Рут 1:16; 2:2, 17, 18, 23)
Исо ўлимидан сал аввал, ҳойнаҳой, ўшанда бева бўлган онаси Марямга ғамхўрлик қилишни бир кишига тайинлаган. (Юҳанно 19:26, 27) a
Муқаддас Китобда кекса ота-онасига ғамхўрлик қилувчиларга қўл келадиган қандай амалий маслаҳатлар бор?
Кекса ота-онасига ғамхўрлик қиладиганлар баъзида жисмонан ва ҳиссан чарчайди. Бундай вазиятда Муқаддас Китобдаги принциплар уларга ёрдам бера олади.
Ота-онангизни ҳурмат қилинг.
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ота-онангизни ҳурмат қилинглар». (Чиқиш 20:12)
Бу принципни қай йўсин қўлласа бўлади? Ота-онангизнинг имкониятлари йўл қўйгунча уларга эркинлик бериш орқали ҳурмат кўрсатинг. Вазият йўл қўйгунча қандай ғамхўрлик қилиш борасида ота-онангиз қарор чиқаришига йўл қўйинг. Шу билан бирга, шароитингиздан келиб чиқиб уларни қўллаб-қувватлаш орқали ҳурмат кўрсатинг.
Тушунадиган ва кечиримли бўлинг.
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Фаҳм-фаросатли жаҳлини тия олади, хатоларни кечириш инсонни безайди». (Ҳикматлар 19:11)
Бу принципни қай йўсин қўлласа бўлади? Ота-онангиз қўпол гапирса ёки ғамхўрлигингизни қадрламаётгандай туюлса, ўзингиздан шундай деб сўранг: «Улар каби имкониятларим чегараланган ва руҳим тушган бўлса, ўзимни қандай ҳис қилган бўлардим?» Тушунишга ва кечиримли бўлишга ҳаракат қилсангиз, бу сизга қийин вазиятни янада чигаллаштирмасликка ёрдам берар.
Бошқалар билан маслаҳатлашинг.
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Маслаҳат бўлмаган жойда режалар барбод бўлади, маслаҳатчи кўп бўлса, улар амалга ошади». (Ҳикматлар 15:22)
Бу принципни қай йўсин қўлласа бўлади? Ота-онангизда бўлиши мумкин бўлган соғлиқ муаммоларини қандай ҳал қилиш борасида изланиш ўтказинг. Сиз яшайдиган ҳудудда уларга яхшироқ ғамхўрлик қилишга кўмаклашадиган қандай имкониятлар борлигини аниқланг. Кекса ота-онасига ғамхўрлик қиладиганлар билан суҳбатлашинг. Ака-ука ёки опа-сингилларингиз бўлса, ота-онангизнинг эҳтиёжлари, уларга қандай ёрдам кўрсатиш ва масъулиятларни қандай бўлишиб олишни биргаликда муҳокама қилинг.
Имкониятларингиз чегараланганини тан олинг.
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ўз ҳаддини биладиганларга эса донолик хосдир». (Ҳикматлар 11:2, изоҳ)
Бу принципни қай йўсин қўлласа бўлади? Имкониятларингиз чегараланганини тан олинг. Масалан, ҳар бир инсоннинг вақти ва кучи чегараланган. Имкониятлар чегараланганини билиш ота-онангиз учун нималар қила олишингизга реал қарашингизга таъсир қилади. Кекса ота-онангизга ғамхўрлик қилиш сизга оғирлик қилаётганини сезсангиз, бошқа оила аъзоларингиздан ёки мутахассислардан ёрдам сўраш ҳақида ўйлаб кўринг.
Соғлигингизга эътиборли бўлинг.
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳеч бир киши ўз танасидан нафратланмайди, аксинча, уни озиқлантириб, ардоқлайди». (Эфесликларга 5:29)
Бу принципни қай йўсин қўлласа бўлади? Ота-онангизга ғамхўрлик қилиш масъулиятига эга бўлсангиз ҳам, ўз эҳтиёжларингизга ва агар турмуш қурган бўлсангиз, оилангизга ғамхўрлик қилишингиз лозим. Яхши овқатланишингиз керак. Етарлича дам олишингиз ва ухлашингиз даркор. (Воиз 4:6) Имкон туғилганда оз-моз дам олиш учун танаффус қилиб туриш яхши бўларди. Бундай йўл тутиб, ҳиссан, ақлан ҳамда жисмонан яхшиланиб, ота-онангизга ғамхўрлик қила оласиз.
Худонинг Каломида кекса ота-оналарга фақат уйда ғамхўрлик қилиш керак, деб айтилганми?
Муқаддас Китобда бу ҳақда аниқ йўл-йўриқ келтирилмаган. Баъзи фарзандлар ота-онасига имкон қадар уйида ғамхўрлик қилишни танлашади. Лекин қайсидир пайтда улар ота-онасига қариялар уйида сифатлироқ ёрдам берилади, деб хулоса қилар. Оила аъзолар бирга йиғилиб, ҳар бири учун қайси қарор энг маъқул бўлишини муҳокама қилиши мумкин. (Галатияликларга 6:4, 5)
a Бу воқеа борасида бир илоҳиётшунос шундай деди: «Эҳтимол, Юсуф [Марямнинг эри] бундан анча олдин вафот этган. Исо эса Марямга ғамхўрлик қилган. Энди Исо ҳаётдан кўз юмар экан, унинг онаси билан нима бўлади? [...] Бу билан Исо фарзандларга кекса ота-онасига ғамхўрлик қилиш кераклигини ўргатган». («The NIV Matthew Henry Commentary in One Volume», 428- , 429- саҳифалар)