ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Дўстликми ёки ошиқликми? 2- қисм. У мени нотўғри тушунаётган бўлса-чи?
Дўстингиз суҳбатлашмоқчи бўлганда, доим тайёр бўлишни истайсиз. Сўнгги пайтларда бир дўстингиз билан кўп гаплашяпсиз. Муаммо шундаки, бу ўзга жинсдаги инсон. Ўзингизга: «Биз дўстмиз, холос»,— дейсиз ва у ҳам шундай фикрда эканига аминсиз. Хўш, сизни нимадир ташвишга солиши керакми?
Нима юз бериши мумкин?
Ўзга жинсдаги инсонлар билан дўстлашишнинг ёмон жойи йўқ. Аммо битта инсон билан ўзгача муносабатларни ривожлантирган бўлсангиз-чи? Бундай вазиятда ўша инсон сиз ундан кўпроқ нарсани кутяпсиз, деган фикрга бориши мумкин.
Сиз ҳақингизда шундай фикрга боришини истармидингиз? Бундай ҳолат ҳатто бехосдан юз беришига нималар сабаб бўлиши ҳақида ўйлаб кўринг.
Кимдирга ҳаддан ташқари кўп эътибор қаратасиз.
«Тўғри, бошқа одамнинг ҳис-туйғуларини назорат қила олмайсиз, лекин унга доим қўнғироқ қилиб ва тинмай у билан суҳбатлашиб, оловга ёғ қуймаслигингиз керак». (Сьерра)
Кимнингдир эътиборига жавоб қайтарасиз.
«Ёзишни мен биринчи бошламасдим, аммо бир қизнинг беҳисоб СМСларига доим жавоб қайтарардим. Бундан кейин уни шунчаки дўст деб билганимни тушунтириш қийин бўлди». (Ричард)
Кимнингдир қизиқишини кучайтирасиз.
«Баъзилар ноз-карашмани шунчаки ўйин деб билади. Улар жиддий муносабатларни бошлаш ниятисиз бошқаларнинг ҳис-туйғулари билан ўйнашади. Бунга бир неча марта гувоҳ бўлганман ва доим кимдир азоб чекади». (Тамара)
Хулоса. Мунтазам мулоқот қилиш ва эътибор қаратиш ишқий муносабатларга ишора қилишдир.
Нега бу муҳим?
Бу бошқа одамнинг қалбини яралайди.
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Узоқ ушалмаган умид юракни эзади». (Ҳикматлар 13:12) Борди-ю, кимдир сизга ишқий муносабатларга ишора қилувчи хабарларни юбораверса, сизда қандай умидлар пайдо бўларди?
«Шундай гап бор: “Кимнидир қармоғида ушлаб туриш”. Агар буни балиқ мисолида олсак, қармоққа илингач, уни на қўйиб юборасиз на қармоқдан чиқарасиз. Муносабатларда ҳам бу юз бериши мумкин. Учрашиш ниятингиз бўлмай туриб, кимнидир “қармоғингизда ушлаб турсангиз”, унга кўп оғриқ келтирасиз». (Жессика)
Бу обрўйингизга таъсир қилади.
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар». (Филиппиликларга 2:4) Фақат ўз манфаатини кўзлайдиган одам ҳақида нима деган бўлардингиз? Бу одамнинг обрўйига қандай таъсир қилиши мумкин?
«Бошқалар билан ноз-карашма қиладиган йигитларни ёқтирмайман. Ноз-карашма никоҳда садоқатсизлик бўлишининг белгиси бўлиши мумкин. Бу ўзингизнинг худбин истакларингизни қондириш учун бошқадан фойдаланиш ва бу фақат ўз манфаатини кўзлаш демакдир». (Жулия)
Хулоса. Ишқий муносабатларни ривожлантириш ниятисиз бундай туйғуларга ишора қилиб, одам ҳам бошқаларга, ҳам ўзига оғриқ келтиради.
Нима қилишингиз мумкин?
Муқаддас Китобда ёш кишиларга ака-укалардек, ёш аёлларга эса опа-сингиллардек «софдиллик билан» муносабат қилиш тўғрисида айтилган. (1 Тимўтийга 5:1, 2) Бу маслаҳатга амал қилсангиз, ўзга жинсдаги инсон билан бўлган муносабатларингизни ҳимоя қилган бўласиз.
«Оилали бўлганимда, бошқанинг турмуш ўртоғи билан ноз-карашма қилмаган бўлардим. Ҳали турмуш қурмасимдан ўзга жинс билан муносабат қилганда, мувозанатли бўлишга ўргансам, ўзимга яхши бўлади». (Лиа)
Ҳикматлар 10:19 да: «Кўп гапирган гуноҳга тутилади»,— деб айтилган. Мазкур принцип нафақат суҳбатлашишга, балки қанчалик тез-тез ва нима ҳақида ёзишишга ҳам тегишлидир.
«Учрашиш ниятингиз бўлмаса, бирон қизга ҳар куни хабар ёзишнинг ҳожати йўқ». (Брайн)
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Юқоридан тушган донолик эса биринчидан пок». (Ёқуб 3:17) Сиз самимийлик ила қилган бўлсангиз ҳам, бошқа инсон буни ишқий муносабатларга ишора сифатида қабул қилиши мумкин.
«Дўстона мулоқот қилишга ҳаракат қиламан. Лекин чегарани сақлайман». (Мария)
Хулоса. Ўзга жинс билан бўлган муносабатларингизни яхшилаб текшириб кўринг. «Қалин дўстона муносабатларни ривожлантириш осон эмас экан, одам нотўғри тушуниши мумкин бўлган хабарлар юбориб, бу дўстликка чек қўйишни ким ҳам истарди?!» — деб бўлишди 18 ёшли Женнифер.
Маслаҳатлар
Бошқаларнинг гапларига эътибор беринг. Агар кимдир: «Сизлар учрашяпсизларми?» — деб қолса, бу муносабатларингиз яқинроқ бўлиб кетганининг белгиси бўлиши мумкин.
Ўзга жинсдаги барча дўстларингиз билан бир хил муносабатда бўлинг. Биргина инсонга бошқалардан кўпроқ эътибор қаратиб, уни ажратманг.
Юбораётган хабарларингизга нисбатан диққатли бўлинг, жумладан, қанчалик тез-тез, нима ҳақида ва куннинг қайси пайтида ёзаётганингизни инобатга олинг. «Ярим тунда ўзга жинсдаги одам билан ёзишиб ўтиришнинг ҳожати йўқ»,— деб бўлишди Алисса.