Асосий материалларга ўтиш

ИМОНЛАРИГА ЭРГАШИНГЛАР | ИЛЁС

У охиригача сабр-бардошли бўлди

У охиригача сабр-бардошли бўлди

Илёс пайғамбар шоҳ Ахаб ўлгани ҳақида хабар олди. Ёши ўтиб қолган бу пайғамбар соқолини силаганча хаёлга чўмди. У сўнгги йиллар давомидаги бу шоҳнинг қилмишларини эсга олиб ўтирибди. Пайғамбарнинг бошидан анчагина қийинчиликлар ўтган эди. У Ахаб ва унинг хотини малика Изабел дастидан хавф-хатару қувғунга дуч келганди ва ҳаёти ҳам қил устида эди. Шоҳ малика Изабел Яҳованинг кўпгина пайғамбарларини қирғин қилишни буюрганида ҳам, уни тўхтатишга уринмаганди. Очкўз Ахаб билан Изабел беайб Навўтни ва унинг ўғилларини ўлдиришга тил бириктиришганди. Оқибатда Яҳова Илёс орқали Ахаб ва унинг бутун авлодига ҳукм хабарини етказганди. Энди, Худонинг айтганлари бажо бўлди. Ахаб айнан Яҳова башорат қилганидай ўлди. (3 Шоҳлар 18:4; 21:1–26; 22:37, 38; 4 Шоҳлар 9:26)

Аммо Илёс буёғига ҳам сабр-бардошли бўлиши кераклигини биларди. Чунки малика Изабел ҳали ҳам тирик эди, фитналар уюштирарди ва оиласи ҳамда халққа ёмон таъсир қилаётганди. Шунинг учун, Илёсни ҳали кўп қийинчиликлар кутаётганди. Бундан ташқари, ҳамкори ва давомчиси Элишайга анча нарсаларни ўргатиши лозим эди. Келинг, Яҳова Илёсга топширган охирги учта вазифага диққат қаратайлик. Қай йўсин у қийинчиликларга қарамай имони туфайли сабр-бардошли бўла олганини кўриб, ўзимиз ҳам имонимизни мустаҳкамлаш учун нима қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

Охазиёни ҳукм қилиш

Энди, Исроил устидан Ахаб ва Изабелнинг ўғли Охазиё ҳукмронлик қилаётган эди. Ота-онасининг хатоларидан сабоқ олишнинг ўрнига, Охазиё уларнинг ёмон ўрнагига эргашди. (3 Шоҳлар 22:52) У ҳам сохта худо Баалга сиғинарди. Баалга сиғинганлар маъбадда фаҳшбозлик билан шуғулланарди ва ҳатто болаларни қурбонликка келтирарди. Хўш, Охазиё бу йўлдан қайтиб, халқ Яҳовага садоқатли бўлишига ёрдам бера оладими?

Бу такаббур ёш шоҳнинг бошига тўсатдан бир кулфат тушди. У уйи томининг панжарасидан йиқилиб, қаттиқ жароҳатланди. Гарчи ҳаёти қил устида турган бўлса-да, ёрдам сўраб Яҳовага юз бурмади. Аксинча, у тузалиб кетишига умид бор-йўқлигини суриштириш мақсадида, душманлари бўлмиш филистимликларнинг Эхрон шаҳрига Баал-Забуб худосининг олдига хабарчиларни юборди. Яҳованинг сабр косаси тўлди. У Илёснинг олдига фариштасини юбориб, ўша хабарчиларга пешвоз чиқишни айтди. Пайғамбар даҳшатли хабарни айтиб, хабарчиларни шоҳнинг олдига қайтариб юборди. Охазиё ўзини худди Исроилда Худо йўқдек тутиб, оғир гуноҳга қўл урди. Шу боис, Тангри Яҳова Охазиё ҳеч қачон тузалмаслигини айтди. (4 Шоҳлар 1:2–4)

Тавба қилмаган Охазиё: «Сизларга пешвоз чиқиб, бу сўзларни айтган одамнинг кўриниши қанақа эди?» — дея сўради. Хабарчилар пайғамбар содда кийинганини тасвирлаб беришди ва Охазиё дарҳол: «Бу... Илёс-ку!» — деди. (4 Шоҳлар 1:7, 8) Бир ўйлаб кўринг, Илёс диққатини Худога хизмат қилишга бағишлаб, шунчалик содда ҳаёт кечирганки, ҳатто у ким эканлигини кийимидан билиш мумкин эди. Аммо Охазиё ва мол-дунёга ҳирс қўйган унинг ота-онаси ҳақида бундай деб бўлмайди. Илёснинг ўрнаги Исо Масиҳнинг содда ҳаёт кечириш ва кўзимизни энг муҳим нарсаларга қаратиш ҳақидаги маслаҳатига мувофиқ яшашни эслатяпти. (Матто 6:22–24)

Охазиё қасос олиш илинжида элликбоши ва 50 та сипоҳини Илёсни тутиб олиш учун жўнатди. Улар «тоғ тепасида ўтирган» * Илёсни топиб, элликбоши унга худди ҳукмни эълон этгандай, қўполлик билан шоҳнинг номидан: «Ёнимга туш!» — деб буюрди. Буни бир тасаввур қилинг! Гарчи улар Илёс «ҳақ Тангрининг одами» эканини билишса-да, уни сурбетларча қўрқитиб, унга дағдаға қилишдан тап тортишмади. Лекин улар қаттиқ янглишган эди! Илёс элликбошига шундай жавоб қайтарди: «Агар мен Худонинг одами бўлсам, осмондан олов тушиб, сен билан 50 та сипоҳингни ютиб юборсин». Ҳа, Худо айнан шундай қилди. «Осмондан олов тушиб, элликбоши билан 50 та сипоҳини ютиб юборди». (4 Шоҳлар 1:9, 10) Сипоҳларнинг ҳаёти аянчли якун топгани, Яҳовага Унинг хизматчиларини писанд қилмай, ҳурматсизлик кўрсатиш барибир эмаслигини эслатиб турувчи ёрқин мисол. (1 Солномалар 16:21, 22)

Охазиё яна бошқа элликбоши ва 50 та сипоҳни юборди. Бу элликбоши олдингисидан ҳам сурбетроқ чиқди. Эҳтимол, у ўша ерда бояги 51 та кишидан қолган кулни кўрган бўлса-да, уларнинг ўлимидан ҳеч қандай сабоқ олмади. Устига-устак, у нафақат олдинги элликбошининг буйруғини қайтарди, балки: «Тезда ёнимга туш!» — деб буюрди. Нақадар аҳмоқлик! У ва сипоҳлар аввалгилари каби ҳаёти билан видолашди. Аммо энг телбаси шоҳ Охазиё эди! Шахтидан қайтмаган бу шоҳ учинчи марта элликбоши ва сипоҳларни юборишни буюрди. Яхшиямки, бу сафарги элликбоши донороқ эди. У камтарлик билан Илёсга мурожаат қилиб, унга ва одамларига раҳм қилишни ўтиниб сўради. Илёснинг бу камтар элликбошига кўрсатган муносабати орқали Худонинг раҳм-шафқати акс этди. Яҳованинг фариштаси Илёсга бу сипоҳлар билан боришни айтди. У қулоқ солиб, Яҳова чиқарган ҳукмни кейинчалик ёвуз шоҳга қайтарди. Худонинг сўзлари амалга ошиб, Охазиё ўлди. Унинг ҳукмронлиги атиги икки йил давом этди. (4 Шоҳлар 1:11–17)

Илёс камтарин элликбошига кўрсатган муносабатидан Яҳованинг раҳм-шафқати акс этган

Хўш, қандай қилиб Илёс ўтакетган ўжар ва исёнкор кишилар орасида сабр-бардошли бўла олган? Мазкур савол бугунги кунда ҳам муҳим аҳамиятга эга, шундай эмасми?! Яқин инсонингиз яхши маслаҳатга қулоқ солмай, ўжарлик билан ёмон йўлни танлаганми? Бундай вазиятда қандай қилиб сабр-бардошли бўлиш мумкин? Биз сипоҳлар Илёсни топган жойдан, яъни «тоғнинг тепасида ўтирганидан» бир нарсани билиб олишимиз мумкин. Илёс нима учун у ерда ўтирганини аниқ айта олмаймиз, лекин у ибодатларни қадрлаган ва ўша ерни севимли Худосига яқинроқ бўлишга ажойиб имкон берадиган тинч жой деб билгандир. (Ёқуб 5:16–18) Шунга ўхшаб, биз ҳам Худо билан ёлғиз қолиш учун мунтазам равишда вақт ажратишимиз, Уни исми билан чақиришимиз ва ташвишларимизу хавотирларимизни Унга айтишимиз керак. Шунда, одамлар сурбетларча муносабатда бўлганда ва била туриб нотўғри йўлни танлашганда сабр-бардошли бўлиш осонроқ кечади.

Вазифани топшириш

Энди Илёснинг вазифаси ўзгариш вақти келди. У нима қилганига эътибор беринг. Гилгал шаҳридан тахминан 11 километр узоқликда жойлашган Байтил шаҳрига кетишаётганда, Илёс Элишайдан қолишни сўрайди. Элишай қатъиян: «Барҳаёт Худо Яҳова ва сиз ҳаққи қасам ичиб айтаманки, сизни ташлаб кетмайман»,— деб жавоб беради. Улар Байтилга етиб келишгач, Илёс деярли 22 километр узоқликдаги Ерихо шаҳрига ёлғиз бормоқчи эканини Элишайга айтади. Элишай бу сафар ҳам олдингидек қатъийлик ила жавоб беради. Учинчи сафар, Ериходан тахминан 8 километр узоқликда жойлашган Иордан дарёсини кечиб ўтишларидан аввал ҳам худди шундай ҳолат юз беради. Бу ёш шогирд яна қатъийликни намоён этади. У Илёсни ташлаб кетмоқчи эмас! (4 Шоҳлар 2:1–6)

Элишай муҳим бир фазилатни — меҳр-садоқатни намоён этди. Рут ҳам Наимага шундай меҳрни кўрсатган эди. У кимгадир нисбатан доимий равишда кўрсатилиб, ҳеч қачон ўзгармайди. (Рут 1:15, 16) Худонинг хизматчилари, айниқса, бугунги кунда ушбу фазилатни ривожлантиришлари лозим. Биз ҳам Элишай каби бунинг муҳимлигини кўряпмизми?

Шубҳасизки, ёш ҳамкорининг бундай меҳр-садоқатини кўриш Илёсга далда берган. Бу туфайли эса, Элишай Илёснинг сўнгги мўъжизасини кўриш шарафига эга бўлган. Тез оқар ва баъзи жойлари чуқур бўлган Иордан дарёсининг бўйида Илёс камзули билан сувга уради. Шунда сув икки томонга бўлинади! «Пайғамбарлар ўғилларидан... 50 таси» бу мўъжизанинг гувоҳи бўлади. (4 Шоҳлар 2:7, 8) Эҳтимол, улар одамларга Яҳовага садоқат ила топинишга ёрдам беришга тайёрлайдиган махсус мактабда таълим олишгандир. Ўқувчиларнинг сони ошаётганди ва эҳтимол, Илёс у ердаги таълим дастурини назорат қилган. Бундан бир неча йил аввал у ўзини ўша юртда садоқатли қолган ёлғиз инсондай ҳис этганди. Яҳова Илёсни сабр-бардоши учун мукофотлаб, ҳақ топинувчилар сони ўсиб бораётганини кўрсатди. (3 Шоҳлар 19:10)

Дарёни кечиб ўтгач, Илёс Элишайга: «Худо мени олиб кетмасидан тила тилагингни»,— деб айтди. Илёс кетиш вақти келганини тушунаётганди. У ёш дўстини олдинда кутаётган шарафли вазифаларию ишларига ҳасад қилмаганди. Аксинча, у Элишайга қўлидан келганча ёрдам беришга тайёр эди. Элишай фақатгина бир нарсани илтимос қилди. «Ўтинаман, сиздаги руҳдан менга икки ҳисса берилсин!» — деб айтди у. (4 Шоҳлар 2:9) У Илёс эга бўлган муқаддас руҳдан икки ҳисса кўп олишни назарда тутмаганди. Элишай тўнғич ўғил каби улуш олишни илтимос қилган. Қонун бўйича тўнғич ўғил оиладаги янги масъулиятларини бажара олиши учун икки ҳисса кўпроқ улуш олган. (Қонунлар 21:17) Мажозий маънода Элишай Илёснинг меросхўри эди ва у эҳтимол, янги топшириғини бажара олиши учун устозига хос бўлган жасорат унга ҳам кераклигини тушунган.

Илёс камтарликни намоён этиб, бу масалани Яҳовага қолдирган. Агар Яҳова кексайиб қолган Илёс пайғамбар олиб кетилаётганини Элишай кўришига йўл қўйса, демак Элишайнинг илтимоси бажарилади. Бу икки қалин дўст йўл бўйлаб «гаплашиб кетаётганда», ажойиб бир нарса рўй берди! (4 Шоҳлар 2:10, 11)

Илёс ва Элишайнинг дўстлиги қийин пайтларда сабр-бардошли бўлишга кўмаклашган

Осмонда бир нур пайдо бўлиб тобора яқинлашиб келарди. Қуюн пайдо бўлиб гумбурлаган овоз эшитиларди. Шунда, ўша ёрқин нур уларни бир-биридан ажратди. Эҳтимол, улар қўрққанидан донг қотиб қолишгандир. Бу гўёки оташли арава эди. Илёс унинг кетиш вақти келганини тушунганди. Хўш, у аравага кўтарилдими? Бу ҳақида Муқаддас Китобда ҳеч нарса айтилмаган. Нима бўлганда ҳам, у юқорига кўтарилаётганини ва қуюн ичида осмонга олиб кетилганини ҳис этганди.

Элишай буни кузатиб эҳтиром ҳиссига тўлган. Бундай ажойиб мўъжизани кўргани Элишайни Яҳова унга Илёсдаги руҳдан «икки ҳисса» беришига ишонтирди. Аммо ҳозир Элишай бу ҳақида ўйлай олмасди, чунки ғамга ботган эди. У қадрдон кекса дўсти қаерга кетаётганини билмасди ва, эҳтимол, уни бошқа кўрмайман деб ўйлаётгандир. Элишай: «Отажон, отажон! Бу, Исроил араваси билан отлиқлар-ку!» — дея ҳайқирди. У азиз устози кўздан ғойиб бўлиб қолганини кўрганда, кўнгли чўкиб камзулини йиртиб ташлади. (4 Шоҳлар 2:12)

Қизиқ, Илёс осмонга кўтарилаётганда, ёш дўстининг ҳайқириқларини эшитдими? У йиғлаганмикин? Нима бўлганда ҳам, Илёс қийин пайтларда таслим бўлмаслигига ёрдам берган содиқ дўстидан миннатдор эди. Келинг, Илёсдан ўрнак олиб, Худони севадиган ва Унинг иродасини бажаришга интиладиган инсонлар билан дўст тутинайлик!

Яҳова Илёсни бошқа жойга кўчириб, янги вазифа берган

Сўнгги топшириқ

Хўш, Элишай қаерга кетди? Баъзи динларда, у Худонинг олдида бўлиш учун осмонга олиб кетилган деб ўргатилади. Лекин бу имконсиз. Асрлар ўтгач, Исо Масиҳ ундан олдин ҳеч ким осмонга кўтарилмаганини таъкидлаган. (Юҳанно 3:13) Шу боис, «Илёс қуюн ичида осмонга олиб кетилди» деган сўзларни ўқиганимизда, қайси осмон ҳақида гап кетаётганини тушуниш лозим. (4 Шоҳлар 2:11) Муқаддас Китобда «осмон» сўзи остида нафақат Яҳова яшайдиган жой, балки булутлар сузиб юрадиган ва қушлар парвоз қиладиган том маънодаги «самолар» ҳам назарда тутилади. (Забур 147:8) Илёс ўша ерга, яъни самога кўтарилганди. Қизиқ, кейин у билан нима бўлди?

Яҳова азиз пайғамбарини Яҳудо шоҳлигига кўчириб, унга янги топшириқ берди. Муқаддас Китобга кўра, етти йилдан ошиқ вақт ўтгач, Илёс ҳанузгача пайғамбар бўлиб хизмат қилган эди. Ўшанда Яҳудони ёвуз шоҳ Ёҳурам бошқарарди. У Ахаб ва Изабелнинг қизига уйланган эди ва уларнинг ёвузликлари давом этаётганди. Яҳова Илёсга Ёҳурамга қарши чиқарган ҳукм хабарини ёзишни айтди. Башорат қилинганидай, Ёҳурам даҳшатли ўлимга дучор бўлди. Бундан ташқари, Муқаддас Китобда: «Ёҳурам ўлганида ҳеч ким қайғурмади»,— деб ёзилган. (2 Солномалар 21:12–20)

Бу икки киши, яъни Ёҳурам ва Илёс орасида катта фарқ бор! Илёс қай йўсин ва қачон ўлганини билмаймиз. Лекин шунга ишончимиз комилки, у ўлимидан ҳеч ким қайғурмаган Ёҳурам каби ўлмаган. Элишай дўстини соғинган. Бошқа садоқатли пайғамбарлар ҳам уни қўмсашган. Орадан деярли 1 000 йил ўтганда ҳам, Яҳова Илёсни қадрлашини намоён этган. Масалан, Исонинг қиёфаси ўзгарган ваҳийда у азиз пайғамбарининг тасвирини кўрсатган. (Матто 17:1–9) Сиз ҳам Илёсга ўхшашни ва ҳар қандай тўсиқларни енгишга кўмаклашадиган имонни ривожлантиришни истайсизми? Бунинг учун Худони севадиган кишилар билан дўстлашинг, маънавий ишларни ҳаётингизда биринчи ўринга қўйинг ва тез-тез сидқидилдан ибодат қилинг. Сиз ҳам Яҳованинг қалбидан абадулабад жой олишингизни тилаб қоламиз!

^ абз. 9 Баъзи олимларнинг фикрича, бу ерда Кармил тоғи назарда тутилган бўлиб, бир неча йил олдин Худо Илёсга Баалнинг пайғамбарлари устидан мўъжизавий тарзда ғалаба қозонишга ёрдам берган. Бироқ Муқаддас Китобда бу қайси тоғ бўлгани аниқ айтилмаган.