Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Сувга чўмишим керакми? 1-қисм. Сувга чўмишнинг маъноси

Сувга чўмишим керакми? 1-қисм. Сувга чўмишнинг маъноси

 Яҳова Шоҳидларининг оилаларида улғаётган кўп ёшлар ҳар йили сувга чўмади. Сиз ҳам бу борада ўйлаяпсизми? Ундай бўлса, биринчидан бағишланиш ва сувга чўмиш нимани англатишини тушунишингиз лозим.

 Сувга чўмиш нимани англатади?

 Муқаддас Китобдан билиб олаётганимиздай, одам сувга чўмганда, шунчаки устига сув сачратиб қўйилмайди, балки сув ичига тўлиқ киради. Бу жараён жуда муҳим.

  •   Сувга чўмаётганингизда, энди фақат ўзингизга ёқадиган нарсалар қилиб яшамоқчи эмаслигингизни намоён этасиз.

  •   Сувга чўмиб чиқаётганингизда эса, бу ондан бошлаб янги ҳаётга қадам қўйганингизни ва энди Аллоҳга маъқул келадиган ишларни қилиш сиз учун биринчи навбатда эканини кўрсатасиз.

 Сувга чўмиш билан ҳамманинг кўз олдида Яҳова сизга нима тўғри ва нима нотўғри эканини айтишга ҳаққи борлигини тан олаётганингизни кўрсатасиз. Қолаверса, Яҳовага барчанинг олдида — Унинг фикри истакларингиздан муҳимроқ экани борасида ваъда берганингизни тасдиқлайсиз.

 Ўйлаб кўринг: нега Яҳовага итоатли бўлиб яшашга ваъда берганингизни ҳамманинг кўз олдида тасдиқлашингиз керак? (1 Юҳанно 4:19 ҳамда Ваҳий 4:11 га қаранг.)

 Бағишланиш бу нима?

 Сувга чўмишдан аввал Яҳовага ўзингизни бағишлашингиз керак. Хўш, буни қандай қила оласиз?

 Шахсан ўзингиз Яҳовага ибодат қилиб, Унга тоабад хизмат қилишингиз ва бошқалар қандай йўл тутишидан қатъи назар ҳар қандай вазиятда У хоҳлаганидай йўл тутишингиз ҳақида ваъда берасиз.

 Сувга чўмганда эса ўзингизни Худога бағишлаганингизни намоён этасиз. Бу билан бошқаларга ҳаётингизни Яҳованинг қўлига топширганингизни ва энди Унга тегишли эканингизни кўрсатасиз. (Матто 16:24)

 Ўйлаб кўринг: Яҳовага тегишли бўлсангиз нега ҳаётингиз янада кўпроқ яхшиланади? (Ишаё 48:17, 18 ҳамда Ибронийларга 11:6 га қаранг.)

 Нега сувга чўмиш муҳим?

 Исо Масиҳ сувга чўмиш унинг шогирди бўлишни истаганлар учун талаб эканини айтган. (Матто 28:19, 20) Ҳозир ҳам сувга чўмиш барча масиҳийлар учун талабдир. Дарҳақиқат, Каломда ёзилганидай, бу омон қолишимиз учун ҳам зарур. (1 Бутрус 3:21)

 Аммо сувга чўмиш ниятингиз Яҳовага бўлган севги ва миннатдорчиликдан иборат бўлиши даркор. Нуқтаи назарингиз қуйидаги сўзларни ёзган сано бастакориникига ўхшаши лозим: «Яҳованинг менга қилган яхшиликларини қандай қайтараман?... Яҳованинг исмини айтиб чақираман. Яҳовага ичган қасамларимни... бажараман». (Забур 116:12–14)

 Ўйлаб кўринг: Яҳова сиз учун қандай яхшиликлар қилди ва бунинг учун Унга қай йўсин миннатдорчилик билдира оласиз? (Қонунлар 10:12, 13 ҳамда Римликларга 12:1 га қаранг.)