Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Спиртли ичимликлар ҳақида нимани билишим керак?

Спиртли ичимликлар ҳақида нимани билишим керак?

Агар қонун йўл қўйса, Муқаддас Китоб спиртли ичимликларни меъёрида истеъмол қилишни ман қилмайди. Аммо Худонинг Каломида ичкиликбозлик ман қилинган. (Забур 104:15; 1 Коринфликларга 6:10)

Хўш, ота-онангиз ичишга рухсат бермаса-ю, сиз эса бундай босимга дуч келсангиз, қандай йўл тутасиз?

 Оқибатини ўйланг

Эҳтимол, баъзи тенгдошларингиз спиртли ичкиликсиз маза қилиш қийин, деб ўйлар. Аммо ичкиликдан кейин нима бўлади?

  • Юридик муаммолар. Қаерда яшашингизга қараб, ноқонуний бўла туриб, спиртли ичимликларни истеъмол қилсангиз, жаримага тортилишингиз, жиноятда айбланишингиз, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлишингиз, жамоат хизматларига жалб қилинишингиз ёки ҳатто муайян вақтга қамоққа тушишингиз мумкин. (Римликларга 13:3)

  • Обрўйингизга доғ тушади. Спиртли ичимлик маст қилади. Унинг таъсири остида бирон нима айтишингиз ёки нимадир қилишингиз ва кейинчалик афсусланишингиз мумкин. (Ҳикматлар 23:31–33) Ҳозир ижтимоий тармоқлар асри экан, ҳаракатларингиз обрўйингизга узоқ вақтга доғ тушириши ҳеч гап эмас.

  • Заиф қилади. Спиртли ичимликлар туфайли осонгина можарога ёки жинсий ахлоқсизликка аралашиб қолишингиз мумкин. Бунинг устига, ичкиликнинг таъсири остида бошқалар бурнингиздан ип ўтказиб олиши мумкин. Бу эса, бошқа хавфли вазиятга ёки қонунбузарликка сабаб бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

  • Ўрганиб қоласиз. Баъзи изланишларга кўра, спиртли ичимлик истеъмол қилишни қанча эрта бошласангиз, унга ўрганиб қолиш эҳтимоли шунча юқори. Стрессни енгиш, ёлғизликдан қутулиш ва кайфиятни кўтариш учун ичкилик ичиб ўрганиб қоласиз ва бундан қутулиш қийинроқ бўлиб бораверади.

  • Ўлим. Ўтган йили ичкилик ичиб машина ҳайдаш туфайли Қўшма Штатларда ҳар 52 дақиқада битта одам ҳаётдан кўз юмди. Беш йил ичида ҳар йили 21 ёшда бўлган 1 500 дан зиёд одам спиртли ичимликлар ичгани дастидан автоҳалокатга учради. Сиз ҳали спиртли ичимлик ичмаган бўлсангиз-да, уни истеъмол қилиб келаётган одамнинг таклифини қабул қилиб, ўзингизни хавф остига қўясиз.

 Қарор қилинг

Қандай йўл тутишни олдиндан аниқлаб олсангиз, ичкиликни ноўрин истеъмол қилишнинг хавфли ва қимматга тушадиган оқибатларидан қоча оласиз.

Муқаддас Китобдаги принцип: «Заковатли инсон хавфни кўриб яширинади». (Ҳикматлар 22:3) Транспорт ҳайдашдан ёки бутун диққатни талаб қиладиган бошқа ҳар қандай ишга киришишдан олдин спиртли ичимликларни истеъмол қилиш доноликдан бўлмайди.

Қарор: «Қонунан ҳамда вазият ўринли бўлмагунча, спиртли ичимликларни истеъмол қилмайман».

Муқаддас Китобдаги принцип: «Кимга қул сифатида итоат этсангиз, ўшанинг қулисиз». (Римликларга 6:16) Тенгдошларингиз ичгани учунгина сиз ҳам бундай йўл тутсангиз, бошқалар сизни бошқаришига йўл қўйган бўласиз. Зерикканингиз ёки стрессга дуч келганингиз туфайли спиртли ичимликларни қабул қилсангиз, муаммоларингизни ҳал қилишга ёрдам берадиган қобилиятларни ривожлантира олмайсиз.

Қарор: «Тенгдошларим ичишга мажбурлашига йўл қўймайман».

Муқаддас Китобдаги принцип: «Шаробга ружу қўйганларга... қўшилма». (Ҳикматлар 23:20) Ёмон мулоқот қарорингизни сусайтириши мумкин. Спиртли ичимликларни суиистеъмол қиладиганлар билан дўстлашиб, ўзингизни хавф остига қўясиз.

Қарор: «Ичкиликни суиистеъмол қиладиганлар билан яқин мулоқот қилмайман».