Сурункали касалликка дуч келганда Муқаддас Китоб ёрдам бера оладими?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Ҳа, Худо касал бўлган хизматчиларига ғамхўрлик қилади. Худонинг садоқатли хизматчиси тўғрисида Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Касал бўлганида Яҳова уни қўллаб-қувватлайди». (Забур 41:3) Сурункали касалликка дуч келган бўлсангиз, қуйидаги учта қадам сизга таскин бериши мумкин:
Сабр бардош қилиш учун куч сўраб, ибодат қилинг. «Ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлигига» эга бўлишингиз мумкин. У ташвишларингиз камайишига ва мустаҳкам бўлишингизга кўмаклашади. (Филиппиликларга 4:6, 7)
Ижобий бўлинг. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Шод юрак шифобахш дори, ғам-кулфат эса жоннинг эговидир». (Ҳикматлар 17:22, Ўзбекистон Библия Жамияти) Ҳазилкаш бўлинг. Бу нафақат қоронғи кунларингизни ёруғ қилади, балки соғлигингизга ҳам фойда келтиради.
Келажакка умид қилинг. Мустаҳкам умид сизга сурункали касалликка қарамай, суюнишингизга ёрдам бериши мумкин. (Римликларга 12:12) Муқаддас Китобдаги башоратга кўра, шундай пайтлар келадики, «ҳеч ким: “Мен касалман”, демайди». (Ишаё 33:24) Ўшанда Худо ҳозирги илм-фан давосини топа олмаётган сурункали касалликларни даволайди. Масалан, Муқаддас Китобда қариялар ёшариши ва яна соғлом бўлиши ҳақида шундай деб ёзилган: «Унинг танаси болалигидан ҳам ёшроқ бўлсин, ёшлик чоғидаги қуввати яна ўзига қайтсин». (Аюб 33:25)
Изоҳ: Яҳованинг Шоҳидлари Худо уларга ёрдам беришини ёдда сақлайди, аммо шу билан бирга, улар сурункали касалликларни даволаш борасида тиббиётга мурожаат қилишади. (Марк 2:17) Лекин биз муайян тиббий муолажани олға сурмаймиз. Аксинча, соғлик борасида ҳар бир инсон ўзи қарор чиқариши керак, деб ҳисоблаймиз.