Муқаддас Китобда бошқаларга бериш ҳақида нима дейилган?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Муқаддас Китобга биноан, ихтиёрий равишда ва тўғри ният ила бериш керак. У ерда айтилишича, кимгадир бирон нима бериб, ҳам унга, ҳам ўзимизга фойда келтирамиз. (Ҳикматлар 11:25; Луқо 6:38) Исо: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта»,— деган. (Ҳаворийлар 20:35)
Бошқаларга берганимиз қачон Худога маъқул келади?
Бошқаларга ўз ихтиёримиз билан берганимиз Аллоҳга маъқул келади. Унинг Каломида шундай ёзилган: «Ҳар бир инсон норози бўлиб ёки мажбурият юзасидан эмас, балки кўнглида ният қилганини берсин. Чунки Аллоҳ қувонч билан берганни севади». (2 Коринфликларга 9:7)
Чин дилдан бериш Худога топинишнинг бир қисми ҳисобланади. (Ёқуб 1:27) Муҳтож бўлганларга сахийлик ила берган киши Худо билан ҳамкорлик қилган бўлади. Бундай инсон худди Аллоҳнинг Ўзига қарз бергандай бўлади. (Ҳикматлар 19:17) Муқаддас Китобда Худо унинг яхшилигини қайтаради деб айтилган. (Луқо 14:12–14)
Бошқаларга берганимиз қачон Худога маъқул келмайди?
Агар ғараз ниятда берсак. Масалан, бунга қуйидагилар киради:
Бошқаларни лол қолдириш нияти. (Матто 6:2)
Фойда кўриш нияти. (Луқо 14:12–14)
Гуноҳлари кечирилиш нияти. (Ҳаворийлар 8:20)
Худо қоралаётган ишларни қўллаб-қувватлаш учун берсак, бу Унга маъқул келмайди. Масалан, қимор ўйини, гиёҳванд ёки спиртли ичимликларга берилиб кетганларга пул берсак, нотўғри бўларди. (1 Коринфликларга 6:9, 10; 2 Коринфликларга 7:1) Ўзини моддий жиҳатдан таъминлай олади-ю, лекин бундан бош тортаётган кишига бериш ҳам тўғри эмас. (2 Салоникаликларга 3:10)
Бошқаларга берганимизда, уйимиздагилар бундан зиён кўрса, бу Худога маъқул келмайди. Муқаддас Китобга кўра, оила боши уйидагиларнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш масъулиятига эга. (1 Тимўтийга 5:8) У бошқаларга кўпроқ берса ва бунинг дастидан оила аъзолари муҳтожлик сезса, у нотўғри йўл тутган бўлади. Топган-тутганим «Худога бағишланган ҳадя» дея, ёши улуғ ота-онасига ғамхўрлик қилишдан бош тортган кишини ҳам Исо қоралаган. (Марк 7:9–13)