ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Қандай қилиб тўғри овқатланиш одатини ривожлантирсам бўлади?
Нотўғри овқатланиш соғлигингизга зарар етказишини билсангиз керак. Ёшлигидан носоғлом овқатларни тановул қилган киши катта бўлганида ҳам бу одатини давом эттиради. Шундай экан, соғлом овқатланиш одатини ҳозирдан ривожлантирсангиз яхши бўлади.
Тўғри овқатланиш нимани ўз ичига олади?
Муқаддас Китоб бизни ҳар нарсада меъёрни билишга ундамоқда. Бу овқатланиш одатимизни ҳам ўз ичига олади. (1 Тимўтийга 3:11) Ушбу меъёрни ёдда тутган ҳолда, қуйидагиларни билиб қўйганингиз яхши:
Соғлом рационда барча озиқ-овқат гуруҳлари бўлиши керак. Озиқ-овқат маҳсулотларининг бешта гуруҳига сут маҳсулотлари, оқсиллар, мевалар, сабзавотлар ва дон маҳсулотлари киради. Баъзилар озиш мақсадида овқатланиш рационидан у ёки бу маҳсулотларни чиқариб ташлайди. Аммо бундай ёндашув организмингизни фойдали моддалардан маҳрум қилади.
Маслаҳат: Озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида қандай фойдали моддалар борлигини билиш учун изланиш олиб боринг ёки шифокор билан маслаҳатлашинг. Масалан:
Углеводлар сизга куч-қувват беради. Оқсиллар эса организмингиз инфекцияга қарши курашишига ҳамда тўқималар пайдо бўлиши ва тикланишига кўмаклашади. Муайян ёғлар тўғри миқдорда истеъмол қилинса, юрак хасталиклари хавфини камайтиради ва ўзингизни яхши ҳис қилишингизга ҳисса қўшади.
«Рационимда барча озиқ-овқат гуруҳларига оид маҳсулотлар бўлишига ҳаракат қиламан. Шу билан бирга баъзан ширинлик ёки фастфуд ейишнинг ёмон жойи йўқ деб ҳисоблайман. Лекин доим бундай овқатланиш ярамайди. Мувозанатни сақлаш ҳамиша фойда беради». (Бренда)
Тўғри овқатланиш мувозанатли бўлишни ўз ичига олади. Бунга етарлича овқатланмаслик, оч ҳолатда юриб кейин кўп овқат ейиш, егингиз келаётган нарсадан ўзингизни маҳрум этиш кирмайди.
Маслаҳат: Бир ой давомида нималарни истеъмол қилаётганингизга эътибор беринг. Юқорида санаб ўтилган носоғлом одатларга қанчалик тез-тез қайтаяпсиз? Тўғри овқатланиш учун қандай ўзгаришлар қилишингиз керак?
«Илгари бир неча кун юқори калорияли овқат тановул қилсам, бошқа кунлари кам калорияли парҳезда ўтирардим. Охири калорияларни ҳисобламасликка қарор қилдим. Кўп еб қўймаслик учун тўқликни ҳис қилишим билан дастурхондан туриб кетардим. Бунга вақт керак бўлди, аммо ҳозир тўғри овқатланишга ўргандим». (Хейли)
Тўғри овқатланиш одатига қандай амал қилсам бўлади?
Олдиндан ўйланг. Муқаддас Китобда: «Тиришқоқнинг режалари муваффақият келтиради»,— деб айтилган. (Ҳикматлар 21:5) Агар соғлом овқатланиш одатини ривожлантирмоқчи бўлсангиз, соғлом овқатларни истеъмол қилишни олдиндан режалаштиришингиз зарур.
«Тўғри овқатланишда режалаштириш муҳим роль ўйнайди. Кўпинча соғлом овқатни уйда тайёрлашга тўғри келади. Гарчи бу осон бўлмаса-да, натижаси бунга арзийди. Боз устига пулингизни анча тежайсиз». (Томас)
Носоғлом овқатни соғломига алмаштиринг. Муқаддас Китобда доноликдан айрилмаслик ҳақида маслаҳат берилган. (Ҳикматлар 3:21) Донолик ижодий ёндашишга ва айнан сизга мос келадиган овқатланиш тартибини танлашингизга ёрдам беради.
«Ҳар куни овқатланиш рационимдаги носоғлом нарсани соғломига алмаштирадиган бўлдим. Масалан, ширинлик ейишнинг ўрнига битта олма ердим. Тез орада рационимда фақат фойдали озиқ-овқатлар қолди!» (Киа)
Оқилона қоидалар ўрнатинг. Муқаддас Китобда: «Қувонч билан таомингни егин»,— дейилган. (Воиз 9:7) Тўғри овқатланиш еяётган овқатимиздан завқланмасликни ёки оғзингизга кирган ҳар бир луқмани ўйлаб ташвишланишни англатмайди. Агар вазн ташламоқчи бўлсангиз, мақсадингиз соғлом бўлиш эканини унутманг. Ўзингизга қоидалар ўрнатаётганда мулоҳазакор бўлинг.
«Яқинда 14 килограммга оздим. Бу вақт оралиғида рационимдан озиқ-овқат гуруҳларининг ҳеч бирини чиқариб ташламадим, оч ҳолатда юрмадим ёки ширинлик еганим учун ўзимни айбламадим. Вазн ташлаш узоқ давом этадиган жараён эканини ҳамда ҳаёт тарзимни ўзгартиришим кераклигини англаб етдим». (Мелани)