Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Гомосексуализм ёмонми?

Гомосексуализм ёмонми?

«Катта бўлаётганимда мен учун энг қийин бўлган нарсалардан бири — ўз жинсдошларимни ёқтириб қолганим бўлди. Вақт ўтиб бундай туйғулар ўтиб кетади деб ўйладим, лекин улар ҳанузгача менга тинчлик бермайди». (Дейвид, 23 ёш)

Дейвид Худога маъқул келишни истаётган масиҳийдир. Лекин у ўз жинсдошларини ёқтираётган бўлса, бунинг қандай имкони бор? Худо гомосексуализмга қандай қарайди?

 Муқаддас Китобда нима дейилган?

Кўпинча гомосексуализмга бўлган муносабат маданият ва даврга боғлиқ. Лекин масиҳийлар кенг тарқалган фикр асосида йўл тутишмайди ва «ҳар турли таълимотнинг шамолидан тўлқинланишмайди». (Эфесликларга 4:14) Уларнинг гомосексуализмга (қолаверса, бошқа ҳар қандай хулқ-атворга) бўлган муносабати Муқаддас Китобдаги меъёрларга асосланган.

Муқаддас Китобда гомосексуализм борасида нима дейилгани аниқ. Унда шундай дейилган:

  • «Аёл билан ётгандай эркак киши билан ётманг. Бу, жирканчдир». (Левилар 18:22)

  • «Худо, улар кўнглидаги истакларга кўра... тийиқсиз шаҳвоний ҳирсга берилишига йўл қўйди. Уларнинг аёллари табиий жинсий алоқани ғайритабиийга алмаштиришди». (Римликларга 1:24, 26)

  • «Адашманглар. На зинокорлар, на бутпарастлар, на хиёнат қилувчилар, на ғайритабиий жинсий алоқа учун қўлланиладиган эркаклар, на эркак киши билан ётадиган эркаклар, на ўғрилар, на тамагирлар, на ичкиликбозлар, на бошқаларни ҳақорат қилувчилар, на талончилар Худонинг Шоҳлигини мерос қилиб олмайдилар». (1 Коринфликларга 6:9, 10)

Аслида инсонлар ўз жинсдошларини ёқтиришадими ёки ўзга жинсдагиларними, Худонинг меъёрлари барчага бирдек тааллуқли. Ҳар бир инсон Худони ранжитадиган ишларни қилиш васвасасига дуч келганида ўзини тия билиш фазилатини ривожлантиришга ўрганиши лозим. (Колосаликларга 3:5)

 Бу... англатадими?

Бу Муқаддас Китоб гомосексуалистлардан нафратланишга ўргатишини англатадими?

Йўқ. Муқаддас Китоб бизни бирор кимсадан — у гомосексуалист бўладими ёки йўқми — нафратланишга чорламайди. Аксинча, Муқаддас Китоб бизни, одамлар қандай ҳаёт тарзини кечиришидан қатъи назар, барча билан тинчликда бўлишга чорлайди. (Ибронийларга 12:14) Шунинг учун гомосексуалистларга ҳужум қилиш, нафрат негизида уларга қарши жиноят содир этиш ёки уларга қаратилган ҳар қандай ёмон муносабат номақбулдир.

Бу, масиҳийлар бир жинсли никоҳларга рухсат берувчи қонунларга қарши чиқиши лозимлигини англатадими?

Муқаддас Китоб шуни кўрсатяптики, Худонинг ниятига кўра никоҳ — бу битта эркак ва битта аёл ўртасидаги иттифоқдир. (Матто 19:4–6) Бироқ бир жинсли никоҳларга оид қонунлар ҳақидаги баҳс-мунозаралар нафақат ахлоқий, балки сиёсий соҳага ҳам тааллуқли. Муқаддас Китобда масиҳийлар сиёсий бетарафликни сақлаши кераклиги ҳақида айтилган. (Юҳанно 18:36) Шунинг учун улар бир жинсли никоҳлар ва гомосексуал хулқ-атвор борасидаги давлат қонунларига на қарши чиқишади, на қўллаб-қувватлашади.

 Аммо... шундай бўлса-чи?

Бироқ бирор кимса гомосексуалист бўлса-чи? У ўзгариши мумкинми?

Ҳа. Биринчи асрдаги баъзи масиҳийлар ҳам бунинг уддасидан чиқишган. Муқаддас Китобда гомосексуал ҳаёт тарзини кечирадиган кимсалар Худонинг Шоҳлигини мерос қилиб олмаслиги ҳақида айтилганидан кейин қуйидагича дейилган: «Айримларингиз ўтмишда шундай эдингизлар». (1 Коринфликларга 6:11)

Бу, гомосексуализмдан воз кечган кимсалар эски ҳаёт тарзига қайтиш истагидан бутунлайин қутулишганини англатадими? Йўқ. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Яратувчининг тасвирига кўра аниқ билим орқали янгиланиб бораётган янги ўзликни кийиб олинглар». (Колосаликларга 3:10) Одам ўз устида доимо ишлаши лозим.

Лекин бирор кимса Худонинг меъёрларига мос келишга ҳаракат қилаётиб гомосексуал истакларга эга бўлса, нима қилиши даркор?

Ҳар қандай васваса билан бўлганидек, киши ё васвасага қарши туришни, ё унга берилиб кетишни танлаши мумкин. Қанақасига? Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Муқаддас руҳга мувофиқ йўл тутинглар, шунда тана истакларини қондирмайсизлар». (Галатияликларга 5:16)

Эътибор беринг, бу оятда инсонда ҳеч қандай тана истаклари бўлмайди, дейилмаган. Аммо пухта режалаштирилган маънавий ишлар тартиби — Муқаддас Китоб тадқиқи ва ибодат орқали — инсон бундай истакларга қарши туриш учун куч топа олади.

Мақоланинг бошида тилга олинган Дейвид буни ўзида ҳис қилди. Ота-онасига нималар билан курашаётгани ҳақида айтиб бериш унга катта ёрдам берди. «Елкамдан худди тоғ ағдарилгандай бўлди,— дейди у.— Ота-онамга бу ҳақда эртароқ айтганимда ўсмирлик йилларим анча бахтлироқ бўлармиди...»

Аслини олганда, Худонинг меъёрлари бўйича яшаб, бахтлироқ бўламиз. Аминмизки, улар « адолатлидир, қалбни шод этади» ва «уларга риоя қилган киши буюк мукофотга эга бўлади». (Забур 19:8, 11)