ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Виждонимни қандай тарбияласам бўлади?
Виждонни нима билан солиштирган бўлардингиз?
Компас
Кўзгу
Дўст
Судья
Аслида, тўртталаси билан ҳам солиштирса бўлади. Бу мақолани ўқигач, бунинг сабабини тушунасиз.
Виждон нима дегани?
Виждон яхшини ёмондан ажрата билишга ёрдам берадиган ички туйғу. Муқаддас Китобда у қалбга ёзилган қонун билан солиштирилади. (Римликларга 2:15) Яхши тарбияланган виждон қилган ёки қилмоқчи бўлган ҳаракатларингизни тўғри баҳолашга кўмаклашади.
Виждон компасга ўхшайди. Тўғри йўлни кўрсатиб, муаммолардан қочишга ёрдам беради.
Виждон кўзгуга ўхшайди. Аслида қандай инсон эканингизни ва ахлоқий принципларингизни кўрсатиб беради.
Виждон яхши дўстга ўхшайди. Қандай йўл тутиш кераклигини билдириб туради. Асосийси, унга қулоқ солиш лозим.
Виждон судьяга ўхшайди. Нотўғри йўл тутганингизда, сизни ҳукм қилади.
Хулоса. Виждон 1) тўғри қарорлар чиқаришга ва 2) ўз ноҳақлигингизни тушуниб ўзгаришингизга кўмаклашадиган ёрдамчидир.
Нега уни тарбиялаш керак?
Муқаддас Китобда: «Виждонингизни тоза сақланглар»,— деб ёзилган. (1 Бутрус 3:16) Агар уни тарбияламаса, уни тоза сақлаш қийин кечади.
«Илгари, қаерга борганимни ота-онамдан яширардим. Бошида виждоним қийнарди, лекин кейинчалик бу ҳақда умуман безовта бўлмай қолдим». (Женнифер)
Охири, Женнифер ўз виждонига қулоқ солди. Ота-онасига ростини айтадиган бўлиб, бошқа алдамасди.
Ўйлаб кўринг. Нега Женнифер қийнаётган виждонига олдинроқ эътибор қаратиши керак эди?
«Икки ёққа баравар ҳаёт кечириш жуда кучли стресс ва бир гала муаммо. Атиги бир марта виждон товушини назарга илмай, нотўғри йўл тутишнинг ўзи етарли. Кейин бу одат тусига киради». (Мэтью)
Баъзи одамларнинг виждони умуман ўтмаслашиб қолади ва улар унга эътибор бермай қўйишади. Муқаддас Китобда айтилишича, бундай одамлар «ҳар қандай ор-номусни йўқотишган». (Эфесликларга 4:19)
Ўйлаб кўринг. Виждон азобини тортмайдиган инсонлар ростдан ҳам тинч ҳаёт кечиришадими?
Хулоса. Виждонни тоза сақлаш учун «яхшини ёмондан ажратишга ўрганиш» керак. (Ибронийларга 5:14)
Қай йўсин уни тарбиялаш мумкин?
Виждонингизни «тузатиш» учун, ибрат олишингиз мумкин бўлган андаза керак. Баъзилар учун уларга уқтириладиган қуйидагилар андаза бўлиб хизмат қилади:
оила ва маданияти
тенгдошлари
юлдузлар ва таниқли инсонлар
Аммо энг зўр андаза Муқаддас Китобдаги меъёрлардир. Бу ажабланарли эмас, чунки Муқаддас Ёзувлар бизни қандай қилиб бахтиёр қилиш мумкинлигини аниқ билган Яратувчимиз томонидан илҳомлантирилган китоб. (2 Тимўтийга 3:16)
Мана бир нечта меъёр:
МЕЪЁР. «Ҳар нарсада ҳалол бўлишни истаймиз». (Ибронийларга 13:18)
Кимдирдан кўчириб ёзиш, ота-онани алдаш ёки ниманидир ўғрилаш истаги туғилса, қайси меъёр виждонингизга таъсир қилиши мумкин?
Доим ҳалол бўлишга ундайдиган виждон сизга ҳозир ва келажакда қандай фойда келтиради?
МЕЪЁР. «Зинодан қочинглар!» (1 Коринфликларга 6:18)
Порнография ёки кимдир билан яқинликда бўлиш васвасаси туғилса, қайси меъёр виждонингизга таъсир қилиши мумкин?
Жинсий ахлоқсизликдан йироқлашишга ундайдиган виждон сизга ҳозир ва келажакда қандай фойда келтиради?
МЕЪЁР. «Бир-бирингизга меҳрибон, раҳм-шафқатли бўлинглар... бир-бирингизни чин дилдан кечиринглар». (Эфесликларга 4:32)
Дўстингиз ёки оила аъзоингиз, масалан, акангиз ёки синглингиз билан келишолмай қолсангиз, қайси меъёр виждонингизга таъсир қилиши мумкин?
Меҳрибон ва бағри кенг бўлишга ундайдиган виждон сизга ҳозир ва келажакда қандай фойда келтиради?
МЕЪЁР. «Зўравонликни севадиганлардан У [Тангри Яҳова] нафратланади». (Забур 11:5)
Фильм, видеоўйин ва теледастурни танлашда қайси меъёр қўл келади?
Зўравонлик ва жабр-зулумдан иборат бўлган ўйин-кулги турларидан узоқлашишга ундайдиган виждон сизга ҳозир ва келажакда қандай фойда келтиради?
ҲАЁТДАН. «Дўстларим шафқатсиз видеоўйинларни ўйнашарди, мен ҳам қизиқардим. Кейин дадам буни ман этди, лекин дўстларимникига борганда барибир яширинча ўйнардим. Уйда бу ҳақида индамасдим. Дадам нимадир бўлаётганини сезарди, аммо ўзимни ҳеч нарса бўлмагандай тутардим. Бир куни Забур 11:5 даги сўзлар кўзимга тушиб қолди. Уларни ўқигач, виждоним қийнай бошлади. Шунда, зўравон видеоўйинлардан воз кечишим кераклигини тушундим. Буни амалда қўлладим. Мени кўриб, битта ўртоғим ҳам бу ўйинларни ўйнамай қўйди». (Жереми)
Ўйлаб кўринг. Жеремининг виждони қачон қийнай бошлади ва у қачон унга қулоқ сола бошлади?
Хулоса. Виждон биз аслида қандай эканимизни ва биз учун чиндан ҳам нима муҳим эканини кўрсатади. Виждонингиз сиз ҳақингизда нималарни ошкор этиши мумкин?