Пандемиялар ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Муқаддас Китобда ўлатлар (кенг тарқалган касалликлар, жумладан пандемиялар) охирзамон пайтида юз бериши башорат қилинган. (Луқо 21:11) Бундай пандемиялар Аллоҳнинг қаҳри ёки жазоси эмас. Дарҳақиқат, яқинда Худо Ўз Шоҳлиги орқали барча соғлик муаммоларига, жумладан пандемияларга ҳам чек қўяди.
Муқаддас Китобда пандемиялар башорат қилинганми?
Муқаддас Китобда COVID-19, ОИТС, сил, безгак ёки испан гриппи каби муайян пандемия ёки касаллик ҳақида айтилмаган. Лекин «ўлатлар» ва ўлим каромат қилинган. (Луқо 21:11; Ваҳий 6:8) Ушбу ҳодисалар «охирзамон», шунингдек, замон охирлаб бораётганининг бир белгиси. (2 Тимўтийга 3:1; Матто 24:3)
Худо одамларни касаллик билан қачонлардир жазолаганми?
Муқаддас Китобда Худо одамларни касаллик билан жазолагани ҳақида бир нечта воқеа қаламга олинган. Масалан, У баъзиларни мохов касаллигига йўлиқтирган, чунки улар Унинг бошқарувига қарши чиқишган. (Саҳрода 12:1–16; 4 Шоҳлар 5:20–27; 2 Солномалар 26:16–21) Аммо бу бир нечта воқеа бўлган, холос. Пандемиялар кенг оммага оид, улардан бегуноҳ, айбсиз инсонлар азоб чекади.
Бугунги пандемиялар Аллоҳнинг жазосими?
Йўқ. Айримлар Худо пандемия ва бошқа ҳар хил касалликлар орқали одамларни жазолаяпти, деб айблашмоқда. Бироқ Муқаддас Китобга биноан, бу нотўғри фикр. Нега дейсизми?
Масалан, Худонинг айрим хизматчилари, ҳам ўтмишда касал бўлган, ҳам ҳозир касал бўлиб туришади. Мисол учун, Худонинг содиқ хизматчиси Тимўтий «тез-тез юз берадиган касалликларга» дуч келган. (1 Тимўтийга 5:23) Лекин Муқаддас Китобда бу, у Тангрининг қаҳрини келтиргани учун бўлган деб ёзилмаган. Бугун ҳам, Худонинг айрим хизматчилари касал бўляпти ёки ўлатга учраяпти. Лекин бунинг сабаби Аллоҳ эмас, гоҳида бундай инсонлар шунчаки тасодифан бунга йўлиқади. (Воиз 9:11)
Бироқ Муқаддас Китобга кўра, Аллоҳ ёвуз инсонларни жазолайдиган пайт ҳали келмаган. Аксинча, биз «нажот куни»да яшаяпмиз, яъни Худо барча инсонларни Унга яқинлашиб, омон қолишга меҳр ила чорлаётган паллада яшаяпмиз. (2 Коринфликларга 6:2) Масалан, У «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар»ни бутун дунё бўйлаб ваъз қилиш фаолияти орқали бу чорловни янада кенгайтирмоқда. (Матто 24:14)
Пандемияларнинг охири борми?
Ҳа. Муқаддас Китобда ҳеч бир инсон касал бўлмайдиган пайт жуда яқин экани башорат қилинган. Ўзининг Шоҳлиги орқали Аллоҳ барча соғлик муаммоларига якун ясайди. (Ишаё 33:24; 35:5, 6) У азоб, оғриқ ва ўлимни йўққа чиқаради. (Ваҳий 21:4) Қолаверса, Худо ўлганларни ҳаётга қайтаради. Шунда, улар мукаммал шароитларда соғлом бўлиб бу ер юзида маза қилиб яшайди. (Забур 37:29; Ҳаворийлар 24:15)
Касалликлар ҳақидаги оятлар
Матто 4:23: «Исо бутун Жалилани айланиб, ўша ердаги ибодатхоналарда таълим берар, Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни эълон этар ва одамларнинг ҳар турли хасталик ва дармонсизликларини даволарди».
Маъноси. Исо Масиҳ ер юзида қилган мўъжизалар Худонинг Шоҳлиги яқинда кенг миқёсда қиладиган нарсаларни кўрсамоқда.
Луқо 21:11: «Ўлатлар бўлади».
Маъноси. Кенг тарқалган соғлик муаммолари охирзамонда яшаётганимизнинг бир белгиси.
Ваҳий 6:8: «Рангида ранг қолмаган бир отни кўрдим. Чавандозининг номи Ўлим эди. Мозор ҳам унинг орқасидан эргашиб келаётганди... ўлдириш учун унга... ҳокимият берилди».
Маъноси. Тўртта чавандоз тўғрисидаги башоратдан пандемиялар бизнинг давримизда юз беришини билиб оляпмиз.