ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Жинсий зўрлаш ҳақида нимани билишим керак? 2- қисм. Тикланиш
Айбдорлик ҳисси билан курашиш
Жинсий зўрлаш қурбонига айланган кўпгина инсонлар бўлиб ўтган воқеа туфайли қаттиқ уятни ҳис қилишади. Улар бу учун ҳатто ўзларини айблашади. Ҳозир 19 ёшда бўлган Карэннинг мисолини олайлик. У 6–13 ёшгача жинсий таҳқирланишни бошдан кечирган. У шундай дейди: «Мен учун энг қийини айбдорлик ҳисси билан курашишдир. “Бундай таҳқирланишга қандай қилиб шунча вақт давомида чидаб келдим?” — деб ўйлайман».
Агар сиз ҳам шундай туйғуларни бошдан кечираётган бўлсангиз, қуйидагиларни кўриб чиқинг:
Болалар жинсий алоқага на жисмонан, на ҳиссан тайёр бўлишади. Улар жинсий алоқа нималигини тушунмагани учун онгли равишда бунга розилик билдира олмайди. Демак, жинсий таҳқирланишга дуч келган боланинг бунда ҳеч қандай айби йўқ.
Болалар катталарга ишонгани ва содда бўлгани учун бузуқ инсонларнинг ҳийла-найрангини фарқлай олмайди. Бу эса уларни ҳимоясиз қилиб қўяди. Бир китобда: «Болаларнинг номусига тегадиган кишилар жуда айёр бўлади ва болалар уларнинг ҳийла-найрангини ажрата олмайди»,— деб айтилган. («The Right to Innocence»)
Бола зўрланганда жинсий майлни ҳис қилиши мумкин. Агар сизда ҳам шундай бўлган бўлса, шуни билингки, бу сизга ўзгача тарзда тегинишганига нисбатан организмингизнинг табиий реакцияси. Аммо бу жинсий алоқага онгли равишда розилик билдирганингизни ёки бунда ўзингиз айбдор эканингизни англатмайди.
Маслаҳат. Сизнинг номусингизга тегишганида неча ёшда бўлган бўлсангиз, мана шу ёшдаги болани кўз олдингизга келтиринг. Ўзингиздан шундай деб сўранг: «Бу боланинг номусига тегишса, уни айблаш адолатдан бўлармиди?»
Карэн учта болага энагалик қилганида, бу савол устида мулоҳаза юритган. Бу болалардан бири қарийб олти ёшда эди. Карэннинг номусига тегишганида у ҳам мана шу ёшда эди. Карэн шундай дейди: «Бола бу ёшда қанчалик ҳимоясиз эканини ва мен ҳам ўшанда ҳимоясиз бўлганимни тушуниб етдим».
Факт. Сизнинг номусингизга теккани учун фақат зўрловчи жавобгар. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Ёвуз киши ўз ёвузлигига кўра ҳукм қилинади». (Ҳизқиё 18:20)
Ишончли киши билан гаплашишнинг фойдаси
Бўлиб ўтганлар ҳақида ишончли катта киши билан гаплашиб олиш дардингизга малҳам бўла олади. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Чин дўст ҳамма вақт севади, оғир дамда биродарига таянч бўлади». (Ҳикматлар 17:17)
Содир бўлганлар ҳақида ҳеч кимга гапириб бермасангиз, эҳтимол, ўзингизни хавфсизроқ ҳис қиларсиз. Балки назарингизда сукут сақлаш яна зарар етказилишидан асрайдиган девордай кўриниши мумкин. Ўйлаб кўринг: сукут девори сизни зарар етказилишидан ҳимоя қилар, аммо сизга ёрдам кўрсатилишига ҳам тўсқинлик қилиши мумкин.
Жанет исмли қиз жинсий таҳқирлангани ҳақида айтиб берганида ўзини анча енгил ҳис қилган. У шундай дейди: «Жуда ёш бўлганимда мен яхши таниган ва ишонган киши номусимга теккан ва буни йиллар давомида сир сақлаганман. Аммо бир сафар бўлиб ўтганлар ҳақида онамга гапириб берганимда, елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди».
Ортга қараб Жанет нима сабабдан баъзилар бу ҳақда айтиб беришдан ўзини тияётганини тушунади. У шундай деб бўлишди: «Номусга тегиш мавзусида гаплашиш инсонга ноқулай. Аммо ўзимдан биламанки, бу дард билан яшаш ҳам осон эмас. Бу ҳақда қанча эрта гапириб берганимда шунча яхши бўларди».
«Шифо беришнинг» вақти келди
Номусга тегиш ўзингиз ҳақда нотўғри тасаввурлар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Мисол учун, ўзингизни яраланган, кераксиз ё бўлмаса, фақат бошқаларнинг жинсий эҳтиёжларини қондириш учун яшаётгандай ҳис қилишингиз мумкин. Энди бу ёлғонлардан халос бўлишнинг, дардингизга «шифо беришнинг» вақти келди. (Воиз 3:3) Бунда сизга нима ёрдам бера олади?
Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш. Муқаддас Китобда Худонинг фикрлари ёзилган бўлиб, улар «мустаҳкам қалъаларни», жумладан, сизнинг қадр-қимматингиз ҳақидаги нотўғри тасаввурларни қулатишга қодир. (2 Коринфликларга 10:4, 5) Мисол учун, қуйидаги оятларни ўқиб мулоҳаза юритинг: Ишаё 41:10; Еремиё 31:3; Малаки 3:16, 17; Луқо 12:6, 7; 1 Юҳанно 3:19, 20.
Ибодат. Ўзингизни кераксиз ҳис қилсангиз ёки айбдорлик ҳисси сизни қийнаётган бўлса, ибодат қилиб ғам-ташвишингизни Яҳовага ташланг. (Забур 55:22) Сиз ёлғиз эмассиз!
Жамоат оқсоқоллари. Бу масиҳийлар имондошлари учун «шамолдан ҳимоялайдиган жойдай, жаладан сақлайдиган панадай» бўлиш учун таълим олишган. (Ишаё 32:2) Улар ўзингиз ҳақда мувозанатли нуқтаи назарда бўлишингизга ва яшашни давом эттиришингизга ёрдам беришади.
Яхши дўстлар. Ўрнакли масиҳийларнинг ҳаёт тарзини кузатиб боринг. Улар бир-бири билан қандай муомала қилганига эътибор беринг. Вақт ўтгач ҳамма инсонлар ҳам мавқеини суиистеъмол қилиб севган кишиларига зўравонлик қилмаслигини тушуниб етасиз.
Таня исмли қиз ушбу муҳим сабоқни ўзлаштирди. Кичиклигида уни бир нечта эркак зўрлаган. У шундай деб бўлишди: «Мен яқин деб билган эркаклар мени таҳқирлашган». Лекин вақт ўтиб, Таня самимий севгини намоён этадиган эркаклар ҳам борлигини тушуниб етди. Таня қандай қилиб бундай хулосага келди?
Таня Худонинг принциплари бўйича яшаётган эр-хотинни кузатиб, фикрлаш тарзини ўзгартирди. У шундай деди: «Бу оила бошининг хатти-ҳаракатини кузатиб, ҳамма эркаклар зўравон эмаслигини англаб етдим. У хотинини ҳимоя қиларди ва бу Худонинг азалий ниятига мувофиқ эди» a. (Эфесликларга 5:28, 29)
a Агар сиз сурункали депрессия, иштаҳа ва уйқунинг бузилиши, ўзига жароҳат етказиш, гиёҳванд моддаларни қабул қилиш ва спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш ёки ўз жонингизга қасд қилиш ҳақида ўйлаш каби муаммолар билан курашаётган бўлсангиз, малакали шифокорга мурожаат қилсангиз яхши бўларди.