Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Оккультизм шунчаки безарар вақтичоғликми?

Оккультизм шунчаки безарар вақтичоғликми?

Нима деб ўйлайсиз?

  • Мунажжимлар башорати, фол очиш ёки илоҳий кучларга мурожаат қилиш зарарлими?

  • Оккультизм билан боғлиқ ҳикоялар шунчаки яхши ва ёмонни очиб берадиган эртакларми ёки уларда қандайдир хавф борми?

Ушбу мақолада нима учун сеҳр-жоду қизиқарли кўриниши мумкинлиги ва нега ундан эҳтиёт бўлишингиз зарурлиги ёритилади.

 Нимаси қизиқарли?

Ўйин-кулги индустрияси оккультизм билан боғлиқ мавзуларга катта эътибор қаратиб, уни фильм, кўрсатув, видеоўйин ва китобларнинг асосий қисми қилиб кўрсатмоқда. Бу туфайли кўпгина ёшлар астрология, жин, вампир ва жодугарлар билан қизиқиб қолмоқда. Нега? Бунинг сабаби қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • қизиқувчанлик. Руҳий мавжудотлар, жин-ажиналар чиндан ҳам бормикин, деб қизиқиш;

  • хавотирланиш. Келажакни билишга интилиш;

  • боғланиш. Ҳаётдан кўз юмган яқинлари билан гаплашишга ҳаракат қилиш.

Булар ўз-ўзидан ёмон бўлмаслиги мумкин. Масалан, ҳаётдан кўз юмган яқинимизнинг келажаги билан қизиқишимиз ёки уни соғинишимиз табиий. Аммо сиз огоҳ бўлишингиз керак бўлган баъзи хавф-хатар бор.

 Нега эҳтиёт бўлиш керак?

Муқаддас Китобда сеҳр-жоду билан боғлиқ ҳар қандай нарсадан қочиш борасида жиддий огоҳлантирув бор. Масалан, у ерда шундай дейилган:

«Орангизда... фолбин, сеҳр-жоду билан шуғулланувчи, белгиларга қараб фол очувчи, сеҳргар, иссиқ-совуқ қилувчи, арвоҳ чақирувчи билан маслаҳатлашадиган, фолбин ёки ўликларга мурожаат қилувчи бўлмасин. Чунки бундай нарсалар билан шуғулланадиган ҳар қандай киши Яҳова учун жирканчдир». (Қонунлар 18:10–12)

Нима сабабдан Муқаддас Китобда бундай жиддий огоҳлантирув бор?

  • Сеҳр-жоду билан боғлиқ ишларга аралашсак, жинларни қўллаб-қувватлаган бўламиз. Муқаддас Китобга кўра, баъзи фаришталар Худога қарши чиқиб, Унинг душманларига айланган. (Ибтидо 6:2; Яҳудо 6) Бу ёвуз фаришталар жинлар деб аталади ва улар арвоҳ чақирувчи, келажакни башорат қилувчи, фолбинлик ва мунажжимлик билан шуғулланувчилар орқали одамларни йўлдан адаштирмоқда. Бундай ишлар билан шуғулланиб, Худонинг душманига айланамиз.

  • Сеҳр-жоду муайян одамлар келажакни олдиндан айта олади деган ёлғон ғояни олға суради. Аммо фақатгина Худо «охирида нима бўлишини бошидан, ҳали юз бермаган нарсаларни олдиндан айта» олади. (Ишаё 46:10; Ёқуб 4:13, 14)

  • Сеҳр-жоду ўлганлар тириклар билан мулоқот қила олади деган ёлғон ғояни олға суради. Лекин Худонинг Каломида қуйидагича ёзилган: «Ўлганлар эса ҳеч нарсани билмайди. [...] Қабрда на иш, на режа, на билим, на донолик бор». (Воиз 9:5, 10)

Шу боис, Яҳованинг Шоҳидлари сеҳр-жоду билан боғлиқ одатлардан қочади. Шунингдек, улар зомби, вампир ва ғайритабиий ўйин-кулги турларидан йироқлашади. Ёши 21 да бўлган Мария шундай деди: «Агар у сеҳр-жоду билан боғлиқ бўлса, мен уни томоша қилмаслигим керак» a.

Жиноятчи ўзини бошқа киши сифатида кўрсатиб, сизни алдашга уринганидай, жинлар ҳам ўзларини ҳаётдан кўз юмган яқинларингиздай кўрсатади

 Нима қила оласиз?

  • Оккультизм билан боғлиқ ҳар қандай одат ёки ўйин-кулгидан қочиб, Яҳованинг олдида виждонингизни тоза сақлашга интилиш қарорингиз қатъий бўлсин. (Ҳаворийлар 24:16)

  • Оккультизм билан боғлиқ ҳар қандай нарсангиздан қутулинг. Ҳаворийлар 19:19, 20 ни ўқиб, биринчи асрдаги масиҳийлар бу борада қандай ўрнак қолдирганига эътибор беринг.

Унутмангки, оккультизм билан боғлиқ одат ва ўйин-кулги турларидан қочиб, Яҳованинг тарафини эгаллаган бўласиз. Бу эса, Унинг қалбини қувонтиради! (Ҳикматлар 27:11)

a Бу ўйлаб топилган ҳикояларнинг барчаси ҳам тўғридан-тўғри сеҳр-жоду билан боғлиқ дегани эмас. Аммо масиҳийлар Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждони ёрдамида сеҳр-жоду билан боғлиқ ҳар қандай одат ёки ўйин-кулги туридан йироқлашади. (2 Коринфликларга 6:17; Ибронийларга 5:14)