ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Нега тўйиб ухлаш фойдали?
Математикани яхши тушунмаётган бўлсангиз, ундан ҳам кўпроқ ўрганишим керак деб ўйларсиз. Жисмоний машқлар масаласида ҳам ишлар юришмаётган бўлса, кўпроқ шуғулланишим лозим деган фикрга бораётгандирсиз. Лекин бу борада муваффақиятли бўлишни истасангиз шунчаки тўйиб ухлашнинг ўзи етарли бўлар. Келинг, баъзи фикрларга эътибор қаратамиз.
Нега ухлашингиз керак?
Мутахассисларнинг айтишича, ўсмирлар кунига 8–10 соат ухлаши керак. Нега етарлича ухлаш муҳим?
-
Миянгиз фаолияти яхшиланади. Уйқу «мия учун озуқа» дейишади. У сизга ўқиш ва спортда кўмаклашади. У туфайли муаммоларни ҳал қилиш қобилиятингизни ҳам яхшилай оласиз.
-
Кайфиятингизу муносабатингиз яхшиланади. Уйқуга тўймаслик кайфиятнинг тез-тез ўзгаришига, тушкунлик ва ғамгинликка етаклаб, бошқалар билан муносабатлар бузилишига олиб келади.
-
Машинани ҳушёрроқ бўлиб ҳайдайсиз. Қўшма Штатларда ўтказилган тадқиқотга кўра, ёши 40 дан 59 гача бўлган ҳайдовчиларга қараганда 16 дан 24 ёшгача бўлган ҳайдовчилар мудраб қолгани туфайли тахминан икки мартага кўпроқ фожиаларга дуч келишган.
-
Соғлик яхшиланади. Уйқу туфайли танангиздаги турли ҳужайра, тўқималару қон томирлари тўғри фаолият юритиб, тикланади. Тўйиб ухласангиз, семириш, қандли диабет касаллиги ва юрак хуружининг олдини олишингиз мумкин.
Вақтида ухлашга нима халақит қиляпти?
Санаб ўтилган фойдали томонларга қарамай, кўп ўсмирлар етарлича ухламайди. Масалан, 16 ёшли Элейн шундай деди:
«Мактабда ўқитувчимиз соат нечада ётишимизни сўради. Синфдошларимнинг аксарияти тунда соат иккида, баъзилари соат бешларда деди. Фақат битта синфдошим тўққиз яримда ётишини айтди».
Етарлича ухлашга сизга нима тўсқинлик қиляпти?
Дўстлар билан мулоқот. «Айниқса дўстлар билан бўлганда, ярим тунгача ўтириб, қанча вақт ўтганини ҳам билмай қоласиз». (Памела)
Вазифалар. «Ухлашни яхши кўраман, аммо режаларим кўп бўлгани учун етарлича ухлай олмайман». (Анна)
Электрон қурилмалар. «Телефоним дастидан уйқуга тўймаяпман. Ҳатто ётганимда ҳам усиз тура олмайман». (Аниса)
Уйқуга тўйиш учун нима қилсангиз бўлади?
-
Уйқуга нисбатан нуқтаи назарингизни текширинг. Воиз 4:6 да шундай дейилган: «Бир ҳовуч ором, икки ҳовуч заҳмат ва шамол ортидан қувишдан яхшироқдир». Уйқу кераксиз нарса эмас, заруратдир. Ухламаслик ишингизнинг сифатига таъсир қилади, ҳатто дам олишингиз ҳам хурсандчилик келтирмайди.
-
Тўйиб ухлашга нима халақит қилаётганини аниқланг. Масалан, дўстлар билан кечгача ўтириб қолмаяпсизми? Уй вазифалари ҳамда юмушларингиз ҳаддан ташқари кўп бўлганидан уйқуга тўймаяпсизми? Телефон туфайли кеч ётяпсизми ёки уни деб тунда уйғоняпсизми?
Ўйлаб кўринг: халақит қилаётган тўсиқни енгиш учун ҳаракат талаб қилинади, лекин натижаси бунга арзийди. Ҳикматлар 21:5 да: «Тиришқоқнинг режалари муваффақият келтиради»,— дейилган.
Албатта, бир кишига ёрдам берган нарса, бошқасига ёрдам бермаслиги мумкин. Мисол учун, кимдир кундузи мизғиб олса, туни билан яхши ухлайди. Аммо бошқасига бу умуман тўғри келмаслиги мумкин. Айнан сиз учун нима яхшироқ эканини аниқланг. Қуйидаги маслаҳатлар сизга қўл келиши мумкин:
-
Ухлашга тайёрланинг. Ётишдан аввал уйқуга тайёрланишни бошласангиз, тезроқ ухлаб қоласиз.
«Ҳамма ишларимни эртароқ тугатиб қўйсам, ухлашдан олдин улар борасида хавотирланмайман». (Мария)
-
Ўзингизни назорат қилинг. Сизни вазият эмас, сиз уни назорат қилсангиз етарлича ухлай оласиз.
«Мен кечаси камида саккиз соат ухлашим керак. Одатдагидан эртароқ туришимга тўғри келса, эртароқ ухлашга ҳаракат қиламан». (Винсент)
-
Мунтазам бўлинг. Танангизнинг биологик соати тўғри ишлаши учун уни тўғри ўргатишингиз керак. Мутахассисларнинг айтишича, ҳар куни ўша-ўша вақтда ухлаб, уйғониш керак. Бу маслаҳатга бир ой давомида амал қилиб кўринг, шунда ўзингизни яхшироқ ҳис қила бошлаганингизни сезасиз.
«Агар ҳар куни бир вақтда ётсангиз, эртаси куни ўзингизни тетиккина ҳис этасиз. Ҳамма ишингизни хамирдан қил суғургандай ҳал қиласиз». (Жаред)
-
Мулоқот масаласида мувозанатли бўлинг. Муқаддас Китобга кўра, «ҳар нарсада меъёрини биладиган» бўлишимиз даркор. Бу бўш вақтимизга ҳам тегишли. (1 Тимўтийга 3:2, 11)
«Оқшомлари дўстларим билан мулоқот қиладиган вақтни чегаралаб қўйдим. Агар вақтни чегараламаса, ниманидир қурбон қилишга тўғри келади, одатда бу уйқу». (Ребекка)
-
Телефонингиз ҳам «ухласин»! Ухлашдан камида бир соат олдин, Интернетга кириш ёки дўстларингизга смс юбориш васвасасига қарши туринг. Баъзи мутахассисларнинг огоҳлантиришича, телефон, телевизор ёки планшетнинг ёруғлиги ухлашга халақит беради.
«Одамлар сиз ҳафта мобайнида 24 соат алоқада бўлишингизни истайди. Бироқ уйқуга тўйиш учун, телефонни четга суриб қўйиш керак». (Юлисса)