Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Нега оммавий ахборот воситаларининг қолипини рад этиш керак? 2-қисм. Ўғил болалар учун

Нега оммавий ахборот воситаларининг қолипини рад этиш керак? 2-қисм. Ўғил болалар учун

 Оммавий ахборот воситаларининг қолипи нима дегани?

 Қуйидаги сўзларга диққат қаратинг, кейин пастда келтирилган саволларга жавоб беринг:

1-қатор

2-қатор

Исёнкор

Одоб-ахлоқли

Худбин

Садоқатли

Бераҳм

Ҳамдард

Эринчоқ

Тиришқоқ

Ўйламай иш қиладиган

Масъулиятли

Айёр

Ростгўй

  1.   Кино, телевидение ёки журналларда кўрсатиладиган ўсмир йигитларни таърифлаш учун қайси сўзлар мос келади.

  2.   Сизни қайси сўзлар билан таърифлашларини хоҳлардингиз?

 Эҳтимол, биринчи саволга жавоб бериш учун 1-қатордаги, иккинчи саволга жавоб бериш учун эса 2-қатордаги сўзларни танладингиз. Агар шундай бўлса, бу яхши. Нега деганда, оммавий ахборот воситаларида кўрсатиладиган эркаклар сизнинг чинакам шахсиятингизни акс эттирмайди. Сиз оммавий ахборот воситаларидаги (ОАВ) қолипларга тақлид қилмаслигингиз керак. Келинг, сабабини кўриб чиқамиз.

  •  Кўпинча ОАВда эркаклар зўравон ва исёнкор қилиб кўрсатилади. Бир китобда айтилишича, телевидение, кино ва спорт соҳасидаги энг машҳур эркак қаҳрамонлар «жисмонан кучли ва тажовузкор бўлади... Бундан хулоса шуки, бераҳм ва исёнкор бўлиш бу зўр бўлиш дегани». («Why Boys Don’t Talk —and Why It Matters»)

     Ўйлаб кўринг. Тажовузкор бўлиш сизга яхшироқ дўст, ҳамкор ёки эр бўлишга ёрдам берадими? Жаҳлингизни чиқаришганида ғазабингизни сочиш учун кўпроқ куч талаб қилинадими ёки уни назорат қилиш учунми? Қайси бири сиз ҳақиқий эркак эканингизни исботлайди?

    Муқаддас Китобда нима дейилган: «Ғазабини тийган қудратли кишидан яхшироқ, ўзини тута билган эса шаҳарни забт этгандан аълороқ». (Ҳикматлар 16:32)

     

  •  ОАВда йигитлар фақатгина жинсий муносабатлар ҳақида ўйлайдиган қилиб кўрсатилади. 17 ёшли Грисс шундай деди: «Киноларда ва телевидениеда йигитлар юрадиган қизларини кийимларидан ҳам тез-тез алмаштиради». 18 ёшли Герри эса: «Оммавий ахборот воситаларидаги йигитлар фақатгина жинсий муносабатлар тўғрисида ўйлайди,— деб бўлишди. — Масалан, баъзи фильмларда йигитнинг ҳаётдаги мақсади ўйнаб кулиш, ичиш ва жинсий муносабатда бўлиш».

     Ўйлаб кўринг. Сиз чиндан ҳам шундай қолип остида шаклланишни истайсизми? Ҳақиқий эркак аёлларга жинсий алоқа қиладиган буюм сифатида қарайдими ёки уларга ҳурмат ила муомала қиладими?

     Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳар бирингиз ўз баданингизни муқаддас ва шарафли тарзда бошқара билинг. ...Очкўзлик билан тийиқсиз шаҳвоний ҳирсга берилманглар». (1 Салоникаликларга 4:4, 5)

  •  ОАВда ўғил болалар масъулиятсиз қилиб кўрсатилади. Кўпгина машҳур киноларда ёки телешоуларда кўпинча ўсмир болалар эринчоқ бўлади ва ҳеч нарса қилишни билмайди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам баъзи ёши катталар болаларнинг қобилиятига унча ишонмайди. Юқорида тилга олинган Герри шундай деди: «16 ёшга тўлганимда иш топиш қийин бўлди. Чунки мен яшайдиган ҳудудда бизнес билан шуғулланадиганлар фақатгина аёлларни ишга олишни хоҳларди. Уларнинг фикрича, ҳамма ўсмир ўғил болалар масъулиятсиз ёки ишончсиз эди».

     Ўйлаб кўринг. Ўсмир болалар чиндан ҳам масъулиятсиз ва ишончсизми? Сиз бундай эмаслигингизни қандай кўрсата оласиз?

     Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳеч ким сени ёш деб камситмасин. Аксинча нутқда, хулқ-атворда, севгида, имонда ва покликда ишончли кишиларга ўрнак бўлгин». (1 Тимўтийга 4:12)

 Нимани билишингиз керак?

  •  ОАВ сизга кучли таъсир қилиши мумкин. Масалан, оммавий ахборот воситалари машҳур бўлиш учун урфга кирган кийимларни кийишингингиз керак деган таассурот қолдириши мумкин. 17 ёшли Колин шундай деди: «Рекламаларда йигитлар қандай кийиниши кераклиги ва қизлар уларга осилиб олгани кўрсатилади. Бу туфайли одам ўша кийимларни харид қилишни истайди. Ўзим ҳам бир неча марта шундай қилганман».

     Ўйлаб кўринг. Кийиниш тарзингиз аслида ким эканингизни кўрсатяптими ёки бошқаларнинг ортидан эргашаётганингизними? Моданинг орқасидан қувганингизда бундан аслида ким фойда кўради?

     Муқаддас Китобда нима дейилган: «Ушбу замонга уйғунлашманглар». (Римликларга 12:2)

  •  Образларга тақлид қилсангиз қизларга камроқ ёқасиз. Уларнинг баъзилари нима деганига эътибор беринг.

    •  «Мен ишончсиз ва бошқаларда таассурот қолдиришга ҳаракат қиладиганлардан кўра ўзини табиий тутадиган йигитни танлаган бўлардим. Аслида доим бошқаларда таассурот қолдиришга уринадиган болалар кулгили кўринади». (Анна)

    •  «Рекламачилар ўғил болалар қизларни жалб қилиши учун маълум бир гаджетларга ёки ташқи кўринишга эга бўлиши керакдек кўрсатади. Аммо қизлар улғаяр экан, буларга эмас, балки эркак кишининг фазилатларига эътибор қаратади ва бошқаларга қандай муносабат қилишини кузатади. Масалан, қизларга ростгўй ва содиқ йигитлар ёқади». (Даниелла)

    •  «Кўпинча келишган йигит мағрур бўлади. Мен бундай одамнинг олдида бўлишни истамасдим. Дунёдаги энг чиройли йигит бўлса ҳам шахсияти ташқи кўринишига мос келмаса, хунук кўринади». (Диана)

     Ўйлаб кўринг. Муқаддас китобда ҳали бола бўлган Шомуил ҳақида шундай дейилган: «Ёш Шомуил эса ўсиб-улғаяр, Яҳованинг ҳамда одамларнинг илтифотига сазовор бўларди». (1 Шоҳлар 2:26) Бундай номга эга бўлиш учун қайси фазилатлар устида ишлашингиз керак?

     Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Мард... бўлинглар». (1 Коринфликларга 16:13)

 Нима қилишингиз керак?

  •   Қолипни таҳлил қилинг. «Зеро дунёдаги бор нарса — тана нафси, ҳирсли кўзлар ва ўз мол-мулки билан мақтаниш Отадан эмас, бу дунёдандир». (1 Юҳанно 2:16)

     Оммавий ахборот воситалари бундай нарсалардан фойда кўради ва уларни оддий ҳолдек кўрсатади. Шунинг учун ОАВда кўрганларингизни таҳлил қилишни ўрганинг. Маркетологлар одатда уларни шунчаки пул ишлаш учун ўйлаб топади.

  •   Шахсий фикрингизга эга бўлинг. Оммавий ахборот воситаларида олға сурилаётган эмас, балки Муқаддас Китобда айтилган: «Яратувчининг тасвирига кўра аниқ билим орқали янгиланиб бораётган янги ўзликни» кийиб олинг. (Колосаликларга 3:10)

     Бу маслаҳатга амал қилиш учун мақоланинг бошида айтиб ўтилганлар ҳақида ўйлаб кўринг. Ахир сиз шундай номга эга бўлишни истайсиз-ку! Ўша фазилатларга эга бўлиш ёки уларни ривожлантириш учун ҳозирдан ишга киришинг.

  •   Ижобий кишиларнинг мисолларини топинг. «Доно билан юрган доно бўлади». (Ҳикматлар 13:20) Ҳаётингизда кимлар доно эканини кўрсатган? Эҳтимол, булар қаторига дадангиз, тоға ё амакингиз, дўстларингиз ёки танишларингиз кирар. Яҳова Шоҳидларининг жамоатида намуна бўла оладиган кўпгина эркак кишилар бор. Муқаддас Китобнинг ўзида ҳам ёшлар тақлид қила оладиган ижобий ўрнаклар, жумладан, Титуснинг мисоли бор. (Титусга 2:6–8)

     Тавсия. «Имонларига эргашинглар» туркумида Муқаддас Китобдаги Ҳобил, Нуҳ, Иброҳим, Шомуил, Илёс, Юнус, Юсуф ва Бутрус каби ажойиб ўрнак қолдирган эркак кишиларнинг мисолини кўриб чиқишингиз мумкин.