ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Жинсий яқинлик ҳақидаги хаёллар тинчлик бермаётган бўлса-чи?
«Жинсий яқинлик ҳақидаги хаёллар дабдурустдан келиб қолади ва бошқа нарсалар тўғрисида ўйлаш имконсиз. Бундай пайтда кимдир онгимни бошқараётгандай туюлади». (Вера)
«Жинсий яқинлик ҳақидаги фикрларни назорат қилиш имконсиздай бўлади. Шундай пайтда қушдай қанот қоқиб учиб кетгим келади». (Жон)
Хўш, сиз ҳам ўзингизни Вера ҳамда Жондай ҳис қиласизми? Агар шундай бўлса, бу мақола сиз учун.
Нима учун бундай фикрлар пайдо бўлади?
Алекс исмли бир йигит: «Тоғам жинсий алоқада бўлиш эҳтиёжи Худонинг инъоми ва уни қондириш керак деб айтган»,— деди.
Тоғасининг гапида жон бор, Аллоҳ тўғри мақсадни кўзлаб бизни бу эҳтиёж билан яратган. Айнан жинсий муносабатлар туфайли ҳозирги кунда ер юзида одамлар бор. Унда нега жинсий яқинлик ҳақида ҳаддан ташқари кўп ўйламаслигингиз керак? Қуйида бунинг иккита сабаби келтирилган:
-
Муқаддас Китобда айтилишича, Худонинг ниятига кўра фақат қонуний никоҳ қурган эр ва хотин жинсий алоқа қилиши мумкин. (Ибтидо 1:28; 2:24)
Ушбу илоҳий меъёрга ҳурмат кўрсатсангиз ва турмуш қурмаган бўлсангиз, бу эҳтиёжни қондира олмаётганингиздан руҳингиз тушиши мумкин. Агар одам бу ҳақида ўйлайверса, ахлоқсизликка қўл уриши ҳеч гап эмас. Бундай қилганларнинг кўпи кейинчалик қароридан пушаймон бўлган.
-
Жинсий яқинлик ҳақидаги хаёлларни назорат қилишга ўзини тийиш фазилати кўмаклашиб, ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам асқатади. (1 Коринфликларга 9:25)
Бу ҳозир ҳам, келажакда ҳам муваффақият қозонишингизга ёрдам беради. Дарҳақиқат, баъзи тадқиқотчиларнинг фикрича, ўзини тия билган болаларнинг соғлиги яхшироқ бўлади, улар пул масаласида камроқ ташвишланади ва қонунбузарлик каби муаммоларга дуч келиш эҳтимоли камаяди a.
Нега бу ҳақида ўйламаслик осон эмас?
Дунё жинсий яқинлик ҳақидаги гаплару фикрларга кўмилиб кетган. Ёшларга шунингдек, танасидаги гормонлари билан боғлиқ жараёнлар таъсир қилади.
«Телевидениедаги дастурларда турмуш қурмай туриб жинсий муносабатларда бўлишнинг ҳеч ёмон жойи йўқдай кўрсатилади. Агар номуносиб жинсий яқинлик асоратсиз қилиб кўрсатилса, номуносиб хаёллар чулғаб олиши жуда осон». (Рут)
«Ишда жинсий яқинлик ҳақидаги беҳаё гапларни ҳаддан ташқари кўп эшитганим сайин, қизиқишим шунчалик ошиб бораверади. Одам ахлоқсизликни оддий ҳолдек қабул қилиб, бу нотўғри эмас деган фикрга боради». (Николь)
«Турли расмларни томоша қилаётганда, ҳушёрликни йўқотиб қўйиш осон. Қандайдир беҳаё расм ялт этиб пайдо бўлади-ю, миянгизга ўрнашиб қолади». (Мария)
Буларнинг дастидан ўзингизни ҳаворий Павлусдай ҳис қилишингиз мумкин. У: «Тўғри бўлган нарсани қилмоқчи бўлсам, ёнимда ёмонлик туради»,— деб ёзган. (Римликларга 7:21)
Нима қила оласиз?
Фикрингизни бошқа нарсага олиб қочинг. Умуман бошқа нарсага диққат қаратинг. Бу ёқтирадиган иш, спорт, машқлар бўлиши мумкин. 21 ёшли Валерия шундай деди: «Менга Муқаддас Китобни ўқиш ёрдам беради. Чунки у ердан Худо ҳақида билиб оламан. У ҳақида ўйлаганимда эса, беҳаё нарсалар ҳақида ўйлаш учун вақт қолмайди».
Табиийки, жинсий яқинлик ҳақидаги хаёлларга борасиз. Лекин уларни назорат қилиш ўз қўлингизда. Уларга берилсангиз, қутулишга кучингиз қолмайди.
«Жинсий яқинлик ҳақидаги фикрлар келиб қолса, диққатимни умуман бошқа нарсага қаратишга ҳаракат қиламан. Бундай хаёллар пайдо бўлганининг сабабини аниқлашга интиламан ва бу мусиқа ёки расм бўлса, уларни ўчириб ташлайман». (Елена)
Муқаддас Китобдаги принцип: «Нима одиллик, нима ҳалоллик... [ёки ахлоқан «пок», Ўзбекистон Библия Жамияти 2016] бўлса булар ҳақида фикр юритинглар». (Филиппиликларга 4:8)
Яхши дўстлар танланг. Агар дўстларингиз ҳадеб жинсий яқинлик ҳақида гапираверса, фикрларни пок сақлаб қолиш қийин кечади.
«Ўсмир бўлганимда уятсиз хаёллар билан курашардим. Бундай фикрлар пайдо бўлганининг сабаби мен бирга вақт ўтказган одамлар эди. Нотўғри истакларни қондиришга ундаётган одамлар орасида бўлсангиз, туйғуларингизни бошқариш қийин бўлиб қолади. Бу худди оловга мой қуйгандай». (Сара)
Муқаддас Китобдаги принцип: «Доно билан юрган доно бўлади, нодонга шерик бўлган эса азият чекади». (Ҳикматлар 13:20)
Номуносиб ўйин-кулги турларидан йироқлашинг. Сир эмаски, бугунги кўп ўйин-кулги турларида жинсий яқинлик олға сурилади. «Менга мусиқа жуда ҳам таъсир қилади. Мусиқа истакларимни жунбушга келтириши мумкин»,— деди Николь.
«Жинсий муносабатларга ишора қиладиган фильм ва теледастурларни томоша қила бошладим. Бу менга қаттиқ таъсир қилади деб ўйламагандим. Нега бундай фикрлар пайдо бўлаётганининг сабабини дарров тушундим. Хуллас, ўша фильм ва теледастурларни томоша қилмай қўйдим. Натижада, жинсий муносабатлар ҳақида ҳам унча кўп ўйламайдиган бўлдим. Ўйин-кулги турларини донолик ила танлаб, беҳаё фикр-хаёллар билан ҳам курашиш осонроқ бўлади». (Жоанна)
Муқаддас Китобдаги принцип: «Жинсий ахлоқсизлик, ҳар қандай ифлослик ва очкўзлик орангизда ҳатто тилга олинмасин». (Эфесликларга 5:3, изоҳ)
Хулоса. Баъзи одамлар жинсий истакларни қондириш зарур деб ўйлаб, уларни ҳатто бошқара олмайдиган бўлиб қолади. Лекин Муқаддас Китобда бу борада умуман бошқача фикрлар ёзилган. Биз хаёлларимизни назорат қила оламиз ва ҳаракатларимиз Худо учун муҳим эканини исботлаймиз.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Бундан буён фикрлаш тарзингизни ва муносабатингизни ўзгартиринг». (Эфесликларга 4:23)
a Бу фазилатни турмуш қурмаганлар ривожлантириши ўта муҳим, чунки оила қуришганда ҳам ўзини тийиш керак бўлади.