ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Ота-онам билан улар ўрнатган қонун-қоидалар ҳақида қандай гаплашишим мумкин?
«15 ёшда бўлганимда ота-онам мен учун қонун-қоидалар ўрнатиши ўринли эди, аммо энди мен 19 га кирдим ва менга кўпроқ эркинлик берилиши керак, деб ўйлайман». (Сильвия)
Сиз ҳам ўзингизни Сильвия каби ҳис қиляпсизми? Агар шундай бўлса, ушбу мақола сизга ота-онангиз билан бу масалани ҳал қилишга ёрдам беради.
Нимани билишингиз керак?
Ота-онангиз билан улар ўрнатган қонун-қоидалар ҳақида суҳбатлашишдан олдин қуйидагиларни кўриб чиқинг:
Қонун-қоидаларсиз ҳаёт тартибсиз бўларди. Тирбанд катта йўлни тасаввур қилинг. Бу йўлда йўл ҳаракати белгилари, светофор ва тезлик чегаралари бўлмаса-чи? Йўлдаги қонун-қоидаларга ўхшаб уйдаги қонун-қоидалар ҳам тартиб сақланишига ҳисса қўшади.
Қонун-қоидалар — ота-онангиз сиз ҳақингизда ғамхўрлик қилаётганининг исботидир. Борди-ю, ота-онангиз умуман қоидалар ўрнатмаса, бу улар сиз билан қизиқмаётганини кўрсатарди. Шунда уларни ғамхўр ота-она деса бўлармиди?
БИЛАСИЗМИ? Ота-онангиз ҳам қоидаларга риоя қилади. Агар шубҳалансангиз, Ибтидо 2:24; Қонунлар 6:6, 7; Эфесликларга 6:4 ва 1 Тимўтийга 5:8 ни ўқиб кўринг.
Ота-онангиз ўрнатган қонун-қоидаларни ҳалиям ўринсиз, деб биляпсизми?
Қандай йўл тутишингиз мумкин?
Аввал ўйлаб кўринг. Ота-онангиз ўрнатган қонун-қоидаларга доимо амал қилиб келганмисиз? Агар «йўқ» десангиз, демак, ҳозир кўпроқ эркинликка эга бўлиш ҳақида сўрашнинг вақти эмасдир. Ундан кўра «Ота-онамнинг ишончини қай йўсин қозона оламан?» номли мақолани ўқиб кўринг.
Лекин, умуман олганда, уларнинг қоидаларига риоя қилган бўлсангиз, унда ота-онангизга нималар демоқчи эканингизни олдиндан ўйлаб қўйинг. Фикрларингизни олдиндан ёзиб қўйинг, шунда талабларингиз қанчалик оқилона эканига баҳо бера оласиз. Кейин эса ота-онангиз билан бу ҳақда қачон ва қаерда гаплашиш қулайроқ эканини келишиб олинг. Улар билан гаплашганингизда эса қуйидагиларни ёдда тутинг:
Ҳурмат ила гапиринг. Муқаддас Китобда: «Қаттиқ сўз... жаҳлни чиқаради»,— деб ёзилган. (Ҳикматлар 15:1) Буни ўзингизга эслатиб туринг. Агар ота-онангиз билан баҳслашсангиз ёки уларни ноҳақ эканида айбласангиз, суҳбатингиз жанжалга айланади-қолади.
«Ота-онамга кўпроқ ҳурматни намоён этсам, улар жавобан менга ҳам кўпроқ ҳурмат намоён этишади. Ўзаро ҳурмат бор бўлганда, муросага келиш осонроқ кечади». (19 ёшли Бьянка)
Тингланг. Муқаддас Китобда: «Ҳар бир киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга... эса шошилмасин»,— деб айтилган. (Ёқуб 1:19) Шуни ёдда тутингки, сиз ота-онангиз билан суҳбатлашяпсиз. Бу дегани, сиздан нафақат гапириш, балки ота-онангизни тинглаш ҳам кутилади.
«Катта бўлганимиз сайин ота-онамиздан кўра кўпроқ нарсани биламиз, деб ўйлай бошлашимиз мумкин. Аслида эса бундай эмас. Уларнинг маслаҳатларига ва панд-насиҳатларига қулоқ солсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз». (20 ёшли Девен)
Ўзингизни ота-онангиз ўрнига қўйиб кўринг. Вазиятга ота-онангизнинг кўзлари билан қараб кўришга ҳаракат қилинг. Аллоҳ Каломидаги «нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар», деган маслаҳатга амал қилинг. (Филиппиликларга 2:4)
«Мен ота-онамга ҳамкор эмас, душман сифатида қарардим. Энди эса тушундимки, мен қанчалик яхши фарзанд бўлишга интилган бўлсам, улар ҳам шунчалик яхши ота-она бўлишга интилишганди. Улар ҳаммасини мени қаттиқ севишгани ва мен ҳақимда қайғуришгани учун қилишган». (21 ёшли Жошуа)
Таклифлар билдиринг. Тасаввур қилинг, сиз бир ўтиришга бормоқчисиз. Аммо у ерга бориш учун бир соат талаб этилади, ота-онангиз эса боришингизга рухсат бермаяпти. Уларни нима ташвишга солаётганини аниқланг: узоқ манзилга бир ўзингиз ҳайдаб боришингизми ё ўтиришми?
Улар узоқ манзилга бир ўзингиз ҳайдаб боришингиздан ташвишланишяпти, деб фараз қилайлик. Агарда машинани яхши ҳайдайдиган дўстингиз билан борсангиз, улар фикрини ўзгартиришадими?
Ота-онангиз ўтиришнинг ўзига қарши дейлик. Кимлар таклиф қилинганини ва ким барчасига бош-қош эканини айтсангиз, улар сизга рухсат беришадими?
Ота-онангиз билан ҳурмат ила гаплашинг ва улар нима демоқчи эканини сабр ила тингланг. «Ота-онангизни ҳурмат қилаётганингиз» сўзлару хулқ-атворингизда кўриниб турсин. (Эфесликларга 6:2, 3) Балки бу иш берар, балки бермас. Нима бўлганда ҳам, сиз яна битта нарса қилишингиз керак.
Ота-онангизнинг қарорини тайёрлик ила қабул қилинг. Бу жудаям муҳим қадам, лекин уни одатда эътиборга олишмайди. Агар ота-онангиз рози бўлмаса ва улар билан баҳслашишга тушсангиз, кейинги сафар сизга кўпроқ эркинлик берилиши амримаҳол. Бошқа томондан, уларнинг қарорини бажонидил қабул қилсангиз, келажакда улар сизга, эҳтимол, кўпроқ эркинлик беришлари мумкин.