Ота-онани ҳурмат қилиш нимани ўз ичига олади?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Муқаддас Китобда: «Ота-онангизни ҳурмат қилинглар»,— деган амр кўп маротаба учрайди. (Чиқиш 20:12; Қонунлар 5:16; Матто 15:4; Эфесликларга 6:2, 3) Бунга асосан тўртта нарса киради.
Уларни қадрланг. Ота-онангиз сизга қилган барча нарса учун миннатдор бўлсангиз, демак, уларни ҳурмат қиласиз. Панд-насиҳатларига қулоқ солиб уларни қадрлаётганингизни кўрсата оласиз. (Ҳикматлар 7:1, 2; 23:26) Муқаддас Китоб ота-онангизни «шарафингиз» деб билишга, яъни улар билан фахрланишга ундамоқда. (Ҳикматлар 17:6)
Уларнинг ҳокимиятини тан олинг. Айниқса ёш пайтингизда Худо ота-онангизга берган ҳокимиятни тан олсангиз, уларни ҳурмат қилаётганингизни кўрсатасиз. Колосаликларга 3:20 да болаларга шундай маслаҳат берилган: «Ҳар нарсада ота-онангизга қулоқ солинглар, чунки бу Ҳазратимизга маъқул келади». Ҳатто мукаммал бўлиб туғилган Исо пайғамбар ҳам ота-онаси номукаммал бўлишганига қарамай, уларга тайёрлик ила бўйсунган. (Луқо 2:51)
Уларни ҳурмат қилинг. (Левилар 19:3; Ибронийларга 12:9) Кўпинча бунга нима ҳақда гапиришингиз ва буни қай оҳангда айтишингиз киради. Баъзан шундай бўладики, ота-оналарнинг қилган ишлари туфайли уларни ҳурмат қилиш осон кечмайди. Аммо шунда ҳам болалар сўзларию ишларида ота-онасига нисбатан ҳурматсизлик қилишдан қочишлари керак. (Ҳикматлар 30:17) Муқаддас Китобга кўра, ота-онасини ҳақорат қилиш жиддий гуноҳ ҳисобланади. (Матто 15:4)
Уларга ғамхўрлик қилинг. Ота-онангиз кексайиб қолишганида амалий ёрдамга муҳтож бўлишлари мумкин. Қўлингиздан келганча уларнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиб, уларни ҳурмат қилаётганингизни кўрсатасиз. (1 Тимўтийга 5:4, 8) Масалан, ўлимидан сал олдин Исо пайғамбар онасига ғамхўрлик қилишни шогирди Юҳаннога топширган эди. (Юҳанно 19:25–27)
Ота-онани ҳурмат қилиш борасидаги нотўғри фикрлар.
Нотўғри фикр: Ота-онангизни ҳурмат қилсангиз, улар никоҳдаги муносабатларингизга аралашишига йўл қўйишингиз керак.
Тўғри фикр: Муқаддас Китобга кўра, никоҳ ришталари бошқа қариндошлик ришталаридан устун туради. Ибтидо 2:24 да: «Эркак киши ўз ота-онасини қолдириб, хотинига боғланиб қолади»,— деб айтилган. (Матто 19:4, 5) Албатта, ота-онаси ҳамда қайнана-қайнатасининг маслаҳатларига қулоқ солиш турмуш ўртоқларга фойда келтириши мумкин. (Ҳикматлар 23:22) Бироқ турмуш қурган жуфтлик қариндошлари никоҳига аралашишига муайян чекловлар қўйишга қарор қилишга ҳақли. (Матто 19:6)
Нотўғри фикр: Ота-онангиз мутлақ ҳокимиятга эга.
Тўғри фикр: Худо оилада ота-оналарга муайян ҳокимиятни топширган бўлса-да, инсонлар эга бўлган ҳар қандай ҳокимият чегараланган, яъни у ҳеч қачон Худонинг ҳокимиятидан устун бўлмайди. Масалан, Олий Кенгаш Исонинг издошларига Худога итоатсизлик қилишни буюрганида, улар шундай дейишган: «Биз одамларга эмас, Сарвари Оламга бўйсунишимиз керак». (Ҳаворийлар 5:27–29) Шу сингари, болалар ота-оналарига «Раббимизнинг иродасига мувофиқ тарзда», яъни Аллоҳнинг қонунларига зид бўлмаган барча нарсада қулоқ солишади. (Эфесликларга 6:1)
Нотўғри фикр: Ота-онангизни ҳурмат қилиш, уларнинг эътиқодини қабул қиласиз дегани.
Тўғри фикр: Муқаддас Китоб бизни ўрганаётган нарсамиз ҳақиқатми ёки йўқми деб текшириб кўришга ундамоқда. (Ҳаворийлар 17:11; 1 Юҳанно 4:1) Бундай қилган инсон ота-онасининг эътиқодини танламаслиги ҳам мумкин. Масалан, Муқаддас Китобда тилга олинган Худонинг садоқатли хизматчилари бўлмиш Иброҳим, Рут ва ҳаворий Павлус каби кўплаб кишилар ота-онасининг динига эргашмаган. (Ёшуа 24:2, 14, 15; Рут 1:15, 16; Галатияликларга 1:14–16, 22–24)
Нотўғри фикр: Ота-онангизни ҳурмат қилсангиз, аждодларнинг руҳига сиғиниш билан боғлиқ урф-одатларда қатнашасиз.
Тўғри фикр: Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Аллоҳинг Яҳовага сажда қил, биргина Унга муқаддас хизматни адо эт». (Луқо 4:8) Аждодлар руҳига сиғинадиган инсон Худога маъқул келмайди. Бундан ташқари Муқаддас Китобда: «Ўлганлар ҳеч нарсани билмайди»,— дейилган. Ўлганлар уларга кўрсатилган ҳурматдан бутунлай бехабар. Улар тирикларга на ёрдам бера олади, на зиён етказа олади. (Воиз 9:5, 10; Ишаё 8:19)